Куртуа “Реал”нинг чемпион бўлолмаганида ҳакамларни айблади

Спорт 1137
image

Якунига етган мавсум Ла Лигада чемпионлик пойгаси сўнгги турга қадар қизғин давом этди. Мадрид жамоалари ўртасидаги курашда “Атлетико” ютиб чиқди ва узоқ кутилган чемпионлик титулини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

“Реал”нинг бельгиялик посбони Тибо Куртуа айни дамда терма жамоаси билан Евро-2020 га тайёргарлик кўрмоқда. Куни кеча у журналистлар билан ўтган суҳбатда якунига етган мавсум ҳамда клубидаги ҳолат хусусида сўз юритди.

“Ла Лиганинг бу мавсуми ҳар йилгиданда қизғинроқ ўтди, бу аниқ. Тўғри, гарчи “Атлетико” мавсум давомида ҳаммадан олдинда юрганига қарамай, биз уларга етиб олишга муваффақ бўлдик, бироқ якун кўнгилдагидек бўлмади. Начора.

Шубҳасиз, соврин юта олмаганимиздан хафа бўлдик, бунда ҳакамларнинг ҳам айби йўқ эмас. Биз иккинчи даврада бир неча бор бунга гувоҳ бўлдик. Оддий ўйинларда ҳакамларнинг бир неча нотўғри қарорлари бизни муҳим очколардан маҳрум қилди. Шулар бўлмаганида кубокни қўлга киритишимиз мумкин эди.

Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин, мен айнан бировни ёмонлашни хоҳламайман, аммо масъуллар ҳакамлик масалаларига янада жиддий эътибор берса фойдадан ҳоли бўлмасди”, дейди Тибо Куртуа.

Эслатиб ўтамиз, “Атлетико Мадрид” Испания чемпионатининг сўнгги турида “Вальядолид”ни 1:2 ҳисобида қийинчилик билан енгиб, 86 очко тўплаган ҳолда чемпионликни қўлга киритди. “Реал” эса 84 очко билан кумуш медалларга эга чиқди.

Абдулла Маннонов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 17
Рейтинг: 2.8
t
×