Кремлнинг Абхазия “лойиҳаси” тўсиққа урилди
Таҳлил
−
22 Ноябрь
6990Бундан 16 йил муқаддам бир тўда сепаратистлар Россия қўллови остида постсовет ҳудудида ўзига хос фурор кўтарган ва катта тезликда модернизациялашган Грузиянинг ҳудудий яхлитлигини парчалаб, Абхазияни ундан ажратиб олди. Бу ҳолат Грузияга жуда оғир оқибатларни олиб келди. Мамлакат сиёсий беқарорлик ичида қолиб, ҳокимият тепасидаги ёш ислоҳотчи элита катта қийинчиликларга дуч келди. Абхазия эса ўзини мустақил деб эълон қилди. Унинг “давлатчилигини” эса зудлик билан энг аввало Россиянинг ўзи тан олди. Кейинчалик Абхазияга нисбатан бундай ёндашув БМТ резолюцияларида доим Россия танловини ўзининг танлови сифатида кўрадиган баъзи саноқли давлатлар томонидан ҳам содир бўлди. Яъни улар мазкур бўлгинчи ҳудудни мустақил давлат сифатида тан олди. Грузиянинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Абхазия, мана 16 йилдирки дунё миқёсида тан олинмаган, ҳали ҳам Грузияга тегишли жой сифатида кўриладиган ва халқаро майдонда квази ҳудуд деган салбий мақомга эга бўлиб келмоқда. Ўз ҳукумати, парламенти ва бошқа шу каби бошқарув тузилмаларига эга бўлган Абхазияда сўнгги кунларда жуда кескин намойишлар бўлиб, бунинг ортидан ушбу тан олинмаган субъектнинг “президенти” истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Рус тадбиркорларига кўз кўриб қулоқ эшитмаган имтиёз бериш орқали Абхазия келажаги ва бойлигини бус-бутунлигича Россияга туҳфа қилиш дея талқин қилинган шартнома сабаб ҳудудда намойишлар алангалаб кетди. Қуйида Кремль лойиҳаси бўлган Абхазия атрофидаги қизғин баҳс-мунозаралар тарихи ва бугун бу жараён қандай тус олгани ҳақида батафсил тўхталамиз.
Абхазлар кимлар? Улар нега сепаратистга айланди?
Майдони 8640 квадрат км, 2023 йил ҳисобига кўра 243,600 дан кўпроқ аҳолига эга Абхазиянинг туб аҳолиси абхазлар ҳисобланиб, улар этник келиб чиқишига кўра, Шимолий Кавказдаги черкесларга яқин миллат эканлиги айтилади. 1864 йилда Россия империяси босқини остида бўлган Абхазия 1930 йилда СССР таркибида Грузия Республикасидаги автономияга айлантирилди. 1991 йилда Совет Иттифоқи қулагач, Абхазия ундан мустақилликка эришган Грузиянинг бир қисми бўлиб қолди. Аслида халқаро ҳуқуқ ва дунё ҳамжамияти учун ҳали ҳам шундай. Фақат баъзи сепаратист кучлар ва уларнинг ортида турган асосий “ўйинчилар”нинг ўтмишдаги бузғунчи ҳаракатлари туфайли бу борада бугун фундаментал муаммолар сақланиб қолмоқда. Бугунги низолар тарихи эса 1992 йилги қуролли қўзғолонга бориб тақалади. Шу йили Абхазиядаги бўлгинчи кучлар Грузиянинг қонуний ҳукуматига қарши қўзғолон уюштирди. Исёнчилар Грузия кучларини мағлуб этди ва 1993 йилга келиб, Абхазия устидан назорат ўрнатди. 1994 йилда эса икки ўртада сулҳ тузилди. Ҳудудга Россия тинчликпарвар кучлари жойлаштирилди, бироқ жанговар ҳаракатлар содир бўлиши узлуксиз давом этди. Бу вақтгача Абхазия аҳолисининг деярли ярмини грузинлар, бешдан бир қисмини эса этник абхазлар ташкил қиларди. Бундан ташқари, ҳудудда руслар, арманлар ва беларуслар ҳам истиқомат қилган. Мазкур воқеалар фонида абхазлар ва Грузиядаги қонуний ҳукумат ўртасида можаро кескин тус олгандан сўнг кўплаб грузинлар ва арманлар Абхазияни тарк этиб, мамлакатнинг бошқа ерларига кўчиб кетади. 1999 йилга келиб эса Абхазия Грузияни яна беқарорлик гирдобида қолдирган ҳолда ўз мустақиллигини эълон қилди.
Аммо унинг бу ҳаракати халқаро ҳамжамият томонидан кескин эътирозларга сабаб бўлиб, ҳудуднинг бундай статуси тан олинмади. Абхазия билан бирга Россияга чегарадош бўлган Грузиянинг яна бир ҳудуди – Жанубий Осетия ҳам расмий Тбилиси томоғига тиқилган суяк эди. Абхазияда қачон айирмачилик кайфияти ва ўзини мустақил деб эълон қилиш ҳаракатлари содир бўлса, бу билан деярли бир вақтда Жанубий Осетияда ҳам шу каби ҳолат кузатиларди. Мазкур икки бўлгинчи ҳудудда ҳар қандай айирмачилик ҳаракатлари параллел тарзда амалга оширилар эди. Масалан, Абхазия 1999 йилда ўзининг ҳеч ким томонидан тан олинмаган “мустақиллигини” эълон қилганда, шу вақтда Жанубий Осетия ҳам ўзига ўзи шундай статус совға қилганди. Кейинги воқеалар ҳам шу тахлит давом этди. Айирмачи кучларга нисбатан қаттиқроқ чора қўллаш эса “атиргуллар инқилоби”дан кейин ҳокимиятга келган Саакашвили даврида юз берди. У 2004 йилда Грузия ҳудудий бирлигини ва мамлакатнинг бўлгинчи минтақалари – Абхазия ва Жанубий Осетияни назорат қилишни устувор вазифага айлантирди. Дастлаб бу уринишлар муваффақиятсиз кечди. Аммо 2006 йилда Грузия Абхазияда жойлашган Кодори дарасининг бир қисмини ўз назоратига олишга муваффақ бўлди. Шундай бўлишига қарамай, бу пайтда Абхазиянинг катта қисми ҳали ҳам Грузия назоратидан ташқарида эди. Россия эса бу пайтда Абхазия борасида жиддий ёндашувга ўтган ва ундан қурол сифатида фойдаланган ҳолда, тобора ривожланиб бораётган Саакашвили бошчилигидаги Грузияга зарба бериш йўлларини ахтараётганди. 2008 йилда эса бу учун жуда қулай фурсат туғилди. Ҳар 4 йилликнинг энг оммавий спорт мусобақаси – Олимпиада ўйинлари бошланиш арафасида Россия ҳарбий ҳаракатларга старт берди. Россия қўшинлари мазкур икки бўлгинчи ҳудуддаги ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ниқоби остида 6 август куни Грузия чегарасида қўшинларини тўплаб бўлганди. Дастлаб Жанубий Осетияда бошланган можаро Пекин Олимпиадаси очилиш маросимидан икки кун ўтиб, Абхазияда алангалади. Бу XXI асрда Европа қитъасида содир бўлган биринчи уруш эди. 10 август куни Россия ва Грузия кемалари ўртасида денгизда ўзаро қарама-қаршилик содир бўлди. Абхазия кучлари Грузия томонидан эгаллаб турилган Кодори дарасига ҳужум қилиб, қуролли тўқнашувдаги иккинчи фронтни очди. Абхазия артиллерияси ва самолётлари 9 август куни юқори Кодори дарасида Грузия қўшинларига қарши кучли ҳужумни бошлади. Россия кучлари 11 августда Абхазиядан Ғарбий Грузияга кириб келишди. Қатор шаҳарлар ва ҳарбийлаштирилган объектлар рус ҳарбий кучлари томонидан бирин-кетин эгаллаб олинди. Жанглар авжига чиққан пайтда Россия ҳаво кучлари Тбилиси ва унинг атрофидаги ҳудудларга ҳам бир неча бор ҳужум қилди. Вазият борган сари жиддий тус олгандан сўнг, Саакашвили маъмуриятида сулҳ тузишдан ўзга чора қолмади. Ўша пайтда Россияни номигагина бошқариб турган Дмитрий Медведев 12 август куни операция тўхтатилганини эълон қилди. Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози воситачилигида икки ўртада Саакашвили ва Грузия манфаатларига зид бўлган сулҳ тузилди. Шундай қилиб, Россиянинг 6 кун давом этган ноқонуний қуролли ҳужуми тўхтатилди. 16 август куни Россия президенти Дмитрий Медведев шартномани имзолади. Бир кун ўтиб Медведев Россия қўшинларини Грузиядан олиб чиқишини эълон қилди ва 19 августда икки мамлакат ўртасида асирлар алмашинуви амалга оширилди. Аммо можаро бу билан тўхтаб қолмади. Россиянинг Грузия ҳудудий яхлитлигига ҳужуми энди бошланганди. Чунки орадан кўп ўтмай Россия Думаси таклифига биноан 26 август куни мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Медведев Абхазия ва Жанубий Осетиянинг мустақиллигини тан олиб, Грузиянинг ҳудудий яхлитлигига жиддий путур етказди. Шундай қилиб, сепаратистик ҳаракат учун жуда қулай пайт ва шароит пойлаган Россия ўз мақсадига етди. Бутун дунё эътибори ҳар 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақасига қаратилган маҳал Кремль XXI асрда рўй берган Европадаги биринчи урушни жуда қисқа вақт ичида ўз фойдасига ҳал қилди. Пекин ёзги олимпиадаси бошланишидан икки кун олдин бошланган ҳужум, мазкур мусобақа тугашидан роппа-роса икки кун олдин тўлалигича Россия манфаатларига мос равишда ҳал қилинди. Россиянинг бу ҳаракати халқаро ташкилотлар, дунё давлатларининг аксар қисми, хуллас деярли барча томонидан қораланди. Грузия ҳукумати Россия билан дипломатик алоқаларни узди ва уларнинг бу қарори ҳозиргача сақланиб қолмоқда.
Кейинги воқеалар ривожи
“Мустақиллиги” Россия томонидан тан олингандан сўнг халқаро майдонда Кремлдан бошқа яқин дўсти йўқ бўлган баъзи давлатлар, хусусан, Сурия, Никарагуа, Науру ва Венесуэла кабилар ҳам Абхазияни тан олди. Бу воқеалардан сўнг бўлгинчи минтақа ҳукумат ва бошқа бошқарув органларини такомиллаштириб борди. Тан олинмаган мамлакат пойтахти сифатида эса Қора денгиз бўйидаги Сухуми шаҳри танланди. Аҳолининг қарийб ярми грузин бўлса-да, улар Абхазия ҳукмрон ҳукуматида деярли йўқ бўлиб қолишди. Баъзи маълумотларга кўра, грузинлар бу ерда ҳатто ҳуқуқсиз ҳолатга тушиб қолишади. Ўзларининг наздида Грузиядан “мустақил” бўлган Абхазиядаги тан олинмаган ҳукумат ва “давлатчилик” бир текисда кетмади ва бу ҳали ҳам давом этмоқда. Ҳудуддаги “президент” лавозимига келиш ва кетиш доимо можаро ва кескинликлар фонида ўтади, худди бугунгидек. Жумладан, 2014 йил июнь ойида, ҳудудда намойишлар юз бериб, улар “президент” саройига бостириб киради. Намойишчилар “президент”ни Россия ҳарбий базасидан бошпана излашга мажбур қилади ва бир неча кун ўтгач, у истеъфога чиқиб, ўрнига мухолифатни бошқарган собиқ “вице-президент” Рауль Хажимба президент этиб сайланади. Аммо кейинчалик у ҳам истеъфосини мажбурлашга қаратилган уюшган ҳаракатларга дуч келди. Шундай бўлишига қарамай, 2019 йилдаги сайловда иккинчи муддатга интилди. Ушбу сайлов мухолифатнинг асосий номзоди Аслан Бжаниянинг тўсатдан заҳарланиши оқибатида ортга сурилади.
