Маданият вазирлиги Самарқандда архитектура ёдгорлигининг бузилиши бўйича БПдан текширув ўтказишни сўради

Маданият-санъат

image

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги 2010 йилгача давлат ва UNESCO ҳимоясида бўлган Амир Темур кўчаси, 14-уй манзилидаги архитектура ёдгорлиги бузиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Самарқанд шаҳридаги бинонинг бузилишига оид фикрларга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги муносабат билдирди. Вазирлик Самарқанд шаҳар ҳокимиятидан Амир Темур кўчаси, 14-уй бузилиши бўйича тушунтириш беришларини талаб қилиш ниятида. 

“Маданий мерос департаменти экспертлари томонидан ушбу объект 2010 йилда маданий мерос объекти рўйхатидан чиқарилган бўлса ҳам у тарихий қурилиш иншоатиниг бир қисми ҳисобланар эди. Нега Маданият вазирлиги Амир Темур кўчаси, 14-уй объектининг бузилиши, шунингдек у ердаги бузилишлар ҳақидаги суд қароридан хабардор қилинмади?”, дейилади вазирлик муносабатида.

Қайд этилишича, Маданият вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасига 1990-2000-йилларда тарихий объектларни қайси сабабларга биноан рўйхатдан чиқарилганлиги бўйича қуйидаги сўровнома асосида текширув ўтказилиши масаласи бўйича мурожаат қилади:

•    Объектлар нега рўйхатдан чиқарилди?

•    Ушбу хулосалар ким томонидан қабул қилинган?

•    Хулосалар маданият вазирлиги ва вилоят ҳокимиятининг қайси раҳбари томонидан тасдиқланган?

•    Рўйхатдан чиқарилган бошқа объектларнинг тақдири нима бўлган?
 
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси томонидан Маданий мерос департаментининг барча вилоятдаги инспекциялар фаолияти, шу жумладан, Самарқанд вилоят маданий мерос бошқармасининг фаолияти ҳам ўрганилиб, маданий мерос сақланилишига нисбатан бир қанча қонунбузарликлар аниқланган. Маданият вазирлиги ушбу қонунбузарликлар учун барча айбдорлар ва Самарқанд вилояти маданий мерос бўлимидаги алоқадор шахсларнинг мазкур ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига нисбатан жавобгарлик чора-тадбирлари қўлланишини билдирган. Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармаси раҳбари бино бузиб бўлингач, Департаментга хабар берган.

Вазирликнинг таъкидлашича, агар тарихий объектнинг бузилиши Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилган ҳамда Маданият вазирлиги бу жараённи тасдиқламаган бўлса, у ҳолда бузилишга оид масъулиятни шаҳар ҳокимлиги ўз зиммасига олиши ва бунга алоқадор шахслар амалга оширган ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари учун қонунда белгиланган тартибда жазоланиши шарт.

“Самарқанд вилояти Маданий мерос бўлимини бошқариш эксперт кенгашининг барча қарорлари бекор қилинади. Сабаб, Самарқанд вилояти Маданий мерос бўлимини бошқариш эксперт кенгашининг таркиби ҳақидаги зарур ҳужжатлар тақдим қилинмаган ва шу туфайли улар Маданий мерос департаменти, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан тасдиқланмаган; Маданий мерос департаменти ҳузуридаги Илмий-тадқиқот кенгашида мутахассислардан бирининг мажбурий иштирок этиши талаблари бажарилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Самарқанд вилояти ҳокимияти ва Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан ЮНЕСКО ҳудудларига қўйилган барча талаб меъёрларига қатъий амал қилинишини талаб қилади. Айни пайтда Маданият вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил октябрь ойида тасдиқланган маданий мерос объектлари рўйхатига кирган маданий мерос объектларини сақлаб қолишни ўрганибгина қолмай тарихий-маданий аҳамиятга эга, аммо рўйхатга кирмаган объектларни ҳам асраш масаласини ўрганиб чиқмоқда”, дейилади вазирлик муносабатида.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура Маданият вазирлиги

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг