МАГАТЭ миссияси Запорожье АЭСни тарк этди

Олам 2775
image

Бугун, 5 сентябрь куни Халқаро атом энергетикаси агентлиги (МАГАТЭ) миссиясининг асосий қисми Украинанинг Запорожье атом электр станциясини тарк этди. Бу ҳақда ядровий эксперт Ренат Карчаа ТАССга маълум қилди. 

Қайд этилишича, агентлик миссияси Запорожье АЭСда ўз сафарини якунлаган. Бироқ делегациянинг икки вакили доимий асосда станцияда қолган.

Росэнергоатом маълумотларига кўра, станцияни МАГАТЭнинг тўрт нафар мутахассиси тарк этган.

Агентлик бош директори Рафаэль Гроссининг айтишича, миссия вакиллари Запорожье атом электр станциясида исталганча қолиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 30 август куни МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гросси бошчилигидаги миссия Киевга етиб борганди. 31 август куни эрталаб эса МАГАТЭ миссияси карвони Киевдан чиқиб, Энергодардаги ЗАЭС томон йўл олган. 1 сентябрь куни экспертлар ўз ишини бошлаган.

Маълумот ўрнида, Россия март ойи бошида ЗАЭСни эгаллаб олди, шундан кейин украиналик ходимлар станцияда ишлашда давом этди. 5 август куни украин матбуоти руслар ЗАЭСга тўрт марта ўқ узгани ҳақида хабар берди. Сўнгги кунларда электр станцияси мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, бунда Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда. Расмий Москвага кўра, Украина бўлинмалари томонидан Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши ядровий терроризм акти ва бу Чернобилдан ҳам каттароқ фалокатга олиб келиши мумкин.

Запорожье Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Қарийб 6 минг мегаватт қувватга эга ушбу иншоот олтита энергия блокидан иборат. Ҳозирда атом электр станцияси тўлиқ қувватининг 70 фоизида ишлайди.

Фарангиз Салимова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 37
Рейтинг: 2.8
t
×