Латвия Россия билан чегарадош ҳудудларда фавқулодда ҳолат жорий қилди
Олам
−
28 Сентябрь 2022
6990Россияда Украинага қарши урушда эълон қилинган “қисман сафарбарлик” фонида Латвия ҳукумати Россия Федерацияси билан чегарадош ҳудудларда фавқулодда ҳолат жорий қилмоқда. Ҳукумат сайтида 27 сентябрь куни чоп этилган баёнотга кўра, фавқулодда чоралар 28 сентябрь куни уч ой муддатга кучга киради.
Ҳужжатга кўра, фавқулодда ҳолат Алуксне, Балви ва Лудза вилоятлари ҳудудида, шунингдек, портлар, аэропортлар, чегара ўтказиш пунктлари ва темир йўлларда жорий этилган. Хабарда қайд этилишича, айни дамда Латвия-Россия чегарасида вазият барқарор, осойишта ва қаттиқ назорат остида, бироқ россияликларнинг кескин оқиб келиши хавфи мавжуд.
“Чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринишларнинг олдини олиш учун аллақачон кучайтирилган назорат ўрнатилган. Бироқ, қисқа вақт ичида муҳожирлар сони ортиши хавфи мавжуд, шунинг учун чегарачилар, агар керак бўлса, шошилинч равишда қўшимча ресурсларни жалб қилишлари учун – давлат полицияси, давлат хавфсизлик хизмати ва миллий қуролли кучлар чегарада фавқулодда ҳолат эълон қилиш керак. Вазиятнинг кескинлашишини кутмасдан, олдиндан эҳтиёт чораларини кўришимиз керак”, дейди Латвия Ички ишлар вазири Кристапс Эклонс.
Латвияга киришнинг янги мезонлари
Ҳукуматнинг таъкидлашича, фақат 19 сентябрдан кучга кирган янги мезонларга жавоб берадиган россияликлар Латвияга киритилади.
“19 сентябрдан ҳозирги кунга қадар 57 нафар Россия фуқаросининг мамлакатга кириш рад этилди. Ҳеч бир Россия фуқароси сайёҳ сифатида Латвия чегарасидан ўта олмайди. Давлат чегара хизмати назоратни кучайтирди, жумладан, барча шахсларни синчиклаб текширяпти. Шунингдек, чегарачилар “яшил” чегарани ноқонуний кесиб ўтишнинг олдини олиш мақсадида жадал патруллик қилмоқда”, дейилади хабарда.
1 сентябрь куни Прагада бўлиб ўтган норасмий учрашувда Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари Россия ва ЕИ ўртасида визалар беришнинг соддалаштирилган тартиби ҳақидаги келишувни тўхтатиб туришга келишиб олдилар. Бу виза олишни узоқроқ, қийинроқ ва қимматроқ қилди. Шунингдек, Россия билан чегарадош давлатлар Россия фуқароларининг киришини миллий даражада чеклаши мумкинлиги ҳақида қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг, Польша, Литва, Латвия ва Эстония Европа Иттифоқига ташриф буюришдан мақсад туризм, бизнес, спорт ёки маданият бўлган Россия фуқароларининг киришига мувофиқлаштирилган тарзда чекловлар жорий этишга келишиб олди. Истиснолар фақат юк машиналари ҳайдовчилари, дипломатлар ва гуманитар сабабларга кўра чегарани кесиб ўтганлар, жумладан диссидентлар учун мавжуд. Россия Федерациясидаги сафарбарлик фонида Латвия сафарбарликдан қочган россияликларга гуманитар ва бошқа визалар бермаслигини аллақачон эълон қилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь