Лукашенко Беларуснинг бўлажак Президентига мурожаат қилди
Олам
−
30 Июнь 2021
9929Беларусда битирувчиларнинг республика балининг очилишида мамлакат Президенти Александр Лукашенко ўзининг келажакдаги ворисига мурожаат қилди. Бу ҳақда “Пул Первого” канали хабар берган.
“Сизлардан қайси бирингиздир бу жойда менинг ўрнимда турасизлар. Биз бунга тайёргарлик кўришимиз керак. Бўлса-бўлмаса тайёргарлик кўриш керак. Шундай экан, аввало мамлакат келажаги ҳақида ўйлашни ўрганинг ва ўз имижингизни сақланг, ўз юзингизни сақланг”, деган Лукашенко.
Бундан ташқари, Лукашенко ҳар доим яхши ўқиганини ва унинг вақтида ҳамма нарса “жуда қаттиқ” бўлганини қўшимча қилган.
“Бугун сиз ўз юзингизни, ўз имижингизни шакллантирмоқдасиз. Шундай қилингки, у эртага сиз учун ишласин”, деган Лукашенко битирувчиларга мурожаат қилиб.
Маълумот ўрнида, сўнгги вақтларда Беларусда ички сиёсий мувозанат бузилган. Бунинг илдизи 2020 йилнинг август ойида мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларига бориб тақалади. Сайлов натижаларига кўра, 80 фоиз овоз билан Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қилди. Бироқ ушбу натижалар аҳолининг катта қисмида шубҳа уйғотди ва мухолифатнинг чақируви билан мамлакатда намойишлар бошланди.
Бир неча ой давом этган митинг ва маршлар ҳеч қандай фойда келтирмади. Лукашенко ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолди. Мухолифат ҳамда унинг кўплаб тарафдорлари эса Польша, Литва каби Европа давлатларига қочиб кетди ва у ердан сиёсий бошпана топди.
LiveБарчаси