Ленин доҳийми ёки ўғри?

Бу қизиқ

image_2021-06-03_13-52-30

“Тарих бемазагарчиликлар ва ахмоқликлар билан тўлиб-тошиб ётибди”

Фёдор Достоевский “Жиноят ва Жазо” китобидан.

СССРда Михаил Горбачёв раҳбарлик қилган даврда бироз бўлса-да ошкоралик сиёсати юритилди. Кўплаб тарихчи олимларга архив ҳужжатларни ўрганишга рухсат берилади. Шунда тарихчи Анатолий Григорьевич Латишевга 1991 йилда Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) архивида сақланаётган махфий “Ленин фонди”га кириб, ҳужжатларни ўрганиб чиқишга рухсат берилган. Дастлабки 30 та ҳужжатни ўқибоқ, бир умр Лениннинг авлиёлигига ишониб, сиғиниб келган шўрлик тарихчи олим шокка тушиб қолади.

Ушбу мақола яқин ўтмишдан, айтиш мумкинки, тарихнинг энг жирканч, зимистон кунлари бўлмиш шўро замонларидан ҳикоя қилади. Унда бийрон тилларда халқ ғамини еган, унинг манфаатлари ҳимоячиси бўлган, амалда эса айни халқнинг сўнгги бурда нонини сурбетларча тортиб олиб, ўзлаштирган коммунистик мафкура доҳийси “пролетариат отаси” Владимир Илич Лениннинг кирдикорлари тарихий фактлар асосида очиб берилади.

“Февраль инқилоби”

1917 йилнинг 28 февраль куни Россия империясида юз берган инқилоб 300 йилдан ортиқ вақт мобайнида ҳукмронлик қилиб келаётган Романовлар сулоласини ағдариб ташлади. 1917 йил 2 март куни подшоҳ Николай II ўз укаси Михаил фойдасига тахтдан воз кечади. Аммо мамлакатда халқ норозиликлари кучайгани сабабли Михаил Романов тахтни эгаллаш борасидаги таклифни қабул қилмайди. Михаил Фақатгина халқнинг розилиги билан тахтга ворислик қилиши мумкинлигини билдиради.

Мамлакатда инқилоб натижасида икки ҳокимиятчилик қарор топди. Биринчиси, буржуа партиялар вакилларидан иборат Александр Керенский бошчилигидаги Муваққат ҳукумат. Иккинчиси, Петроград (Россия империяси пойтахти. Ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳар ишчилари ҳамда деҳқон, аскарлар қўлидаги ҳокимият.

Доҳийнинг Швейцарияда тузган режаси

Россияда алғов-далғов бошланган вақтда “Большевик”лар доҳийси Ленин ўзининг жаҳон инқилоби ҳақидаги орзуларига берилиб, Швейцарияда муҳожирликда яшар эди. Россияда бошланган инқилобий воқеалар хусусида газеталар орқали хабар топиб турган Ленин қўзғолончиларни полицияга қарата кислота сепишга, аскарлар устидан қайноқ сув тўкишга даъват этиб, қуйидагича фармон йўллайди: “Оммавий террор уюштирилсин. Аскарларга ароқ ичираётган юзлаб бузуқилар, собиқ офицерлар ва шу кабилар шаҳар ташқарисига олиб чиқилиб, отиб ташлансин. Фармон ижроси бирор дақиқага бўлсин, кечиктирилмасин”.

1917 йилнинг 3 апрель куни кечқурун, Лениннинг ўзи Россия империяси пойтахти Петроград шаҳрига етиб келади. Россияга келган заҳоти у мавжуд тузумни “социалистик инқилоб” йўли билан ағдаришга киришади.

Ошкорлик сиёсати даврида “Оганёк” журнали, “Литературная” газетаси, Марказий телевидениенинг “Взгляд” кўрсатувларида собиқ СССР доҳийси Лениннинг 1917 йил февраль буржуа инқилобидан кейин Россияга қайтиб келиши тўғрисида айрим фактлар берилган.

Фактларда, 1917 йил бошига келганда Германия икки фронтда жанг олиб боришга қийналиб қолади. Германия императори Вильгельм II Россия империясидаги халқ норозилигидан фойдаланиб, Россияни Биринчи жаҳон урушидан чиқариш режасини туза бошлайди. Вильгельм II Россия империясини урушдан чиқариш орқали фақатгина ғарбий фронтда Англия ва Францияга қарши уруш олиб боришни кўзлаган эди.

Маълумотларга кўра, Ленин Швейцарияда юрган вақтида Германия махсус хизмати ва контрразведкаси томонидан Германия фойдасига оғдириб олинган. Бунинг учун Ленинга 100 миллиондан ортиқ немис маркаси берилган. Махфий келишувга кўра, Ленин “большевик”лар партиясининг раҳбари сифатида Россияга келиб, ҳокимиятни қўлга олиши ва Россия империясини Биринчи жаҳон урушидан чиқиб кетишини таъминлаши керак эди.

Айёр доҳий ҳам Германия ҳукуматига ўз талабларини қўйди. Аввало, Германия Россиядаги инқилобларга ҳарбий томондан ёрдам бериши, ундан сўнг, янги ўрнатиладиган чекланмаган ҳокимиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши зарур эди.

Россия Империяси Биринчи жаҳон урушида “Антанта” иттифоқи томонида туриб “Учлар иттифоқига” қарши уруш олиб бораётган эди. 1917 йил февраль воқеаларидан сўнг фронтда уруш ҳаракатлари тўхтаб қолди. Мамлакатда тузилган Муваққат буржуа ҳукумати урушни давом эттиришга қарор қилди ва 1917 йил июль ойининг бошида ҳужумга ўтиш ҳақида буйруқ берди. Аммо бу ҳужум йирик мағлубият билан якунланди.

Бундан фойдаланган Ленин Петроград шаҳри аҳолисини оммавий митинг уюштиришга ундаб, урушни давом эттиришга қаршилик билдирди. 1917 йил 4 июлида эса норозилик намойишлари бошланиб кетди. Унда 500 мингдан ортиқ киши қатнашди. Намойишчилар Муваққат ҳукуматнинг истеъфога чиқишини ва ҳокимиятни Советлар қўлига берилишини талаб қилдилар.

Большевиклар партияси

Россия социал-демократ ишчилар партияси 1903 йилда Лондонда ташкил этилган бўлиб, партия икки, яъни “большевиклар” ва “меньшевиклар” гуруҳидан иборат эди. Биринчи гуруҳ “Большевик” деб аталишига сабаби партиянинг низоми ва матбуот органи ҳамда марказий бошқарув органларини ташкил этиш учун ўтказилган сайловдаги овоз бериш натижасига кўра, “большевик”ларнинг раҳбари Владимир Илич Лениннинг тарафдорлари кўп овоз олган. Шу сабабли уларнинг “большевик” – “кўп” ёки “кўпчилик” маъносини англатувчи қисми пайдо бўлади. Ўша сайловда кам овоз олганлар “меньшевик”, яъни “кам” овоз олганлар деб атала бошланди.

Ваниҳоят, 1917 йилнинг 25 октябрида Ленин бошчилигида “большевик”лар партияси ҳокимиятни эгаллаб олдилар. “Большевик”лар ўзлари қурмоқчи бўлган янги жамиятни коммунистик жамият деб аташди. Уларнинг фикрича, бу жамият ўз тараққиётида икки босқични босиб ўтиши керак: биринчи босқич – социализм, иккинчи босқич эса – коммунизм эди.

Брест сулҳи

Ленин 1917 йилнинг 14 ноябрида Совет ҳукумати хусусий завод ва фабрикаларда ишчи назоратини ўрнатиш тўғрисида қарор чиқарди. Бошқарувни аста-секин ўз қўлига ола бошлаган Ленин Германия ҳукмрон доираларига берган ваъдасини бажаришга киришди.

Доҳийнинг ўз валломатларига миннатдорлиги Брест сулҳида ўз аксини топди. 1918 йил 3 мартда Брест шаҳрида Германия билан тинчлик шартномаси имзоланди. Брест тинчлик шартномаси аслида Германияга таслим бўлиш билан баробар эди. Россия учун Брест сулҳи оғир ва таҳқирловчи бўлса-да, мамлакат  шу орқали узоқ кутилган тинчликка эришди. Шартномага кўра, Россиянинг Карс, Ардахан ва Батуми ҳудудлари Туркияга берилди. Украина ва Финляндия мустақил давлатлар, деб эътироф этилди. Россия ўзининг 780 минг кв км ҳудудини йўқотди. Шшунингдек, бутун армиясини дарҳол тарқатиб юбориш, флотини портларга қайтариш ва қуролсизлантириш шартини олди.

Игорь Бунич ўзининг “Партиянинг Олтинлари” китобида шундай ёзади:

— Ўша даврнинг ақл эгаси ҳисобланган Бердяев “Социализм – ҳасад мафкурасидир” деб хулоса чиқарган, лекин унга ҳеч ким қулоқ солмаган. “Большевик”лар мол-мулклар ҳамма меҳнаткашларга тенг баробар тақсимлаб берилади, деган баҳона билан зодагонлар бойликларини тортиб ола бошладилар. Бу эртакка ишонмаганларни отишган, сувга чўктиришган, ертўлаларда судсиз, терговсиз газ билан заҳарлашган. “Ҳеч кимдан сўраб ўтирмай, аҳмоқона дахмазаларга йўл қўймай, отиб ташлансин!”, деб буюрган шахсан буюк Доҳий.

Бундан ташқари, Ленин ўз тарафдорларига “Ўрнак бўладиган даражада шафқатсиз бўлинг!”, деб қаттиқ таълим берган.

Доҳийнинг бир севимли ибораси бўлган “Россияга тупурганман. Чунки мен “Большевик”ман”. Бу ибора Лениннинг шерикларига шиор бўлиб кетган, улар бу иборани ўрни бўлса-бўлмаса такрорлашни яхши кўришган.

“Большевик”лар агар ҳокимиятни эгаллаб ололмаса, тортиб олинган бойликларни олиб, Аргентинага қочиб кетиш режасини тузиб қўйишган эди.   

Тарихий хужжатларда “Пролетариат доҳийси” Ленин умрининг хотимасида ақлдан озиб, қилган гуноҳлари учун ўз яқинларидан узр сўраб, тортиб олинган мол-мулкларни халққа қайтариб беришни сўраган холатда 1924 йил 21 январь куни ўлим топган экан. Миллионлаб одамлар учун доҳий, баркамол тимсол бўлган шахс учун ғалати ўлим эмасми?

Бу “доҳий”нинг беҳисоб кирдикорларини сиз азиз ўқувчига иложи борича ихчамроқ шаклда етказишга ҳаракат қилдик. Ленин ҳатто бизнинг ўлкамиздаги бойликларга ҳам кўз тикиб қўйган эди. Бу мавзу тўғрисида, албатта, кейинги мақоламизда маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Сардор Али Нурматов


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1019

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг