...кўнгил айнимоқда! – Хуршид Даврон

Таҳлил

image

2012 йилда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси таркибида Президент фармонига кўра ташкил этилган “Madaniyat va ma`rifat” телеканалининг фаолиятидан кўзланган мақсадлар юксак эди. Мен айни ўша кунлар телеканал фаолиятини ташкил этишда бевосита иштирок этганимдан фахрланаман.

Иш бошлаганидан кўп ўтмай канал халқимизнинг назарига тушди. Канал кўрсатувлари телерадиокомпания таркибидаги бошқа каналлар кўрсатувларидан алоҳида ажралиб тургани яққол кўриниб турарди. Бу каналда фаолият юритган ижодий жамоа таркибида телеканал мақсади ва вазифаларини теран англаган журналистларнинг фаолияти кўпчиликнинг диққатига сазовор бўлгани ҳам сир эмас.

Ҳаммаси яхши эди… Аммо, кейинги йиллар “Маданият ва маърифат” телеканалининг фақат номигигина қолдимикан, деган хавотирдаман.

Бу хавотир сабабларини англатиш учун 2019 йил мобайнида “Madaniyat va ma`rifat” телеканали эфирларида кўрганларимни таҳлил қилишга қарор қилдим. Чунки, мулоҳазаларим мана шу очиқ фактлар билан кўпроқ боғлиқ.

Ёзиб ўтганимдек, ўтган қисқа вақт давомида “Madaniyat va ma`rifat” телеканали ўз ўрни ва аудиториясига эга телеканалга айланди. муайян ютуқларга эришди. Аммо кўрсатувларни камида менчалик кузатиб борадиган томошабинларнинг барчасига яхши маълумки, телеканал ҳеч қачон бугунги даражага тушиб кетмаган.

Яқиндан бошлаб “Тундаликлар” кўрсатуви эфирга узатила бошланди. Ҳақиқатдан чиройли ном, чиройли йўналиш танланган. Устоз Асқад Мухторнинг “Тундаликлар”ига мос равишда яхши суҳбатлар бўлди. Кўп давраларда бу кўрсатув ҳақида эътирофлар ҳам бўлди. Катта-катта ёзувчиларимиз, олимларимизнинг мақтовлари қулоққа чалинди. Аммо кўрсатув шу қадар кўп эфирга узатилдики (адашмасам ҳар куни эфирга узатилган вақтлар ҳам бўлди), суҳбатдошларнинг ҳам сараги ва пучаги билиниб қолди. Бир ўрта ёш хонанда ё ўртамиёна актёр билан бир соат давомида нимани гаплашиш мумкин, ахир? Кўрсатув “Тундаликлар”ми, шунга мос равишда суҳбатдошни таклиф қилиш, томошабинларни соғинтириб, ҳафтада бир ё икки марта эфирга узатишса бўлмасмикан, деб ўйладим.

Яқинда номаълум бўлган сабабга кўра – русча олиб бориладиган кўрсатувлар пайдо бўлди. Уларнинг бирининг номи: “Ўзбекона ўзлик”. Кўрсатувнинг русча олиб борилиши ва унга атай қилгандай “Ўзбекона ўзлик” деб ном қўйишнинг ўзиёқ телеканалнинг айни пайтдаги ачинарли аҳволидан далолат бериб турибди. Русча олиб бориладиган кўрсатувни бундай номлаш бориб турган нодонлик бўлса, аслида бунинг маънавий фожеа эканлигини англамаслик, аксинча, шунга очиқ-ойдин йўл қўйиш, томошабин кўз ўнгида шу ишнинг эгаси, қаҳрамони сифатида намоён бўлиш – телеканал учун шармандаликнинг ўзгинасидир. “Madaniyat va ma`rifat”нинг “танлаган” кўрсатувини, танлаган номини қаранг? Ҳар қандай миллий тил миллат маданиятининг, маънавиятининг, санъатининг, қадриятларининг онаси саналади. Миллий қадриятларимиз, санъатимиз ва маданиятимиз номидан иш кўрадиган телеканалда Она тилига муносабат шуми?! Ушбу кўрсатув давлат тили ҳақидаги қонунимизнинг ўттиз йиллигига қилинган туҳфами?! Бу саволни телеканалнинг чучмал номдаги янги кўрсатувларидан бири бўлмиш “Сараланган саналар”ида кўндаланг қўйишга тўғри келади! Бундай жимжимадор номлар нега керак бўлиб қолди? “Сараланган саналар”, “Тафаккурдан томган томчилар” “Маданий термин”. Дарвоқе, “термин” сўзи ўзбекчага “атама” деб таржима қилинишини ҳам эслатиб қўйиш керак. “Маданий” деган сўзнинг ёнида ўзбекча муқобили мавжуд бўлган русча сўз турса яхшимас-да. Телеканалда она тилимизга бағишланган бирорта ҳам лойиҳа йўқ. МТРКда мана шу очиқ фактни оддий бир зиёли сифатида таҳлил қилиб кўрадиган тайинли раҳбар ҳам йўқ, шекилли… Ахир, ҳар қандай мафкуранинг асоси энг аввало, Она тили ҳисобланади-ку?!

МТРКдаги бебошдоқлик шу даражага етдики, шу йилдан бошлаб компания каналларининг деярли барчасида рус тилида олиб бориладиган кўрсатувлар пайдо бўлди. Бу “бўтқа”нинг пайдо бўлишини асло тушунмайман, буни ким “ўйлаб топган бўлса”, у ўта фаросатсиз одам деб биламан.

Ҳақиқатан ҳам рус тилида кўрсатувлар зарурати мавжуд бўлганида телерадиокомпания раҳбарияти халқ билан мулоқот қилиб, суриштирув ўтказиб бунинг нечоғлик заруратини аниқ билиб олиши, бу заруратнинг сабабларини очиқ-ойдин жамоатчиликка маълум қилиши керак эди. Куни-кечагина бир неча она тилимизга беписандлик қилиб, рус тилини давлат тили даражасига кўтаришга бўлган кимсалар уринишига жамоатчилик қандай жавоб берганини яққол кўрдик-ку, ахир! МТРКда юзага чиққан бу ҳолат аслида Она тилимизга, Давлат тилига қаратилган ўша беписандликни пайдо бўлишига хизмат қилмадимикин?

Менинг бу мулоҳазамни рус тилига қаршилик деб эмас, Она тилимиз ҳимоясига қаратилганини англашларини истайман. Бу ишни мутлақ бошқача ташкил этиш лозим эди, яъни ҳақиқатан ҳам рус тилида кўрсатувлар зарурати мавжудлиги аниқланган тақдирда, ҳеч иккиланмай тўлиқ рус тилида фаолият олиб борадиган канал ташкил қилиш маъқул бўларди. Бошқа барча каналлар (Мен бу ўринда нафақат МТРК таркибидаги, қолган барча хусусий ва нодавлат телеканалларини ҳам назарда тутмоқдаман) фақат давлат тилида ишлаши шарт деб белгиланиши лозим. Фақат шундагина Қонун билан ҳимоя қилинган Давлат тилига бўлган муносабат ижтимоий маъно топарди, фақат шундагина Она тилимизнинг нураб ётган мавқеъининг тикланишига хизмат қиладиган бош омил ҳимояси таъминланган бўларди.

“Madaniyat va ma`rifat” концепцион нуқтаи назардан жуда кўп нарсани қамраб олган. Телеканалда она тилига бағишланган кўрсатув йўқ, “зато” (яънким, МТРК раҳбариятининг суюкли тили билан айтганда), тиббиётга бағишлангани бор. “Бебаҳо бойлик” номли арзонгаров кўрсатувни тиббий маданият ҳақидадир-да, деб ўйлашингиз мумкин, лекин унда тиббий маданият тарғиботидан асар ҳам тополмайсиз. Шунчаки, тиббиётга бағишланган, холос. Тиббий маданиятга бағишланган кўрсатув билан шунчаки тиббиётга бағишланганини фарқлаб олиш қийин эмас. Соҳанинг исталган йўналишида гапирилаверади, бу интервью берувчилар учунгина жуда қизиқ ва аҳамиятли бўлса керак. Бунақа шаклсиз, йўриғи номаълум кўрсатувларга нима учун эҳтиёж туғилганини шахсан мен англолмадим. Ниҳоят, буям савияга бориб тақалади.

Яқинда мана шунақа чучмал ном остида яна бир кўрсатув ташкил этилди: “Дилга ташриф”. Сал олдинроқ эрталаблари “Нонушта вақти” кўрсатуви кетарди, кейин у “Хуш кайфият” деб ўзгартирилди. (Адашмасам шундай. Кўрсатувни кўрмаганим учун номини ҳам эслаб қолмаганман) Ана шу “Хуш кайфият” номли тонги кўрсатувда лабларини beautix қилдириб (шишириб), “ҳарир кўйлаклар”да чиқувчи узункиприк қизчалар энди бошқа кўрсатувларда пайдо бўлмоқдалар. Бу тажрибасиз, нўноқ бошловчиларнинг дилимизга қилаётган ташрифларидан кўнгил айнимоқда! Уларни қаердан топиб келишган? Телеканалнинг расмий бадиий кенгаши йўқми? Йўқ бўлса нега тузилмайди? Бор бўлса, у қаерга қараяпти? – тушуниш қийин.

Бирор бир шоир, рассом ёки ҳайкалтарошни ойига беш марта ҳам эфирга кетиши мумкинлигини бир амаллаб ҳазм қилса бўлар (Шоираларимиздан бирини ой давомида ана шундай кетма-кет беришди), лекин айнан битта бошловчининг бир кунда уч-тўртта кўрсатувда кетма-кет чиқишини қандай “ютиб” бўлади. Дарвоқе, бу телеканалми ёки Youtube`ми?! Мана бу ҳолга нима дейсиз: бир куни “Маданият янгиликлари”да чиққан бошловчи орадан бир соат ўтар-ўтмас, “Яхшилик” кўрсатувини олиб боради, яна бир соат ўтмасдан, худди ўша бошловчи “Дилга ташриф”да хонадонимизга учинчи марта “ташриф буюради”. Уч соатнинг ичида-я! Ажаб, ушбу “Дилга ташриф” кўрсатувида кетмайдиган мавзунинг ўзи йўқ. Аммо, ҳаммаси пала-партиш.

Бугунга келиб “Madaniyat va ma`rifat” телеканали дидсизлик, саводсизлик ва фаросатсизлик уясига айланган, пул илинжида миллат болаларига бакалажканинг қопқоғини йиғдириб “маймун ўйнатаётган” телеканаллар даражасига тушиб бормоқда.

Умрининг 20 йилдан зиёдини телевидениеда ўтказган одам, телеканал тамал тошини қўйганларнинг бири, қолаверса, миллат зиёлиларининг бир вакили сифатида телеканал учун жон куйдираман, унинг тобора пастга қараб оғаётганидан қайғураман.

“Madaniyat va ma`rifat” телеканалининг мақсад ва вазифалари унинг ташкил этиш давомида аниқ белгилаб берилган. Гап бу вазифани амалга оширишга қодир, лаёқатли жамоани қайта тиклаш, бу жамоа бошига сиёсатбозликдан узоқ, жўрачилик, маҳаллийчиликдан йироқ, она тилимиз равнақи учун жон куйдирадиган, маърифатли ва маънавияти юксак раҳбарлар туриши керак.

P.S. Яна такрорлайман, умримнинг йигирма йилидан зиёди Ўзбекистон телерадио компанияси каналларида ўтди. Шу сабабдан бу даргоҳда бўлаётган воқеаларга, аниқроғи телеканаллар фаолиятида кўзга ташланаётган айрим камчиликларга бепарво бўлолмайман. Бу гапларни ёзаяпману бошқа бир гап онгу шууримда айланади. Бир пайтлар бир донишманд кутилаётган ижтимоий ўзгаришлар ҳақида гапираётиб, лўнда қилиб айтган эди: “Ҳамма гапни айтадиган кунлар келади. Аммо, унутма, бўтам, ўшандаям, бу гапларни эшитадиган қулоқ топилмайди…”

Хуршид Даврон, журналист.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Хуршид Даврон

Баҳолаганлар

73

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар