Кўпроқ уйқу, камроқ телефон. Хитой ўқувчилар стрессини камайтирмоқчи
Олам
−
12 Ноябрь 2025 1593 2 дақиқа
Хитой ҳукумати бошланғич ва ўрта мактаб ўқувчиларининг руҳий саломатлигини яхшилаш мақсадида уларнинг академик босимини камайтириш, экран вақтини чеклаш ва ҳар куни 2 соат жисмоний машқларни мажбурий қилиш чораларини кўрмоқда. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Хитой Таълим вазирлиги томонидан эълон қилинган ташаббуслар қуйидагиларни ўз ичига олади: синфларда мобил телефонлардан фойдаланишни тақиқлаш ва интернетга ҳаддан ташқари таянишни камайтириш учун экрансиз вақтни жорий этиш.
Мактаблар бошланғич ва ўрта синф ўқувчилари учун уй вазифаларининг умумий миқдорини қатъий назорат қилиши ва ҳар бир мактаб кунида камида икки соат жисмоний фаолликни таъминлаши керак.
Шунингдек, мактаблар ўқувчиларнинг етарли ухлашини таъминлаш учун келиш ва кетиш вақтларини мақбул тарзда ташкил этиши ва тушлик танаффусларига етарли вақт ажратиши тавсия этилади.
“Уйқуни бошқариш қоидаларини қатъий бажариш, ҳаддан ташқари ўқишни қатъиян чеклаш ва ортиқча академик юкларни олдини олиш зарур”, дейилган вазирлик баёнотида.
Бу чоралар ўқувчиларга стресс ва хавотирга, айниқса имтиҳонлар пайтида, бардош беришда ёрдам бериш учун мўлжалланган.
Маълумот учун, Хитой мактабларида оғир уй вазифалари кенг тарқалган бўлиб, бу уйқунинг етарли бўлмаслиги, хавотир ва депрессия даражасининг ошишига олиб келади.
Таълим вазирлиги октябрь ойида эълон қилган алоҳида хабарда эса ўқитувчиларнинг иш юкини камайтириш мақсадида уларнинг мактабдан ташқари вазифалари чекланиши, дам олиш кунлари ва байрамларда ишлашга рухсат берилмаслиги айтилган.
2021 йилда Хитойда қабул қилинган таълим қонуни уй вазифаларини камайтиришни назарда тутган ва асосий фанлар бўйича мактабдан кейинги репетиторликни тақиқлаган эди. Бироқ кўплаб ота-оналар болаларига Хитойнинг жуда рақобатбардош таълим тизимида устунлик бериш мақсадида репетиторлик хизматларини излашда давом этмоқда.
Live
Барчаси