Лавров АҚШ визасига умид қиляпти

Олам 6792
image

Америка Қўшма Штатлари ва Бирлашган Миллатлар Бош котиби Антониу Гутерриш барча делегацияларнинг жаҳон ташкилоти Бош Ассамблеясида иштирок этишини таъминлаш мажбуриятига эга. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Москва. Кремль. Путин” дастурига берган интервьюсида сўз очган. Интервьюдан бир парча бугун, Россия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида чоп этилди. 

"Ҳали вақт бор. Мен ҳамкасбларимдан АҚШга бу ҳақда бошқа эслатмасликни сўрадим. Америкаликларнинг ўз мажбуриятлари бор, БМТ Бош котиби ташкилот тадбирларида, жумладан, Бош Ассамблеяда барча делегацияларнинг иштирокини таъминлашга мажбур. Кўрамиз”, дейди вазир, унга “Сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида қатнашиш учун виза берилганми?”, деган саволга жавоб бераркан. 

Аввалроқ Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Шарқий иқтисодий форум доирасида ТАСС агентлигига берган интервьюсида Америка томони БМТ Бош Ассамблеясининг юқори даражадаги ҳафталигида иштирок этиши учун Лавровга виза бериш масаласига ҳали жавоб бермаганини айтганди.  

20 сентябрда анъанавий равишда давлат раҳбарлари ва вазирлар иштирокида бўлиб ўтадиган Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясининг Олий даражадаги ҳафталиги бошланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг дастлабки дастурига кўра, россиялик вазирнинг нутқи 24 сентябрь куни бўлиб ўтиши керак. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган ой ўрталарида Россиянинг АҚШдаги элчихонаси Оқ уй ва Давлат департаментидан мамлакат Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Россия делегациясининг барча аъзоларига сентябрь ойида бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясида қатнашиш учун виза беришни талаб қилган эди. 

Маълумот учун, 25 февраль куни АҚШ Лавровга қарши санкциялар киритган. Россия ТИВ раҳбари АҚШга кириши мумкин эмас.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 150
Рейтинг: 3
t
×