Лавров Россия АҚШ билан қандай муносабатда бўлишни исташини айтди
Олам
−
30 Январь 2022
10909Россия АҚШ билан яхши, ўзаро ҳурматга асосланган, тенг ҳуқуқли муносабатлар ўрнатилишини истайди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.
“Биз Қўшма Штатлар билан, шунингдек, дунёдаги бошқа ҳар қандай давлат билан яхши, ўзаро ҳурматга асосланган, тенг ҳуқуқли муносабатлар ўрнатилишини истаймиз. Россия Президенти Владимир Путин бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байденга айтди, у 2021 йил июнь ойида Женевада бўлиб ўтган учрашувда айнан шундай муносабатни тасдиқлаган эди”, деган Лавров Биринчи каналнинг “як”шанба вақти” дастурида.
Унинг қўшимча қилишича, Россиянинг ҳам АҚШ каби ўз манфаатлари бор.
“Аччиқ тажрибадан сабоқ олган ҳолда, биз ҳар куни хавфсизлигимиз бузиладиган аҳволда қолишни истамаймиз”, деган Россия Ташқи ишлар вазири.
2021 йил охирида Россия АҚШ билан шартнома ва НАТО билан хавфсизлик кафолатлари бўйича келишув лойиҳаларини чоп этди. Хусусан, Москва ўзининг ғарблик ҳамкорларидан НАТОнинг шарқда янада кенгайишини тўхтатиш, Украинани альянсга қўшиш ва постсовет мамлакатларида ҳарбий базалар очишдан бош тортишнинг ҳуқуқий кафолатларини талаб қилмоқда. Таклифларда, шунингдек, НАТОнинг зарба берувчи қуролларини Россия чегаралари яқинида жойлаштирмаслик ва Шарқий Европадаги иттифоқ кучларини 1997 йилги позицияларга қайтариш тўғрисидаги банд ҳам бор.
АҚШ ва НАТО Россиянинг таклифи ва талабларини рад этди. Хусусан, АҚШ Россия билан қуролланишни чеклаш борасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. НАТО эса ташкилотга ким аъзо бўлишини мустақил ҳал қилишини билдирди.
LiveБарчаси