Кўчани ўртасига чиқиб хўроз уриштираётганларда виждон борми? – Қамариддин Шайхов
Жамият
−
06 Апрель 2020
10858“Карантин қоидаларига амал қилиш ҳақидаги бонг урилаётган бир пайтда, шундай жиддий вазиятда тўй қилаётган, нафақат ўзи ва бошқаларнинг фарзандини ҳам хавфга қўйиб, туғилган кунларни ўтказаётган ота-оналарнинг виждони борми? Кўчани ўртасига чиқиб хўроз уриштириш нима деган гап?” QALAMPIR.UZ интернет нашри раҳбари Қамариддин Шайхов “Ўзбекистон 24” телеканалидаги чиқишини юқорига кескин танқидий фикрлар билан бошлади.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатда коронавирусга чалинган беморлардан бири шифокорларга мурожаат қилмай, уй шароитида ўзини даволашга урингани айтилган эди. Телевизион суҳбатда ушбу масала яна бир бор муҳокама қилинди.
“Чарчоқдан бошимиз оғриса, ҳеч нарса бўлмадикин деб хавфсираб қоляпмиз. Бу одам шунча кун касаллигини яшириб қандай ўтирган? Наҳотки, ота-онаси, яқинлари, фарзандларини ўйламади? Бу одамнинг виждони қани? Одамлар нима учун бу даражада бефарқ ва бепарво бўлиб кетяпти. Дунёнинг аҳволини кўринг. Кечагина бизга келмайди деган мамлакатлар ўлим даражаси бўйича юқори ўринларга чиқиб олди”, дейди Қамариддин Шайхов.
Маълумки, мамлакатда 24 мартдан эътиборан кучайтирилган тартиб эълон қилинди. Жорий йилнинг 30 мартидан бошлаб 20 апрелгача махсус рухсатнома, стикерсиз автомобиль бошқариш тақиқланди. Айни шу вазиятда ижтимоий тармоқларда нолиётган, айниқса, таксиларни ўйлашмайдими, қандай рўзғор тебратади, деяётганлар талайгина.
“Пулимиз йўқ, рўзғор нима бўлади дейишяпти. Тушунамиз. Аммо, дунё иқтисоди орқага қараб кетяпти. Сиз кўчага чиқишда давом этинг, яна қанча вақт пулингиз бўлмас экан. Ўша таксилардан бирига бирор бемор ўтирса борми, кунига унинг эшигини очиб-ёпадиган камида 50 кишига, боринг ана 25 кишига ушбу касалликнинг юқиш эҳтимоли юқори.
Албатта, бироз қийинчилик бўлаётгандир, бироз муаммолар ҳам бордир. Лекин булардан чиқиб оламиз. Баҳамжиҳатлик, бирлашишимиз, халқнинг кучи билан албатта, чиқиб оламиз”, дейди журналист.
Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларда таниқли шахсларнинг хайрия қилмаслиги билан боғлиқ масала долзарб бўлиб турибди. Ҳолбуки, хайриялар қилинган, фақат ошкор этилмаган. Қамариддин Шайхов ушбу масалада ҳам сўз очди.
“Ҳозир бировга танбеҳ, дашном бериб, таъна қиладиган давр эмас. Ҳам зиёли қатлам, ҳам кам таъминланганман деб жар солаётган айрим одамлар ўртасидаги можаро, хайрия қилдинг ё қилмадинг дейишлар – жуда нотўғри нарсалар. Биз ҳозир кимнидир айблашимиз эмас, балки бу вазиятдан қандай қилиб чиқиб оламиз, кейин нима қиламиз деб, янги иш режаларини тузадиган даврда турибмиз”, дейди Қамариддин Шайхов.
Маълумки, жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилгани юзасидан расмий ахборот берилди. Орадан бир ҳафта ўтиб Тошкент шаҳрида жамоат транспорти чекланиши, мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона ва ташкилотлар имкон қадар ишни онлайн режимда ташкил этиши кераклиги айтилди. QALAMPIR.UZ Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари орасида биринчилардан бўлиб ушбу қарор қабул қилингунгача, яъни 22 март кунидаёқ Тошкент марказидаги иш жойини бўшатиб, ишни тўлиқ онлайн режимда ташкил этди. Айни вақтда барча ходимлар ўз уйидан туриб фаолият юритмоқда. Ишдан озод этилган, тўловсиз меҳнат таътилига чиқарилганлар бўлмади. Таҳририят фаолиятини аввалги тартибда давом эттирмоқда. QALAMPIR.UZ интернет нашри раҳбари Қамариддин Шайхов “Ўзбекистон 24” телеканалидаги чиқишида шулар ҳақида гапираркан, нашр аввал бошданоқ #UydaHayotBor шиорини олға сургани ва буни амалга оширишни ўз жамоасидан бошлаганини айтади.
“Биз уйдан туриб ишлаяпмиз ва уйда ҳам пул топиш мумкинлигини ўзимизда синаб кўряпмиз. Албатта, осон бўлаётгани йўқ, осон иш қаерда бор. Лекин қўлимизда қандай имкониятларимиз борлигини билиб олдик. Уйда қолинг деб эслатишим шарт эмас. Унинг муҳимлигини сезиб турибсиз. Мен уйда ҳаёт бор дейман. Уйда севги, уйда бахт, уйда саломатлик, уйда оила, уйда ишонч ва хавфсизлик бор. Такрор ва такрор айтаман: уйда ҳаёт бор”.
LiveБарчаси