Лукашенконинг ашаддий душмани 10 йилга қамалди
Олам
−
03 Март 2023
7156Беларусда тинчлик бўйича Нобель мукофоти лауреати Алесь Беляцкий 10 йилга қамалди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 3 март куни Алесь Беляцкий Минск суди томонидан 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. “Весна” инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари бўлган Беляцкий контрабанда ва оммавий тадбирларни ташкил этиш тартибини такроран бузишда айбдор деб топилган.
Шунингдек, Беляцкийнинг ўринбосари Валентин Стефанович, “Весна” ҳуқуқшуноси Владимир Лабкович ва муқаддам судланган инсон ҳуқуқлари маркази аъзоси Дмитрий Соловьев ҳам суд қилинган. Улар мос равишда тўққиз, етти ва саккиз йилга қамалган.
Халқаро ҳамжамият реакцияси
Беляцкий суди жаҳон ҳамжамиятида кенг резонансга сабаб бўлган. Суддан бир кун олдин Human Rights Watch ва яна 20 та халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти судланувчилар билан бир қаторда Беларусда ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган барча ҳуқуқ ҳимоячиларини зудлик билан ва шартсиз равишда озодликка чиқарилишини сўраган.
Шунингдек, Германия ҳукумати ҳам Алесь Беляцкий ва унинг шерикларига чиқарилган ҳукмни қоралаган. Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок айбловлар ва суд жараёнини “фарс” (комедия) деб атаб, ҳуқуқ фаоллари Беларусь халқининг ҳуқуқлари, қадр-қиммати ва эркинлиги учун кўп йиллик курашлари ортидан суд қилинаётганини айтган.
“Минск режими фуқаролик жамиятига қарши курашмоқда. Улар бунинг учун зўравонлик ва қамоқхоналардан фойдаланмоқда. Бу Лукашенконинг Путин урушини қўллаб-қувватлаши билан бир хил шармандалик”, деб ёзган Бербок Twitter саҳифасида.
Беляцкий ва шерикларининг ҳибсга олиниши
Алесь Беляцкий, Валентин Стефанович ва Владимир Лабкович 2021 йилнинг июлида ҳибсга олинган. Беляцкий суд тингловлари чоғида Беларусда ҳуқуқ фаолларига нисбатан узоқ муддатли таъқиблар сиёсий сабабларга кўра эканини таъкидлаган. У Беларусь Адлия вазирлиги “Весна” инсон ҳуқуқлари марказини бир неча бор рўйхатдан ўтказишдан бош тортганини айтган ва унга қарши барча айбловларни рад этган. 2022 йилда қамоқдалиги пайтида Беляцкий тинчлик учун Нобель мукофотига сазовор бўлган.
Шунингдек, у ўз интервьюларидан бирида Беларусдаги намойишчиларни жиноий жавобгарликка тортиш билан боғлиқ вазиятни изоҳлар экан, мамлакатда репрессия даражаси кучайиб бораётганини айтган.
“Мамлакатдаги қатағонлар кўлами жуда катта, бу Сталин давридан бери содир бўлмаган. Буни ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди”, деган ҳибсдаги Нобель мукофоти совриндори.
LiveБарчаси