Ленин ағдарилган Ўшда Навоий қад ростлади – Weekend
Таҳлил
−
06 Июль
11632Бир ой олдин Ленин ҳайкали олиб ташланган Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида Алишер Навоий ҳайкалининг очилиши бўлиб ўтди.
4 йиллик “Толибон” ва уларнинг “амирлик” аталмиш тузилмаси дунё миқёсида илк бор давлат сифатида тан олинди. Бу жараённи Россия бошлаб берди.
Трамп Путин билан телефон орқали гаплашиб, ундан норози бўлди ва зудлик билан Зелеснкийга қўнғироқ қилиб, у билан яқиндагина тўхтатилган ёрдамни қайта тиклаш масаласини муҳокама қилди.
Трамп ва Маск жанги яна экранларингиз қаршисида. Жанжалга сабабчи бўлган қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Маск яна Х'да шовқин солишни бошлади. У ростдан ҳам янги 3-партияга асос солмоқчи.
Ассалому алайкум! Жорий ҳафта давомида дунёда рўй берган шу ва бошқа муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Weekend дастури ва биз бошладик.
Ленин “ағдарилган” Ўшда Навоий ҳайкали янгиланди
Эсингизда бўлса, жорий йилнинг июнь ойида Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги марказий майдонда Владимир Илич Ленин ҳайкали демонтаж қилинган эди. У ўз ўрнидан олиб ташланиб, ҳудуднинг бошқа қисмига кўчирилиши айтилди. Россиядаги қатор ОАВлари бу ҳаракатни тарихга боғлаб, “дўстлик боғичининг узилиши” дея изоҳлаганди. Ҳайкал 1975 йилда ўрнатилган бўлиб, у Лениннинг нафақат Марказий Осиёдаги, балки бутун дунёдаги энг баланд ҳайкаллардан бири бўлиб, баландлиги 25 метрни ташкил этарди.
Энди эса Ўш шаҳридаги боғда туркий халқлар шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг янгиланган ҳайкали тантанали очилди. Маросимда Ўш шаҳри ҳокими Женишбек Токторбаев, шаҳар кенгаши раиси Болот Баетов, Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саидикром Ниёзхўжаев, шунингдек, шаҳар аҳолиси ва маданий жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Маҳаллий ҳокимият ташаббуси билан янгиланган ҳайкал қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида баҳоланмоқда. Улар Алишер Навоийни халқлар ва дўстлик ришталарини боғловчи сиймо сифатида эътироф этишган. Ташкилотчиларнинг айтишича, лойиҳанинг мақсади – умумий маданий меросни сақлаб қолиш ва қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат.
Аммо Қирғизистон Совет тузуми қолдиқларидан халос бўлаётгандек кўрингани билан, мамлакат Президенти Садир Жапаров рус тилига урғу беришда давом этмоқда. У ўз давлатини рус тилига мухтож дея айтишдан ҳам тийилмади. Бу ҳам етмагандек, Жапаровнинг наздида Ўзбекистон ва Тожикистонда рус тилисиз мулоқот қилиб бўлмасмиш. Ўзбекистонга ташрифи аэропорт, расмий идоралар, Президент қабули ва яна аэропорт, базида эса истисно тарзида “Амирсой” дам олиш маскани бўладиган ва ушбу маршрутдан четга чиқмайдиган шахснинг мамлакатдаги мулоқот муҳитига бундай баҳо бериши кулгули.
“МДҲ давлатларини айтмай турайлик, қўшни Ўзбекистон ва Тожикистонга борсангиз, рус тилисиз мулоқот қилиб бўлмайди. Европа, Америка, Хитойда ҳам рус тили таржимонларидан фойдаланишади”, деган Жапаров.
