Кулеба Болгариядан Украинани қурол-яроғ билан таъминлашни сўради 

Олам

image

Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Европа Иттифоқи ва НАТО давлатларини ўз мамлакатини қурол-яроғ билан таъминлашда давом этишга чақириб, Болгария ҳукумати Киевга ёрдам бериш учун қўлидан келган барча ишни қилишига умид билдирди. Бу ҳақда у Болгарияга расмий ташрифи доирасида республика Президенти Румен Радев билан учрашувида сўз очган.

Музокаралар давомида ТИВ раҳбари Болгария ҳукуматидан Украинага қурол-яроғ етказиб беришини сўраган. 

“Биз Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо барча давлатларга жанговар самолётлардан тортиб, зирҳгача бўлган қуроллар рўйхатини тақдим этдик. Болгария иккала ташкилотга ҳам аъзо. Биз бу давлатнинг миллий манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда талаб қилмаймиз, балки сўраймиз”, дейди Кулеба.

Вазирнинг сўзларига кўра, бошқа давлатларнинг Украинага ёрдами фақат ҳарбий соҳа билан чекланмайди. 

“Биз Болгариянинг украиналик қочқинларга мезбонлик қилаётгани ва мамлакатимизнинг Европа Иттифоқига интеграциялашувида Софиянинг ёрдамини қадрлаймиз. Умид қиламанки, Болгария ҳукумати Киевга ёрдам бериш имкониятини кўриб чиқади”, дейди у. 

У, шунингдек, Қора денгиз минтақасида тинчлик ва фаровонликни ўрнатиш учун Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирган. 

Болгария раҳбари ўз навбатида, урушнинг илк кунлариданоқ Россиянинг Украинага бостириб киришини қоралаб, Москвага қарши санкцияларни қўллаб-қувватлаганини айтиб ўтган. 

“Болгария украиналик қочқинлар учун эшикларни очди. Мамлакатимизда 91 мингдан ортиқ украиналик бошпана топди”, дейди Радев.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

128

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг