Маданий мерос агентлиги Бобур ҳайкалининг кўчирилиши борасида “тилга кирди”
Жамият
−
19 Ноябрь
7172Аввалроқ, Андижон шаҳрида жойлашган Заҳиридддин Муҳаммад Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига тураржой қуриш режалаштирилгани хабар қилинганди. Ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги муносабат билдирди.
Билдирилишича, Андижон шаҳри Бобур ҳамда Амир Темур кўчалари кесишмасидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур монументал санъат ёдгорлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сонли қарори билан Моддий маданий меросининг кўчмас мулк объектлари Миллий рўйхатига киритилган.
“Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг 8 ноябрида Андижон вилояти Маданий мерос бошқармасига Андижон шаҳар Бобуршоҳ ҳамда Амир Темур кўчалари кесишмасидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур монументал санъат ёдгорлигини Андижон шаҳар А.Фитрат кўчасида жойлашган “Жоме меъморий мажмуаси” архитектура ёдгорлиги ҳудудига кўчирилиши юзасидан мурожаат келиб тушган”, дейилади муносабатда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги 2001 йил 30 августдаги 269-П-сонли қонунининг 20-моддаси 5-бандида “Моддий маданий мерос объектини ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш – моддий маданий мерос объектининг тарихий-бадиий қийматини ва асралишини ўзгартирмасдан унинг тарихий-маданий қимматга эга бўлган унсурларини таъмирлаш асосида ундан ҳозирги замонда фойдаланишга шарт-шароит яратиш мақсадида амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишларини амалга ошириш” белгилаб қўйилган.
“Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил 30 мартдаги 265-сон қарори 6-иловаси 9.5-бандида “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳамда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказишга оид лойиҳаларга Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши томонидан хулоса бериш белгиланган”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, юқоридагилардан келиб чиқиб, бошқарма томонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур монументал санъат ёдгорлигини кўчириш масаласи юзасидан тегишли ташкилотларга Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашидан хулоса олиш учун тушунчалар берилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
19 июндаги ПҚ-5150-сонли Қарорининг 4-бандида:
- соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари жойлашган аҳоли пунктларининг бош режалари Агентлик билан келишилиши мажбурий ҳисобланиши;
- моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида объектларни қуриш, бузиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Агентлик билан мажбурий тартибда келишилиши белгилаб қўйилган.
LiveБарчаси