Маълумот ўрнида шуни такидлаш лозим, Қирғизистон конституциясида рус тили расмий тил деб белгиланган. Жапаровга кўра эса, рус тили Қирғизистон учун зарур ва бу тилнинг расмий мақомини ўзгартириш таклифлари нотўғри. Бу билан у баъзи сиёсатчиларнинг рус тилининг мақомини ўзгартириш ҳақидаги таклифларини мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаган. Яна бир муҳим жиҳат шуки, 2 июль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Москвада Россия Президенти Владимир Путин ҳузурида бўлди. Учрашда эса Путин қирғиз томонига рус тилига алоҳида мақом берилгани учун миннатдорлик билдириб, бу ҳам гуманитар, ҳам иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилишини таъкидлаган.
Трампнинг Путиндан ҳафсаласи пир бўлди
3 июль куни Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди. Ўта муваффақиятсиз ва ҳеч нарсани ҳал қилмагани айтилган бу суҳбатдан сўнг Трамп бази муҳим гапларни айтиб ўтди. Трамп суҳбат тафсилотлари билан ўртоқлашар экан, Путин билан бўлган телефон қўнғироғидан мамнун эмаслиги ва ҳеч нарсага эришилмаганини таъкидлади. АҚШ Президенти Дональд Трамп россиялик мавқедоши Владимир Путин билан 3 июль куни бўлиб ўтган сўнгги телефон мулоқоти чоғида Россиянинг Украинадаги уруши сабабли АҚШ санкцияларини кучайтириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганини ва Путин бундан хавотирдалигини айтди. Трамп Путин билан Украинадаги можаро юзасидан қилган телефон қўнғироғидан жуда норози эканини айтиб, Россия раҳбари “одамларни ўлдиришда давом этмоқчи” эканини таъкидлади.
Бундан ташқари, Америка етакчиси АҚШ Киевга қурол етказиб беришда давом этаётгани ҳақида баёнот берди. Бироқ эсингизда бўлса, Украинага қурол етказиб бериш бир неча кун олдин тўхтагани ва бу заҳиралар билан боғлиқ хавотир туфайли юзага келгани очиқланганди. Аммо мутахасислар Вашингтоннинг бу қарорини улар эндиликда Украина эмас, балки Исроилни қуроллантиришга эътибор қаратгани билан изоҳлади. Бироқ Трамп жорий ҳафтада бу воқеалар ҳудди бўлмаганидек, АҚШ Украинага ёрдам беришда давом этаяпти деди. Аммо у шунингдек, бу ёрдам заҳираларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилаётганини ҳам қўшимча қилди. Путин билан телефон суҳбатидан бир кун ўтиб, 4 июль куни Трамп Украина Президенти Владимир Зеленский билан ҳам гаплашди. Эътиборга молик жиҳати шуки, Украина раҳбари мазкур суҳбатни “жуда муҳим ва самарали” деб атади. Зеленскийнинг сўзларига кўра, мавзулар Украина фронтидаги мавжуд вазият, шунингдек, Россия ҳаво ҳужумлари ҳақида бўлган. Бундан ташқари, давлат раҳбарлари мудофаа саноати ва қўшма ишлаб чиқариш имкониятлари ҳақида ҳам батафсил гаплашиб олишган. Дарвоқе, 4 июль АҚШ Мустақиллик куни бўлгани боис Украина етакчиси телефон суҳбати чоғида Трампни Мустақиллик байрами билан табриклаган.
АҚШ Президенти эса Зеленский билан суҳбат ҳақида маълум қилар экан, биринчи бор АҚШ ёрдамини миннат қилмагандай туюлди. Яъни Трамп журналистларга АҚШ Киевга Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун ракеталарни юбориш имкониятини муҳокама қилганини айтиб, бу уларга мудофаа учун жуда зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, у Patriot ракеталарининг самарадорлигини юқори баҳолаб, бу қуролларни “жуда таъсирли” деб атади. Юқорида такидланганидек, аввалроқ АҚШ кутилмаганда Украинага муҳим ўқ-дорилар, жумладан Патриот учун ракеталарни етказиб беришни тўхтатгани маълум бўлган эди. “The Wall Street Journal” нашрига кўра, тўхтатилган пайтда ўқ-дорилар аллақачон Польшада бўлган. Улар орасида 20 дан ортиқ Patriot PAC-3 ракеталари, 20 дан ортиқ Stinger зенит тизимлари, Hellfire ҳаво-ер типидаги бошқариладиган ракеталари, 90 дан ортиқ ҳаво-ҳаво типидаги ракеталари ва бошқа тизимлар бор бўлган. Украина эса Россия ҳаво ҳужумларининг кучайиши фонида қабул қилинган бу қарордан жуда хавотирда эди. Зеленский Украина қуролли кучлари қўллаётган қуролларнинг учдан бир қисми Американики эканини таъкидлади. Украина Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Киевдаги вақтинчалик ишлар вакили Жон Хинкелни суҳбатга чақириб, унга “Украина мудофаа қобилиятини қўллаб-қувватлашдаги ҳар қандай кечикиш ёки иккиланиш тажовузкорни тинчликка интилишдан кўра уруш ва террорни давом эттиришга ундашини билдирган.
“Катта чиройли қонун” ва Маск “қўзғолони”
Трамп ва Маскнинг шов-шувли жанжалига сабаб бўлган ҳамда улар ўртасидаги “сиёсий ишқ”нинг тугашига олиб келган қонун лойиҳаси барибир амалиётга жорий қилинадиган бўлди ва Трамп уни барча тўсиқлардан жуда силлиқ олиб ўтди. Жорий ҳафта АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси федерал солиқларни камайтириш ҳамда мудофаа ва чегара хавфсизлиги учун харажатларни кўпайтиришни назарда тутувчи “катта чиройли” қонунни (The Big Beautiful Bill) маъқуллади. Қонунни минимал талаб қилинадиган конгрессменлар сони – Вакиллар палатасининг 218 аъзоси қўллаб-қувватлади. 214 конгрессмен унга қарши овоз берди. Қонун бўйича овоз беришни Вакиллар палатасида демократлар етакчиси Ҳаким Жеффрис кечиктирди. У 8 соат 55 дақиқа нутқ сўзлади ва Конгресс қуйи палатасида нутқ давомийлиги бўйича рекорд ўрнатди. Аммо барибир, бу қонуннинг қабул қилинишига тўсқинлик қилиш учун етарли бўлмади.
Энг сўнггида эса, 4 июль куни АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ўзи миллиардер Илон Маск билан жанжалга сабаб бўлган АҚШ бюджети тўғрисидаги ушбу қонун лойиҳасини имзолади. Ҳужжат АҚШ Мустақиллик кунида имзоланди ва уни имзолаш маросими тантанали руҳда ўтди. Сайловда Трампни қўллаб-қувватлаган миллиардер Илон Маск эса мазкур қонун юзасидан АҚШ Президенти билан келишмай қолганди ва унинг қабул қилиниши Илоннинг яна шовқин кўтаришига сабаб бўлди. Тадбиркор ташаббусни танқид қилиб, уни “лоббичиларнинг кераксиз харажатлари билан тўлдирилган” “оммавий ва шафқатсиз” қонун деб атади. Маскнинг сўзларига кўра, қонун бюджет тақчиллигини камайтириш ўрнига уни оширади.
Аввал бўлгани каби, у Х'даги саҳифасида, Мустақиллик куни арафасида АҚШдаги учинчи партияга асос солиш ўринли деган мазмунда пост қолдирди. Маск ва Трампнинг биринчи жанжалида ҳам миллиардер партия очиш масалани кун тартибига чиқарганди. Аммо Трамп бу ҳақда уни жиддий огоҳлантирган. Бу сафар эса илгаригиси каби учинчи партияга эҳтиёж борми ёки йўқ мазмунида ўтказилган сўровномада овоз берувчиларнинг катта қисми Маскнинг ҳозирча фақат ҳаёлда бўлган “Америка” номли партиясини тузилишига хайрихоҳ бўлмоқда.
The Big Beautiful Bill'нинг ўзига қисқача тўхталадиган бўлсак, бу Дональд Трамп томонидан 2017 йилда биринчи президентлик даврида киритилган солиқ имтиёзларини узайтиради. Қонун Қўшма Штатларнинг мудофаа ва чегараларини ҳимоя қилишга сарфланадиган харажатларни оширишни назарда тутади, шунингдек, Medicaid ва CNAP каби ижтимоий дастурларни молиялаштиришни қисқартиришни назарда тутади. Конгресснинг Бюджет бюроси қонун федерал ҳукумат қарзига 3,8 триллион доллар қўшишини айтди. Ҳозирги қарз эса 36,2 триллион долларни ташкил этади. Умуман олганда кўпчилик Трампнинг бу қонуни АҚШни қарз ботқоғига чуқурроқ ботириш билан якунланиши ҳақида огоҳлантирмоқда.
“Толибон” тан олинди
Салкам 4 йилдан буён Афғонистондаги асосий ҳукмрон куч “Толибон” ҳаракати халқаро миқёсда илк бор тан олинди. Россия Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматини тан олган дунёдаги биринчи давлат бўлди. Бу ҳақда биринчи бўлиб, 3 июль куни TASS ахборот агентлиги Россия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, хабар берди. Кейинчалик қолган ОАВ хусусан, “Reuters” агентлиги ҳам Россия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, Москва Афғонистоннинг янги элчисидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб, бу икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда “янги туртки” бўлишига умид билдиргани ҳақида ёзди. “Толибон” ҳаракати 2021 йилда ҳокимиятни қўлга киритганидан бери илк бор Афғонистоннинг Москвадаги элчихонаси устида ҳаракатнинг, айни пайтда эса Афғонистоннинг янги бош рамзига айланган байроқ ўрнатилди. TASS агентлиги, шунингдек, Россиянинг Қобулдаги элчиси Дмитрий Жирновга таяниб, “Толибон” ҳукуматини тан олиш тўғрисидаги қарор Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров таклифи билан Россия Президенти Владимир Путин томонидан қабул қилингани ҳақида хабар берди.
Аслида Россия “Толибон”ни тан олиш жараёнини ўтган йил ўртасидан бошлаб жадаллаштирганди. Хусусан, 2024 йилнинг май ойида Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги Владимир Путинга Толибонни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқаришни таклиф қилганди. Чунки “Толибон” ҳаракати 2003 йилда Россияда террорчи ташкилот сифатида тан олинган. 2021 йил августида Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан кейин мазкур ҳаракат ҳокимиятни қўлга олгач, Путин “Толибон”ни террорчи эмас, балки энди Россиянинг терроризмга қарши курашдаги “иттифоқчиси” деб атай бошлаганди. 2024 йил декабрида эса Владимир Путин қатор вазирликлар таклифи билан “Толибон”ни Россияда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга рухсат берувчи қонунни имзолади. Бу йилга келиб эса Федерацияси Олий суди “Толибон” ҳаракатининг Россиядаги фаолиятини тақиқлашни тўхтатди.
Шундай қилиб, “Толибон” томонидан дунё ҳамжамияти Афғонистон Ислом Амирлиги дея таништирилаётган тузилмани биринчи бўлиб Россия тан олди. Мутахасислар эндиликда ўз минтақасидаги барқарорлик ва унга чегарадош бўлган Афғонистонда мунтазам равишда тинчлик ҳукм суриши ва марказий ҳокимият мустаҳкамланиши зарурати билан “Толибон”ни тан олувчи кейинги давлатлар Марказий Осиё бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Ўзбекистон эса аллақачон ушбу ҳаракат билан жуда яқин алоқаларни йўлга қўйган. Ҳатто бу алоқалар ҳаракат ҳокимият тепасига келгани заҳоти бошланган. Энг қизиғи, Абдулазиз Комиловнинг таъкидлашича, дастлаб Ўзбекистоннинг бундай ҳаракатлари дунё миқёсида хушланмаган, аммо вақт ўтиб, расмий Тошкентни бу борада танқид қилганларнинг ўзи айнан Тошентнинг ўзидан “Толибон” билан алоқа ўрнатишда воситачи бўлишни сўраган ва сўраб келмоқда.