Кушербоев қарши чиққан бюджет қандай қабул қилинди?

Жамият

Жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун депутатлар томонидан бир овоздан тасдиқланган эди.

Бироқ 23 декабрдан 24 декабрга ўтар кечаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда унинг ижросини самарали ташкил этиш бўйича қарор имзолангани ҳақида Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Фармонга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сонини 61 тадан 28 тагача, шу жумладан, вазирликлар сонини 25 тадан 21 тагача қисқартириш бўйича таклиф маъқулланган.

Шунингдек, жами 12 та давлат бошқаруви органи бутунлай тугатилиши назарда тутилган бўлиб, уларнинг 9 таси агентликлардир.
Депутатлар томонидан тасдиқланган “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунда эса ҳар бир вазирликка, бошқа давлат идораларига ажратиладиган маблағлар белгиланган эди.

Натижада энди “вазирликларга ва тугатилаётган агентликларга ажратилган миллиардлар, триллионлар нима бўлади?”, деган савол жамоатчиликда пайдо бўлди. 

Бу саволга эса жавобни 26 декабрь куни Халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида Молия вазири ўринбосари бериб ўтди.

“Давлат бюджетини ростдан ҳам Парламентга киритилганда, муҳокамалардан ўтганда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аввалги структура бўйича қабул қилди. Албатта, 2023 йилнинг бюджети бўйича қонунга ўзгартиришлар киритилади. Чунки ҳар бир вазирликка ажратилаётган маблағлар давлат бюджети қонунига илова сифатида депутатлар томонидан тасдиқланди. Бу яна ўша депутатлар томонидан янги таҳрирда кўриб чиқилади”, дейди вазир ўринбосари.

Лекин орадан бир кунгина ўтиб бюджет тўғрисидаги қонун Сенатда муҳокама қилинди ва худди депутатлар томонидан бир овоздан тасдиқлангани каби сенаторларимиз томонидан ҳам бир овоздан маъқулланиб юборилди.

Қонун таҳрир қилинмай туриб, депутатлар муҳокамасига қайта қўйилмасдан Сенатга тақдим этилган.

Хуллас, Молия вазири Тимур Ишметовнинг маълум қилишича, 2023 йилда давлат даромадлари 232 трлн сўм бўлса, харажатлари 257 трлн сўмни ташкил қилади.

"Ижтимоий соҳалар таркибида асосан, таълим соҳасига 58,4 трлн сўм ажратилиб, шундан 37 трнл сўми халқ таълимига, 11 трлн сўми Мактабгача таълимга, 10,4 трлн сўм Олий ва ўрта махсус таълимига йўналтирилади.
Жумладан, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига давлат бюджетидан 2 трлн 259 млрд сўм субсидия ажратиш, умумий ўрта таълим муассасаларида дарсликларни янгилаш учун 920 млрд сўм, ОТМга давлат гранти асосида квоталарни ошириш мақсадида 984 млрд сўм, тўлов-контракт асосида таълим олувчи талабаларга билим олиш ва тенг шароит яратиш мақсадида таълим кредити учун бюджет ресурслари 1700 млрд сўм, талабалар турар жойларини барпо этиш ва унда яшаётган ҳар бир талабага субсидиялар ажратишга 284 млрд сўм маблағлар ажратилиши режалаштирилган”, деган Ишметов.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасига 28,4 трлн сўм ажратилиши назарда тутилган.

“Бунда 2785 млрд дори-дармон ҳаражатларига, 200 млрд сўм болаларни вакцинация қилиш учун, 138 млрд сўм онкология ёрдамини такомиллаштириш учун, 20,4 трлн сўм иш ҳақлари ва ижтимоий солиқларга, 2,6 трлн сўм бошқа жорий харажатларга ажратилади”, дея маълумотлар билан бўлишди вазир.

Қолаверса, ижтимоий нафақалар ва ижтимоий таъминот учун 33,1 трлн сўм ажратилади.

Ҳудудларни ва тармоқларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш харажатларига эса 3 трлн сўм ажратилади.

Хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлашга давлат бюджетидан 6 трлн сўм йўналтирилади.

Масалан, магистратурада ўқувчи хотин-қизларнинг контракт пулини қоплаб бериш давлатга 200 млрдга тушиши мумкин.

Бундан ташқари, қонун бўйича келгуси йилда Ўзбекистоннинг 19,179 трлн сўм миқдоридаги давлат ташқи қарзининг асосий қисмини қайтариш назарда тутилганини айтди.

Лекин, Тимур Ишметов мамлакатнинг даромадлари унинг харажатларидан камлиги учун етмаётган 56,4 трлн сўмнинг катта қисмини ташқи қарз олиш эвазига қоплашни таклиф қилмоқда.

Яъни 2023 йилда давлат ташқи қарзининг 19 трлн сўм қисмини тўлаймизу, 23,8 трлн сўм миқдорида яна ташқи қарз оламиз.

Шунингдек, етмаётган пулни қоплаш учун 17 трлн миқдорида ички қарз олишимиз ҳам мумкин.

“Ҳурматли сенаторлар, хабарингиз бор Президентимиз “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини имзолади. Мазкур фармон билан 2023 йил 1 январдан мустақил фаолият юритувчи ижро этувчи органларининг сонини амалдаги 61 тадан 28 тага, 25 та вазирликни эса 21 тагача қисқартирилиши назарда тутилган.
Табиийки муҳокама қилинаётган давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасида мазкур маъмурий ислоҳатлар назарда тутилганми, деган савол пайдо бўлади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу фармон ижросини таъминлаш учун қайта ташкил этилаётган республика ижро этувчи органларининг фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш чора-тадбирлари асосида уларнинг тузилмалари, вазифа ва функцияларини аниқ белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланмоқда. Улар тасдиқлангандан сўнггина республика ижро этувчи органларининг сақлаш харажатларига аниқлик киритилиб, қўшимчалар киритилади”, дея таъкидлади Ишметов.

Бунда шу ислоҳотлар натижасида бўшайдиган бюджет маблағлари Президент топшириқларига асосан ижтимоий соҳаларга йўналтирилади. 

“Бундан ташқари вазирлик ва идораларнинг ўрта муддатли ривожлантириш дастурларида белгиланган мақсадларига эришиш кўрсаткичлари ва индикаторлари ушбу вазирлик ва идоралар тўлиқ ташкил этилганидан сўнг тасдиқланиши кутилмоқда”, деб қўшимча қилди у.

Кейин эса Олий Мажлис сенати раиси Танзила Норбоева бу қонуннинг муҳокама қилинишини ҳозирги мавжуд вазият билан изоҳлаб, янги ҳукумат таркиби тўлиқ ўзгаришлар жараёнидан ўтганидан сўнг бу мавзуга яна қайтилишини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

226

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг