Луганскда кучли портлашлар бўлди. Россия ва Украина нима деяпти?
Олам
−
19 Февраль 2022
13672Кеча, 18 февраль куни кечқурун Украина шарқидаги Луганск вилоятида кучли портлаш юз берди. ТАССнинг “Луганскинформцентр” агентлиги маълумотларига таяниб ёзишича, газ қувури портлаган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, алангаланиш манбаи “Горизонт” заводи ҳудудида жойлашган. Баъзи маьлумотларга кўра, 2-Беломорская кўчаси яқинидаги газ тақсимлаш блокида авария содир бўлган. Воқеа жойига тез ёрдам бригадалари жўнатилган.
“19 февраль куни соат 00:10 да Малая Вергунка тумани яқинидаги газ қувурида кучли ёнғин содир бўлгани ҳақида қўнғироқлар кела бошлади, “Луганскгаз” ДУК тезкор гуруҳлари воқеа жойига етиб келди”, дейилади хабарда.
Иккинчи портлаш
Кейинчалик яна бир портлаш ҳақида маълум бўлган. Бу ҳақда Донбассдаги вазиятни тартибга солиш бўйича алоқа гуруҳининг сиёсий кичик гуруҳидаги тан олинмаган Луганск халқ республикаси вакили Родион Мирошник эълон қилган.
“Луганскда яна портлаш юз берди!” деб ёзган у ўзининг Telegram каналида.
У иккинчи портлаш шаҳарнинг Каменнобродский туманида содир бўлганини айтиб, “бу аллақачон серия эканлигини” иддао қилган.
Кейинроқ “Луганскгаз” давлат унитар корхонаси матбуот хизмати иккинчи портлаш тахминан соат 00:40 да содир бўлганини, воқеа жойига тез ёрдам гуруҳлари етиб борганини маълум қилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш ёқилғи қуйиш шохобчасида содир бўлган. Таъкидланишича, ЛХР Фавқулодда вазиятлар вазирлиги газ қувуридаги ёнғинни бартараф этишга муваффақ бўлган, портлаш сабаблари ўрганилмоқда.
Компания бош директори Татьяна Богородько Луганскда шанбага ўтар кечаси содир бўлган ҳар иккала портлашни қўпорувчилик деб атаган.
“Иккала портлашнинг ҳам сабаби қўпорувчиликдир”, деган Богородько.
Унинг сўзларига кўра, бундай хулоса газ қувурининг “зарар хусусиятини баҳолашдан” кейин қилинган. “Луганскгаз” хабарига кўра, “ҳозирда 95 та абонент газ таъминоти тизимидан вақтинчалик узилган”.
Учинчи портлаш
Шанбага ўтар кечаси Луганскдаги газ қувури камида учта жойда портлаган. Бу ҳақда ЛХР куч тузилмаларидаги манба маълум қилган.
“Камида учта портлаш содир бўлди. Малая Вергунка ҳудудидаги Фрунзе кўчасида газ қувури икки жойда портлаб кетган. Тахминан ярим соат ўтгач, Каменнобродский туманидаги Веселогоровская кўчасида портлаш содир бўлди”, деган манба.
Украина манбасига кўра, портлаш фактини Луганск аҳолиси тасдиқлаган, аммо улар нима портлаганига жавоб бера олмаган.
Украинанинг бешинчи Президенти Пётр Порошенко Луганскда “Дружба” қувури ёнаётгани ва бу уни кимдир ёқиб юборганини англатишини айтган. Порошенконинг сўзларига кўра, агар маълумотлар рост бўлса, бу ишғол қилинган ҳудудда уюштирилган провокациядир.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь