Ксения Собчак Россияга қайтди(ми?)

Маданият-санъат 5939
image
-

Россиялик журналист Ксения Собчак Россияга қайтди. У кеча, 7 ноябрь куни Латвия орқали Россиянинг Псков вилоятига кириб келган. Бу ҳақда бир нечта рус нашрлари хабар бермоқда.

Хабарларда қайт этилишича, Собчакни чегара ўтказиш пункти олдида унинг турмуш ўртоғи Константин Богомолов кутиб олган. Бу маълумотларни унинг яқинлари ва Собчакни ўз кўзи билан кўрган гувоҳлар тасдиқлаган.

Расмий нашрлар ҳар қанча бонг урмасин Ксения Собчакнинг ўзи Россияга қайтгани ҳақида эълон қилганича йўқ. Аммо, бу кутилмаган ҳолат эмас. Сабаби Собчак ўтган кунлар ичидаги шов-шувларга ҳам тайинли муносабат билдирмаган эди.

Эслатиб ўтамиз, Аввалроқ  Ксения Собчак Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 163-моддаси 3-қисми “б” банди (йирик миқдордаги мол-мулкни қўлга киритиш мақсадида товламачилик) бўйича гумон қилинган эди. Ушбу иш бўйича Собчакнинг тижорат директори Кирилл Суханов ва “Tatler” газетасининг собиқ бош муҳаррири Ариан Романовский (Кузмин) қўлга олинган ва бевосита Собчакнинг ўзига 15 йилгача қамоқ жазоси хавф солиши ортидан у Россиядан қочиб кетган эди. Собчак Беларус Республикаси орқали Литвага, Исроил паспорти билан кириб борган.

Кейинроқ Россия Ички ишлар вазирлиги товламачилик ишида Собчакни гумонланувчи сифатида жалб қилиш ҳақидаги қарорни бекор қилди. 4 ноябрь куни у Исроилда ўзи тайёрлаган видео репортажни интернетга юклаган.

Унинг онаси сенатор Людмила Нарусова эса қизини тез орада ортга қайтишини маълум қилган эди.

Маълумот ўрнида, Ксения Собчак Санкт-Петербургнинг собиқ мэри Анатолий Собчакнинг қизи бўлиб, унинг 1990 йилларда ҳамкори Владимир Путин бўлган. У Россия телевидениесида кўп ишлаган, машҳур шоуларнинг бошловчиси эди. 2011 йилги Давлат Думасига сайловлардан сўнг у норозилик акцияларида қатнашди ва Мухолифатни мувофиқлаштириш кенгашига қўшилди. 

Шундан сўнг у бир неча йил “Дождь” телеканалида ишлади, телеканал мухбири сифатида у Владимир Путиннинг матбуот анжуманларида қатнашди. 

2018 йилда Собчак президентлик сайловларида қатнашди, оммавий ахборот воситалари сайловларга эътиборни қаратиш ва мамлакатда мухолифат борлигини кўрсатиш учун унинг номзоди Кремль билан келишилганини ёзди. Унинг ўзи бу айбловларни рад этди. 

Украинада уруш бошланганидан сўнг, россиялик журналистларга босим сезиларли даражада ошди, маъмурий ва жиноий кодексларга армияни обрўсизлантириш ва ҳарбий фейкларга оид моддалар киритилгани сабабли юзлаб оммавий ахборот воситалари ходимлари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

Улуғбек Худойберганов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 93
Рейтинг: 3
t
×