Лондон Беларусга қарши санкцияларни кенгайтирди
Олам
−
08 Декабрь 2023
3082Буюк Британия Беларусга қарши санкциялар рўйхатини 17 та позицияга кенгайтирди, жумладан, республика Олий суди аъзолари Валентина Кулик ва Игорь Любовицкий ҳамда прокурорлар рўйхатдан жой олди. Бу ҳақда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги хабарида айтилади.
Шунингдек, Минск шаҳар суди судьялари Светлана Бондаренко, Пётр Орлов, Валентина Зенькевич ва Сергей Хрипачга, Гомель вилоят суди судьяси Николай Доляга нисбатан ҳам мамлакатга киришни тақиқлаш ва активларни музлатишни назарда тутувчи чекловлар киритилди. Минск вилоят суди судьялари Сергей Епихов ва Вячеслав Тулеико ва Минскнинг Ленинский тумани судьяси Марина Запасник ҳам санкциядан қуруқ қолмаган.
Бундан ташқари, прокурорлар Сергей Гиргель, Михаил Ковалев, Татьяна Гракун, Роман Бизюк, Александр Король, Денис Микушев ва терговчи Антон Коляго ҳам Британия қора рўйхатига киритилган. Лондонга кўра, юқоридаги шахслар Беларусда фуқаролик жамияти ва демократик мухолифатни бостириш билан шуғулланган.
Улардан ташқари, яна саккиз нафар суриялик ҳарбий хизматчи ва мансабдор шахслар Британия расмийларининг санкциялар рўйхатига киритилди, улар орасида ахборот вазири Бутрос ал-Халляк, меҳнат ва ижтимоий ишлар вазири Луай ал-Мунажид, нефть ва минерал ресурслар вазири Фирас Ҳасан Каддур, Саноат вазири Абдул Қодир Жоҳадар, Ички савдо ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазири Муҳсин Абдул Карим Али ва давлат вазири Аҳмад Бустажи ҳам бор.
Буюк Британия ҳукумати, шунингдек, аёлларга нисбатан мажбурий ҳижобни татбиқ этгани учун мамлакат суд тизими ва хавфсизлик хизмати ходимларидан беш нафар эронликни ҳам санкциялар рўйхатига киритган. Рўйхатдаги бошқа шахслар орасида Гаити Ички ишлар вазирлигининг собиқ бош директори Феднель Моншери ва америкалик Жозеф Пьер Ричард Дюплан ҳам бор: улар 2018 йилда Порт-о-Пренс (Гаити пойтахти) чеккасида ўнлаб одамлар ўлимига сабаб бўлган қирғинда иштирок этган, деб ҳисобланмоқда.
Бундан ташқари, Лондон Камбоджа, Таиланд, Австралия, Хитой ва Мьянманинг мажбурий меҳнат, одам савдоси ва фирибгарлик билан шуғулланган ишбилармонлари ва амалдорларига нисбатан чеклов чораларини қўллаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь