Кун тартибида “козёл”лик: Кушербоев, Қодиров ва Алламжонов камера борасида тортишяпти
Жамият
−
17 Март 2021
27514Ўзбекистонда тадбиркорлар томонидан кўчаларда йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд этувчи камераларнинг ўрнатилиши кун тартибига чиқиб улгурди. Бу масала жамоатчилик томонидан жиддий муҳокама қилиняпти ва аҳоли норозиликларига сабаб бўляпти. Фуқаролар қоидабузарликларни суратга олиб, жаримага тортиш ва шу орқали пул ишлашни “козёл”лик деб баҳолаяпти.
Ҳозиргача ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолатга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев, Алишер Қодиров ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўзи муносабатини билдириб ўтди.
Кушербоев ўз муносабатини депутат сифатида, балки барча қатори ҳайдовчи позициясидан билдираётганини алоҳида урғулаган.
“Тадбиркорларнинг радар қўйиши ҳақида гапирадиган бўлсам, омадини берсин, қўяверишсин. Мен ҳам депутат сифатида “ҳа бу тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, у ёқ, бу ёқ”, деб фикрларга қўшилишим мумкин. Лекин оддий фуқаро, ҳайдовчи сифатида айтадиган бўлсам, бу одамларнинг психологиясига жуда ёмон таъсир қиляпти. Биз етарли инфраструктура яратмай туриб ҳамма жойга радар қўйдик, яна телефонда суратга олиб, жўнатворса пул беради деб… Қўпол қилиб айтганда “козёл”лар жамиятига ўхшаб кетяпти”, деган Кушербов.
Депута бугун 10-15 минг сўм учун бошқа бировни сотаётган одамлар вақти келиб, кўпроқ пул учун Ватанини ҳам сотишга тайёр бўлиши мумкинлигини айтиб ўтган.
“Мен ҳам оддий инсонман. Бу “сотқинлик, “козёл”лик-ку, деб мен ҳам айтаман. Аввало, сен кимгадир шуни қўллаётган бўлсанг, шунинг ўрнида ота-онанг ёки ўзинг бўлишингни тасаввур қил, ўзингдан ўтказгин. Агар ўзингда оғримаса, шуни қил, деган бўлар эдим. Балки, бу инсонлар учун синовдир. Лекин мен шуни билдимки, ўзининг фойдаси йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган одамлар кўп экан. Уларга 10-15 минг сўм беряптими, эртага 100 минг сўм бериб, Ватанингни сот, деса ҳам сотворишга тайёрлар кўп экан. Бу жуда ёмон. Вақти келиб бу тўхтар. Агар менинг қўлимда бўлганида тўхтатган бўлар эдим.
Бу депутатлар аралашувисиз бўляпти. Депутатлар фақат қонун қабул қилади. Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказяпти. Яна бир марта айтаман, бу яхшимас аслида. Лекин профилактика учун деб кимлардир айтаётгандир, тўғрисини айтсам, мен бунга қўшилмаган бўлар эдим. Бу қандай тарбия? Сотқинларни етиштириб чиқараётганга ўхшаб қоляпти-да. Бу эртага нима оқибатларга олиб келиши мумкин? Яъники, шундан қайтмаган одам, эртага бундан ҳам оғирроқ нарсани таклиф қилсангиз “пул учун тап тортмайдиган одамларни” яратиб қўймаяпмизми, деган жойи ҳам бор. Бироқ иккинчи томони йўлларда тартиб бўлишига шароит яратиб беради”, дея жамиятдаги аҳволга ҳам тўхталиб ўтган Кушербоев.
Шундан сўнг, у қоидабузарликларга қарши бу даражада қаттиқ курашиш учун аввало инфратузилмани яхшилаш кераклигини алоҳида таъкидлаган.
“Лекин “парковка” масаласи, йўлларнинг аҳволи — таъмирталаблиги, баъзан мажбур бўлиб қоидани бузиб қўяди. Ҳамма шароит қилиб қўйилган бўлса, ўшанда ҳам одамлар очиқчасига [қоида] бузаётган бўлса, бу ҳаддидан ошибди, мана шу ерга қилиш керак, яъни бошқалар ҳам расмга олиб жўнатаверсин, дер эдим. Лекин ҳалигача инфратузилма яхши қилиб берилмаган-ку. Баъзи жойларда, бозорлар ва йирик савдо мажмуалари атрофида “парковка”нинг ўзи йўқ. Марказда ишхоналар жойлашган жойга боринг, айланиб юраверасиз қаерга қўйишни билмай. Касалхоналарни олдида шароит йўқ. Мажбур бўласиз қоидани бузиб қўйишга. Нима қилиш керак?”, деган Расул Кушербоев.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов эса Кушербоевнинг фикрларига қарши чиқди.
“Жамият қонунбузарликларни беркитиши керак эмас. Бу ҳақда гапирган одамлар “козёл”га чиқиши хато. Мана, яқинда бир одам кичкина бир қизни ўғирлаб кетаётган пайт, бу ҳолат ҳам одамлар ёрдамида, уларнинг видеолари орқали бартараф этилди. Демак, улар ҳам "козёл"ми? Логика шундай бўляпти.
Албатта, одамлар орасида “солидарность” бўлиши керак, лекин қонун-қоида бузилишини яширишда эмас. Биз тартибли ва хуқуқий жамият қуришга интилишимиз, уни тарғиб қилишимиз керак. Ўзи шундоқ ҳам кўп масалалар “не по закону, а по понятиям” ҳал қилинадиган бўлиб қолди”, дея ёзган Алламжонов.
“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси депутат Алишер Қодиров эса бу масала юзасидан ўз фикрларини билдириб улгурди. У бу масалада камера ўрнатишниниг ашаддий тарафдори эканини яшириб ўтирмаган.
“Хуқуқбузарлик доимо хуқуқбузарликдир. Жазоланиши шарт. У расман қайд этиладими, фуқаро томонидан хабар бериладими, фарқи йўқ. Жарима оғирми? Тартибга риоя қилиб яшанг, тамом.
Қоидабузарлик ҳақида хабар берган “хоин”лардан эмас, эгоист ва лоқайдлардан қўрқиш керак.
Хатоингизни "сотганлар" кўзингизга қанча балодек кўринмасин, ҳеч бўлмаса кейинги сафар хатони такрорламасликка ёрдам беради. Эгоист ва лоқайдлар эса манфаатига тўғри келмаса нафақат тартиббузар, балки террорчини ҳам кўрмай қолиши мумкин”, деган Қодиров.
Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бошқармаси бошлиғи Шоҳидахон Йўлдошева депутат Расул Кушербоевнинг мавзу юзасидан фикрига муносабат билдирди.
“Аслида, ҳуқуқбузарларга нисбатан “сотқинлик” жамиятга ва Ватанга садоқат деб қаралиши керак. Шу ахлоқдан бўлади!”, дейди вазирлик вакили.
Вазирлик расмийси қонун чиқарувчи ҳокимият вакилининг гаплари “жамиятимиз учун мутлақо кутилмаган тескари сигнал” бўлганини қайд этиб шундай савол қўйган: “Депутат қонун устуворлиги учун хизмат қилмаса, давлат қаерга боради?”
Йўлдошева фақат ҳайдовчиларгина йўл ҳаракати иштирокчиси эмаслигини эслатиб, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда юз берган турли ЙТҲларда 10 мингдан ортиқ одам ўлгани, бундан икки баробар кўп инсон жароҳатланганига эътибор қаратган.
“Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олаётганларга “сотқин” таърифи ёпиштирилса, у ҳолда мен ҳам ана шундай “сотқин” бўлишга тайёрман ва бундан фахрланаман”, дея ёзган у мақоласида.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мунозарали мавзуга тўхталиб, тадбиркорлар томонидан автомобиль йўлларига камералар ўрнатиш тартибини жорий қилишда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратишга чақирди. Хусусан, ташкилот қуйидаги муҳим масалаларни қайд этган:
• камералар ўрнатилиши кўзда тутилган нуқталарда йўл белгилари талаб даражада бўлишини таъминлаш;
• бозорлар, аҳоли гавжум жойлар атрофида автотураргоҳлар етарли бўлишини ҳисобга олиш;
• фавқулодда вазиятларда рўй бериши мумкин бўлган қоидабузарликларни инобатга олиш;
• тизим ёрдамида аниқланган қоидабузарликлардан ундирилган жарималар қаерга сарфланаётганини жамоатчиликка эълон қилиб бориш.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил декабрь ойида "Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарори қабул қилинганди. Қарорга кўра, 1 мартдан бошлаб тадбиркорларга йўл ҳаракати бузилганини қайд этувчи камера ва радарлар ўрнатиш ҳуқуқи берилади. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий техник воситалари ўрнатиладиган жойларни тадбиркорларга бириктириш электрон аукцион савдолари орқали амалга оширилади.
LiveБарчаси