Лондон аэропортида портлаш содир бўлди. Тошкентдан рейслар бекор қилинди (видео)
Олам
−
21 Март
11041Лондондаги Ҳитроу аэропорти яқинидаги электр стансияси портлаб, ёнғин юз бергани сабабли вақтинча ёпилди. Бу ҳақда “Sky News” хабар берди.
Аэропорт маъмурияти яқин кунларда жиддий узилишлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Шунингдек, йўловчиларга расман қайта очилгани эълон қилинмагунча аэропортга келмаслик тавсия этилган.
“Sky News” маълумотларига кўра, ёнғин аэропортдан 2,4 км узоқликда содир бўлган. Бир неча мингта бинода электр таъминоти узилган. Ёнғинни ўчиришга 10 та техника ва 70 га яқин ўт ўчирувчи жалб қилинган. Тахминан 150 киши эвакуация қилинган.
Ҳитроуга қўнаётган 120 дан ортиқ самолёт йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлган. Ушбу аэропорт Европанинг энг йирик ҳаво бандаргоҳи ҳисобланади.
Ҳозирда электр таъминотисиз қолганлар сони 16 минг кишига етган. Ҳитроу аэропорти вакили ушбу ёнғин оқибатида аэропортда электр энергиясининг жиддий узилиши юз берганини маълум қилди.
“Биз яқин кунларда аэропорт ишида жиддий узилишлар бўлишини кутмоқдамиз. Йўловчиларга аэропорт қайта очилмагунча у ерга келмасликни қатъиян тавсия қиламиз”, дейилади аэропорт маъмурияти баёнотида.
“Sky News” Flightradar24 маълумотларига таяниб, камида 120 та парвоз йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлганини ҳам қўшимча қилган. Ушбу рейслар аллақачон ҳавода бўлган ва Ҳитроу аэропортига йўл олган.
Мазкур ҳодиса туфайли фақат бугун, 21 март куни Uzbekistan Airways нинг Тошкент-Лондон (Ҳитроу) – Тошкент йўналиши бўйича HY201/202 рейслари бекор қилинган.
Юқоридаги рейслар йўловчиларининг чипталари 23 мартдан бошлаб Тошкент – Лондон (Гатвик) – Тошкент йўналиши бўйича HY203/204 рейсларида қайта бронь қилинади. Шунингдек, йўловчилар илтимосига кўра авиачипталар учун пулни қайтариш имконияти ҳам кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Колорадо штатидаги Денвер аэропортида 172 нафар йўловчиси бор American Airlines авиакомпаниясига тегишли йўловчи самолёти ёниб кетган эди. Йўловчилар ва 6 нафар экипаж аъзоси муваффақиятли эвакуация қилиниб, аэропорт биносига олиб ўтилган.
LiveБарчаси