8 сентябрь куни бўлиб ўтган иккинчи сайловдан сўнг Хажимба кўплаб овозларни қўлга киритди ва ғолиб деб эълон қилинди, аммо иккала номзод ҳам 50 фоиздан кўп овоз ололмаганди. 2020 йил январь ойида сайловлар бекор қилинди ва Хажимба икки кундан кейин истеъфога чиқди. Март ойида янги сайлов ўтказилганда, Бжания кўпчилик овозларни қўлга киритди ва тан олинмаган субъектнинг раҳбарига айланди. Бугун эса Бжаниянинг ўзи худди олдинги раҳбарлар сингари истеъфога чиқди. Намойишчилар кўплаб муассасаларни эгаллаб олиб, қаршиликлар жиддий тус олгач, уни ҳам Россия ҳарбий базасига яширинганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинчалик унинг матбуот хизмати бу хабарларни рад қилган бўлса-да, доим тан олинмаган Абхазия раҳбарлари намойишлар пайтида ҳудудда жойлашган Россия ҳарбий базасига қочгани ҳақида хабарлар ёйилиши шубҳали, албатта. Шунинг ўзи ҳам бу ерларнинг бошқарув ипи қаерга боғлангани ва Абхазия аслида давлат эмас, аксинча кимнингдир лойиҳаси эканини кўп эҳтимол яққол очиқлаб беради.
Лойиҳа барбод бўлдими?
Тан олинмаган Абхазия республикасида жорий йил ноябрь ойининг биринчи ярмида жуда кескин норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Мухолифат россиялик инвесторлар учун катта имтиёзларни назарда тутувчи қонун лойиҳасига қаршилик билдирди. Москва ва Сухуми ўртасида инвестицияларни жалб қилишга қаратилган мазкур нотенг шартнома қуйидагича. Унга кўра, россиялик инвесторлар Абхазияга 2 миллиард рубль, яъни 20 миллион доллардан юқори сармоя киритади ва у 25 йил давомида солиқлардан озод бўлиш имкониятини қўлга киритади. 25 йил. 10 йилгача бўлган бир неча йиллик солиқ тўламаслик имтиёзлари нормал ҳолат. Аммо хорижлик, бўлиб ҳам россиялик инвестор учун Абхазияда 25 йиллик имтиёз бу шунчаки – протекторат шартномасидек кўриниши тайин эди. Шунинг учун мухолифат 25 йил давомида бюджетга бир тийин ҳам келтирмайдиган бундай инвестиция лойиҳалари умуман керак эмаслигини таъкидлади. Россия компанияларига йирик солиқ имтиёзлари тақдим қилиш кўзланган мазкур мазмундаги инвестиция шартномаси Абхазиядаги оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Абхазиядаги мухолифат Москва билан келишувни “манфаатларнинг тўғридан тўғри таслим бўлиши” деб эълон қилди ва уни ратификация қилишдан воз кечишни талаб қилди. Аҳоли ғазаб отига минди. Абхазияни Россияга текинга туҳфа қилишни англатадиган бундай шартнома уларни кескин чоралар қўллашга мажбур қилди. 15 ноябрь куни юзлаб намойишчилар мамлакат парламенти олдидаги тўсиқни бузиб, ҳудудга бостириб кирди ва оқибатда кучишлатар тузилмалар билан тўқнашув содир бўлди. Полиция кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди ва камида тўққиз кишини жароҳатлади. Аммо бу қаршиликларни тўхтата олмади. Шу куни мухолифат вакиллари ҳукумат бинолари мажмуасининг барча қисмларини, шу жумладан, Вазирлар Маҳкамасини тўлиқ назоратга олди. Тартибни таъминлаш учун ичкарида бўлган куч тузилмалари ходимлари эса биноларни тарк этишга мажбур бўлди. Қайд этилишича, намойишчилар Сухумидаги “президент” маъмурияти биноси эшигини бузиб кириб, у ерни ҳам эгаллаб олганди. Мухолифат ва намойишчилар бу пайтда нафақат шартномани бекор қилиш, балки “президент” истеъфосини ҳам талаб қилишга ўтди. Аммо тан олинмаган Абхазия республикаси раҳбари Аслан Бжания мухолифат талабларига зид равишда истеъфога чиқмаслигини айтди. Бжания матбуот хизмати унинг мурожаатидан кейин у Россия ҳарбий базаси ҳудудига кўчирилгани ҳақидаги даъволарни рад этди ва у ўзи туғилиб ўсган Тамиш қишлоғида эканлиги айтилди. Бироқ норозилик кайфияти чуқурлашиб борар экан, Бжания истеъфога чиқмаслиги айтилганидан бир кун ўтиб, мухолифатнинг мазкур талабига бўйсунишга рози бўлди. У Тамиш қишлоғидаги мактабда ўз тарафдорлари билан учрашувда сўзлаган нутқида муддатидан олдин лавозимни тарк этишга тайёрлигини ҳам маълум қилди. Шу билан бирга, у муддатдан олдин президентлик сайловларини ўтказиш, бунинг шарти сифатида эса норозилик акцияларининг тугатилиши ва мухолифат вакилларининг эгаллаб олган ҳукумат биноларидан чиқиб кетишини талаб қилган. Бжанияга кўра, агар муддатдан олдин президентлик сайловлари ўтказилса, у янги муддат учун яна ўз номзодини қўйишни ҳам режалаштирган. Шундай қилиб, 19 ноябрда тан олинмаган Абхазия республикаси “президенти” Аслан Бжания истеъфога чиқиш ҳақида ариза берди. Шу куни давлат бинолари ҳудуди ва мажмуаси ичига йиғилган фуқаролар тарқалиб кетди.
“Грузия орзуси” бўлгинчиларни Грузияга қайтара оладими?
Айни дамда “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун туфайли Грузия Европа Иттифоқига кириш имкониятлари 0 гача пастлаганига қарамай, жорий йил май ойида мамлакат Бош вазири Ираклий Кобахидзе Грузиянинг 2030 йилда Европа Иттифоқига аъзо бўлиши ва бу пайтга қадар Абхазия ва Жанубий Осетияни ўз таркибига қайтармоқчи эканини очиқлади. Бундан ташқари, жорий йилда Грузия ҳукумати ва Россия ўртасида дипломатик музокаралар эҳтимоли ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Кейинчалик бу хабарлар ўз тасдиғини топди ҳам. Кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлган бу янгилик фонида жорий йил октябрь ойида Бош вазир Кобахидзе Абхазия ва Жанубий Осетия Россия томонидан оккупация қилингани туфайли Грузия Москва билан узилган дипломатик алоқаларини тиклашни режалаштирмаётгани, айни дамда фақатгина музокаралар бўлиши мумкинлигини айтди. Аммо Грузия ва Россиянинг эҳтимолий музокаралари ва Абхазия сепаратистлари билан келишиши қанчалик реаллиги номаълум. Чунки Грузия президенти Саломе Зурабашвили аввалроқ Россия Абхазияда янги ва доимий ҳарбий денгиз кучлари базасини қуришни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантирганди. Шу боис Россия Абхазиянинг Грузияга реинтеграциялашувига рози бўлиши даргумон. Албатта, Қора денгиз билан 210 км лик чегараси бор бўлган ва тадбиркорлари учун 25 йиллик солиқ имтиёзларини қўшқўллаб бериб юбориши мумкин бўлган қулай ҳудудни ким ҳам қўлдан чиқаришни истайди.
LiveБарчаси