“Ливерпуль” чемпион бўлиши аниқ эди

Спорт

image

Ўйин ҳақида. Финалнинг илк дақиқаларидаёқ белгиланган пенальти ўйин темпини бироз тушириб юборгандек кўринса-да, бироқ ҳар икки жамоа, “Ливерпуль” ва “Тоттенҳем” майдоннинг ҳар бир сантиметри учун кураш олиб борди. 

Қизғин кечган илк тайм кўплаб эсда қоларли ҳужумларга бой ўтди. Иккинчи тайм бошиданоқ “Шпорлар” ғалаба сари илдамлади. “Ливерпуль” бу кеча фақат ғолиб бўлиш учунгина майдонга тушганини ҳар сафар эслатаверди. Айниқса, Вир Жилнинг ҳайратомуз ўйинлари ва Алиссоннинг сейвлари лондонликларнинг уринишларини чиппакка чиқараверди. Ўйин охиридаги гол эса амалда барчасини ҳал қилиб бўлганди.

Бу кеча “Тоттенҳем” мухлислари чорак ва ярим финалдаги “камбек”ларни кутишгани аниқ. Аммо рақиб на “Манчестер сити”, на “Аякс” эди. 

“Ливерпуль” турнирнинг ўтган мавсуми финалида “Қироллик клуби”дан қабул қилиб олган аламли мағлубиятдан синиб қолмади. Кўпчилик мутахассис ва футбол мухлислари клуб ўйинчилари “синган”и, жамоа тарқалиб кетиши башорат қилганди. Клопп эса бунга йўл қўймади. Аксинча, жамоа ўйиндан ўйинга кучайиб, жипслашиб борди. Рўпарасидан чиққан ҳар қандай рақибни тиз чўктира олди. Ҳатто, Мессиси бор “Барселона” ҳам янчиб ташланди. 

Аслида клуб ўтган мавсум ҳам чемпионликни қўлга киритиши мумкин эди. Юрген Клопп шогирдлари Салоҳнинг жароҳат олиб майдонни тарк этиши ортидан тушкунликка тушиб қолди. Мавсумни фантастик тарзда ўтказган Салоҳнинг Серхио Рамос тарафидан “тинчитилиши” “Ливерпул”га қимматга тушди. 

Негаки, ўтган мавсум бутун клуб майдонда Салоҳ билан ўйнашга ўрганган, барча тўп узатишлар унга бўларди. 

Клопп хатоларини тўғрилади. У Салоҳ, Фирминосиз ҳам ҳар қандай жамоани енгиш мумкинлигини шогирдларига ўргатди.  

Ярим финалда “Барселона” устозининг ишонган “тоғ”лари “Энфилд”да ёш болалардек ўйин кўрсатди. Илк ўйинда кимлигини барчага кўрсатиб қўйган жамоа сардори Месси жавоб ўйинида худди Испания чемпионатидаги аутсайдерга қарши ўйнаётгандек таассурот қолдирди. Бир икки уринишни ҳисобга олмаганда бу кеча у порламади. Аниқроғи, “Ливерпуль” футболчилари уларга имкон бермади. 

“Барселона” ушбу ўйин олдидан “МЮ”ни қандай енггани ҳақида ўйлаган, “Ливерпуль” ҳам шу тарзда янчилишини ўйлаган бўлса ажабмас. Лекин, бу мавсум “мерсисайдликлар” фантастик ўйин кўрсатди. Англия чемпионатида ғолиб бўлмаган бўлсада, иккичи ўринда қолиб ҳам 97 очкони қўлга киритди. Буни унга рақиб бўлганлар тушуниб етиши керак эди.

Мухтасар айтганда, “Ливерпуль” ўтган йилги қилолмаган ишини бу йил уддалади. У ҳозирда Англияда совринлар бўйича якка пешқадамга айланиб олди. 

“Тоттенҳем” учун эса илк финал ёмон ўтмади. Чорак финалда фантастик ўйин кўрсатган “осиёлик шервачча” (Сон Хин Мин) ҳам, ярим финалда “Аякс”ни бир ўзи тиз чўктирган Лукас Моура ҳам бу кеча ҳеч нима қила олмагандир, аммо улар тарихда илк марта финалга чиққанлар бўлишди. 

Тарих ёзиб бўлинди, келажак эса давом этаверади. УЕФА Чемпионлар лигаси турнири эса сизу бизларни “камбек”, “супер камбек”лари, истеъдодлари, кутилмаган натижалари ва чиройли голлари билан хушнуд этаверади.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

44

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг