Лавров Блинкен билан гаплашиб, АҚШни провокацияда айблади
Олам
−
12 Февраль 2022
7426АҚШнинг Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги ҳақидаги ташвиқот кампанияси провокацион мақсадларни кўзламоқда. Бу ҳақда Кремль Ташки ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан телефон орқали суҳбати чоғида айтиб ўтди.
Қайд этилишича, бугун, 12 фераль куни Лавров ва Блинкен ўртасидаги суҳбат Америка томони ташаббуси билан бўлиб ўтган.
“Вазир АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан Украинага қарши “Россия агрессияси” ҳақида бошланган ташвиқот кампанияси провокацион мақсадларни кўзлаб, Киев ҳукуматининг Минск келишувларини бузишга ва “Донбасс муаммосини” куч билан ҳал этишга қаратилган зарарли уринишларга ундашини таъкидлади”, дейилади ТИВ хабарида.
Шунингдек, Лавров Блинкенга АҚШ ва НАТОнинг Россиянинг хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифларига жавоби Москва учун асосий қоидаларни эътиборсиз қолдиришни англатишини таъкидлаган.
“ТИВ раҳбари таъкидлаганидек, Вашингтон ва Брюсселнинг Россия-Америка шартномаси ҳамда НАТО билан биз тақдим этган хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги келишув лойиҳасига муносабати биз учун, биринчи навбатда, иттифоқни кенгайтирмаслик, шунингдек, Россия чегаралари яқинида зарба берувчи қурол тизимларини жойлаштирмаслик ҳақидаги асосий қоидаларни эътиборсиз қолдириш”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Лавров Блинкенга Евро-Атлантика ҳудудида хавфсизлик бўлинмаслиги бўйича юқори даражада қабул қилинган мажбуриятларни бузувчи ҳаракатларга йўл қўйилмаслигини эслатди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Сергей Лавров Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс билан музокаралар ўтказганди. Лавров ушбу суҳбатдан ҳафсаласи пир бўлганини айтиб, мулоқотни гўёки соқов ва карлар суҳбатига ўхшатганди. Лиз Трасс эса “соқовлик” ҳақидаги айбловларни рад этган.
Маълумот ўрнида, сўнгги ойларда Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар янада кескинлашган. Вашингтон ва Брюссель Москвани Украинага “босқин” тайёрлаётганликда айбламоқда ва шу фонда Шарқий Европада ўз иштирокини кучайтирмоқда. АҚШ Россия ҳужумга ўтган тақдирда унга санкциялар жорий қилишини айтиб келаётганди.
Россияда барча даъволар рад этилмоқда. Кремль ва Ташқи ишлар вазирлиги “тажовузкорлик” ҳикояларининг мақсади Россия чегаралари яқинида хорижий гуруҳ яратиш эканлигини бир неча бор таъкидлаган. Улар, шунингдек, кескинлашувнинг асосий сабаби қилиб Украинани қурол-яроғ билан таъминлаётган ва шу орқали уни ҳарбий саргузаштлар сари ундаётган АҚШ ва НАТО ҳаракатларини кўрсатмоқда.
LiveБарчаси