“Қачонгача бунақа яшаш мумкин?” San Jay карантин натижа бермай қўйганини айтяпти

Маданият-санъат 26236

Хонанда San Jay (Санжар Жавбердиев) 4,5 ойдан бери давом этаётган карантин одамларни қийнаб юборганини айтиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллади.

Хонанда ҳозиргидек тушунарсиз карантин чекловларига норозилик билдирган. У аҳоли беш кун кўчада юриб, икки кунда уйда қолиши коронавирус занжирини қандай қилиб тўхтатишини тушунолмай, изоҳ сўраган.

“Мени ҳозирги мурожаатим халқимиз раҳбариятига, Президентимиз Шавкат Миромоновичга. Мен охирги вақтларда бир нарсани тушунмаяпман. Беш кун кўчада юриб, икки кун эшикни ёпиб оламиз, кўчага чиқиш мумкин эмас, таксилар юрмайди, ҳеч нима қилиб бўлмайди. Уйда ўтириш керак.

Менга бир нарсани тушунтириб беринглар. Қандай қилиб беш кун вирусни ичида юриб, икки кун уйда ўтириб вирусдан озод бўлишимиз мумкин. Мен вирусолог эмасман. Лекин оддий нарса бу. "Логика" қаерда, борми? Мен Ҳукуматга қарши эмасман, янгиликлар кўп. Шавкат Миромоновичга ўз миннатдорчилигимни билдираман”, дейди хонанда.

У карантин қилиш керак бўлса, ҳамма уйда қолиши кераклигини, фақатгина махсус хизматлар автомобиллари ҳаракатланишига рухсат бериш кераклигини тавсия қилган. У шифохонадаги аҳвол ҳам ачинарли эканини қўшимча қилган.

“Кеча ота-онамни шифохонага ётқиздик. Биласизларми, шифохонада ҳатто ҳарорат ўлчагич йўқ. Нима деган гап бу? Қайтариб уйга олиб келдик, уйда даволаяпмиз. Менимча бу умуман нотўғри нарсалар. Биз ҳозир тўлиқ ҳаммани карантинга ёпишимиз, стикерни ҳам олиб ташлаш керак. Кеча кўчага чиқдим машиналар хоҳлаганича юрибди. Фақатгина “пожарник, милиция ва тез ёрдам юриши керак. Агар ўзини яккалаш десак, қолганларга нима бор кўчада? Ҳамма уйда ўтириши керак, кўчага ҳам чиқиш мумкин эмас. Ўшанда “результат” бўлиши мумкин. Лекин беш кун кўчада юриб, икки кун уйда ўтиргандан фойда йўқ. Бу менинг фикрим, балки адашаётгандирман”,

Илтимос, биз ҳам Европа давлатларига қараб яшайлик. Уларда йўқ-ку беш кун кўчада юриб, икки кун уйда ўтириш деган нарса. Таксини ёпиб қўйиш деган нарса. Нима учун бизда бор? Ҳар доим халққа ёмон бўлишини хоҳлаймиз. Халқни ҳам бир ўйланглар сизлар, илтимос. Ҳеч кимга пул бермаясизлар, ҳеч кимга пул ажратилмаяпти. Халқ ўзи кўчада ҳаракатини қилсин. Мен ҳеч кимга қарши эмасман, шахсий фикримни билдиряпман”, дейди бошқа давлатларда вазият ўнгланганини айтиб.

У Президентга мурожаат қилиб, давлат раҳбаридан шундай қарорлар чиқарилаётганда таклиф киритганлардан унинг қандай фойдаси борлигини сўрашни илтимос қилган.

“Керак эмас, бунақа беш кун кўчада юриб, икки кун ёпиб қўйиш. 100 фоиз ҳеч қандай фойдаси йўқ. Шавкат Миромонович илтимос, сиз жуда ақлли ва доно инсонсиз. Мен ишонаман бундай қонунлар сизнинг ғоянгиз эмас. Улар шундай қонун чиқараётганда “қандай асос билан, улар икки кун уйда ўтирганда вирус камайишига қандай кафолат бор”, деб сўраш мумкин-ку. Мен бугун статистикани кўрдим. Касалланиш бўйича Тошкентда яна рекорд.

Икки кун уйда ўтиргандан қандай фойда бўлди? Ҳеч қандай. Мен кеча кўрдим баъзи одамлар ниқобсиз жуда яқин ишлаяпти. Биз нима ҳақида гапиряпмиз. Менимча, карантин тизимини буткул бекор қилиш керак. Кимнинг иммунитети бўлса қолади, йўқлар кетади. Ҳаммаси Аллоҳдан. Оламан деса олиб кетяпти. 33 ёшли, 75, 85 ёшлини ҳам. Лекин ҳаётни бироз юмшатайлик, одамларга нафас олишга берайлик. Ресторанлар ишламаса, тўйлар бўлмаса, ҳеч қандай хурсандчилик бўлмаса қанақа ҳаёт бу? Қачонгача бунақа яшаш мумкин?”, дея карантин одамларни ҳар томонлама ҳолдан тойдирганини айтган.

San Jay коронавирус тарқалиши бўйича дунёда етакчилик қилаётган Америкада ҳам одамлар бемалол юрганини айтиб, оғир аҳволдаги фуқароларга ёрдам бериш кераклигини эслатиб ўтган.

“Нега Россияда ҳаммаси жойида? Нимага Европада, энг кўп касал бўлган Америкада одамлар нормал яшаб юрибди? Менга ҳеч нарса керакмас давлатдан, Худога шукр кунимни кўриб юрибман. Жуда кўп қийналган одамлар бор. Уларни ўйлаш керак? Кўчага чиқиб, ҳаракат қилиб, нонини топадиган одамларни ўйлаш керак”, дейди жон куйдириб.

Хонанда вирусологлардан 2 кун уйда қолганда вирус қандай қилиб камайишини тушунтириб беришини талаб қилган ва бот-бот ўзининг шахсий фикри эканини эслатиб ўтган.

“Беш кун кўчада юриб, икки кун уйда қолгандан ҳеч қандай фойда йўқ. ёки вирусологлар телевидениега чиқиб, бандма-банд тушунтириб берсин: қандай қилиб 2 кун уйда ўтирганда вирус камайиши мумкин? Мени бошқа гапим йўқ.

Мен тушундим соқол учун саҳнага чиқолмайман, ижод ҳам қилолмайман. Бўлганим бўлган. Барибир менга саҳнага ҳам, телевидениега чиқишга ҳам ҳеч қанақа рухсат йўқ. Лекин мен халқ учун шу нарсаларни айтишим керак”, дея хайрлашган хонанда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 855
Рейтинг: 3
t
×