Леонардо Дикаприо уни судга берган қўшнисининг уйини сотиб олди (фото)
Маданият-санъат
−
27 Июнь 2023
17807“Оскар” мукофоти совриндори Леонардо Дикаприо 2007 йилда уни судга берган қўшнисининг уйини 10,5 миллион АҚШ долларига сотиб олди. Бу ҳақда “Dirt.com” сайти маълум қилди.
48 ёшли актёр мулкни сотиб олиш учун амакиваччаси ва узоқ йиллик бизнес ҳамкори Роберт Ҳртикага дахлдор бўлган масъулияти чекланган жамиятдан фойдаланган.
Голливуд тепаликларининг машҳур Қушлар кўчасида жойлашган мазкур уй 1963 йилда қурилган ва тўсиқлар билан ўралган. 3500 квадрат фут яшаш майдонида тўртта ётоқхона ва тўртта ҳаммом мавжуд. Шунингдек, 0,4 гектар майдонда ҳовуз ва кичик меҳмонлар учун уй ёки алоҳида гараж биноси мавжуд.
Уй эгалари, Рон ва Жоан Линклау исмли кекса эр-хотин 2007 йилда Дикаприони баскетбол майдонини қуриш вақтида бепарволик қилганликда ва уларнинг мулкига зарар етказганликда айблаб, судга мурожаат қилган эди. Актёр эса конструктив муаммоларга уларнинг ноқонуний ўрнатилган ҳимоя девори сабаб бўлганини таъкидлаган. Суд жараёни 2009 йилда ҳал қилинган. Шу ой бошида эса Жоан Линклау 90 ёшида вафот этгандан сўнг, бева Рон уйни Дикаприога сотиб юборди.
Бу Дикаприо қўшнисининг уйини биринчи марта сотиб олиши эмас. Унинг Қушлар кўчасидаги уйи ҳозирда 5,14 гектар майдонни эгаллаган беш қўшни ер участкасини ўз ичига олади. Актёр мажмуани Голливуд тепаликларидаги энг катта бирикмалардан бирига айлантирди. Умумий ҳисобда, бирлаштирилган мулк тўртта уй ва тўртта сузиш ҳавзасини, 15 000 квадрат метрдан ортиқ майдонни ўз ичига олади. Аммо Дикаприо Қушлар кўчасидаги уйларни сотиб олиши орқали нима қилишни режалаштираётгани ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.
Маълумот учун, Дикаприонинг Голливуд Ҳиллсдаги турар жойидан ташқари Беверли-Хиллз, Малибу, Палм-Спрингс, Лос Фелиз ва Нью-Йорк шаҳарларида ҳам ҳашаматли уйлари бор ва у узоқ вақтдан бери Белиз соҳилидаги бўш турган оролга эгалик қилади.
Севара Ҳусниддинова
LiveБарчаси