Магистраль тармоқларга узоқ муддат эътибор бермаганмиз – Жўрабек Мирзамаҳмудов (видео)
Жамият
−
11 Декабрь 2025 5720 1 дақиқа
Ўзбекистонда магистрал тармоқлар 2030 йилгача яратиладиган генерация қувватларини қабул қилишга тўлиқ тайёр эмас. Бу ҳақда бугун, 11 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов сўз очди.
Мажлисда Жўрабек Мирзамаҳмудов энергетика тизимида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берган. Депутатлар эса унга магистрал тармоқлар 2030 йилгача яратиладиган генерация қувватларини қабул қилишга қанчалик тайёр экани ҳақида савол билан чиққан.
“Ҳозирги кунда магистраль тармоқлар тўлиқ тайёр эмас. Мана ҳозир 2025 йилнинг ўзида тақсимлаш тармоқларига жуда катта маблағ – 2 триллион ўзлаштирилади. Бир нарсани айтмоқчиманки, магистраль тармоқларга узоқ муддат эътибор бермаганмиз. Чунки худди генерацияга ўхшаб етарли деб юрилган”, дейди вазир.
Унинг айтишича, Президентнинг топшириғи асосида магистраль тармоқларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилган. Унга кўра, 220-500 киловаттли энг юқори кучланишли 5000 км янги тармоқлар қурилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятидаги 1500 МВт қувватли иссиқлик электр станциясида носозлик кузатилгани ва бунинг ортидан айрим ҳудудларда электр таъминотида вақтинча узилишлар кузатилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси