“Кремлга олтин шартлар таклиф қилинган”. Зеленский офиси БМТни танқид қилди

Олам

image

Украина Президенти девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк Ғарб ОАВларининг БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг дон келишуви бўйича Кремлга киритган “махфий таклифи” ҳақидаги маълумотларига изоҳ берди. Бу ҳақда у “UNIAN”га берган интервьюсида сўз очди.

Подолякнинг сўзларига кўра, БМТ урушнинг тарғиботчисига айланиб, Россияга кейинги ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришга, Кремль ўзи қилаётган ишларда Киевни айблаши мумкин бўлган Украина бўйича навбатдан ташқари йиғилишлар ўтказишга рухсат бермоқда, шунингдек, бир қатор жиддий қонунбузарликлар учун Россия Федерациясининг БМТдаги аъзолигини тўхтатиб қўйишдан бош тортмоқда.

Бундан ташқари, Подоляк Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан ғалла келишувини қайта тиклаш эвазига Россияга қарши санкцияларни кенг миқёсда олиб ташлаш бўйича “яширин музокаралар” олиб бораётган ташкилот Бош котибининг шахсий ташаббусига ҳам изоҳ берган.

"У очиқдан-очиқ бутун дунёни Россия олдида тиз чўкишга таклиф қилмоқда", дейди Подоляк Бош котиб Гутерриш ҳақида.

Хусусан, у Россия Қишлоқ хўжалиги банкини SWIFT глобал молиявий тизимига қайтадан киритишни, барча санкциялар чекловларини – маълум даражада ҳарбий техникани кўпайтириш учун ишлатилиши мумкин бўлган қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беришда бекор қилишни таклиф қилади. Шунингдек, Россия маҳсулотлари учун Европа мамлакатлари портларини очиш, Россия учун оптимал хавф суғуртасини таъминлаш (кема суғуртаси), музлатилган активлар ва ҳоказоларни олиб ташлаш кабилар ҳам шулар жумласидандир.

"Бу таклиф глобал дунё тартибини иложи борича камситувчи ва ҳақоратловчидир. Яъни у моҳиятан БМТни бекор қилади. Гарчи ташкилот ҳеч қаерда йўқ бўлиб кетмаса ҳам, Россия Федерацияси томонида уруш тарғиботчиси сифатида ишлашда давом этади”, дейди Подоляк. 

Унинг сўзларига кўра, Кремлга таклиф қилинган "олтин шартлар" Россияга жиддий босим ўтказишда давом этиши керак бўлган кўплаб келишувларни бекор қилади. Бироқ, БМТ Бош котибининг таклифи бунинг акси – бу Россия Федерацияси учун барча "эшикларни" очади.

“Россия Федерацияси ғалла бўйича келишувдан нафақат чиқди, балки Украина инфратузилмасини намойишкорона тарзда йўқ қилмоқда. Россия Федерацияси, биринчидан, Украина тимсолида жаҳон бозоридаги рақобатчисини йўқотяпти. Иккинчидан, у давлат бюджетига катта даромад келтирувчи экспортга йўналтирилган асосий тармоқлардан бири бўлган саноатимизни ишдан чиқармоқчи, учинчидан, ўз маҳсулоти учун янги йўлак очмоқчи. Тўртинчидан, у қишлоқ хўжалиги районларини – Николаев, Херсон, Одесса, Запорожьени, транспорт ва логистика инфратузилмаси, портларни вайрон қилмоқда”, дея таъкидлайди Подоляк.

Қолаверса, Россия Қора денгиз устидан тўлиқ назоратга эга эканлигини, унинг иштирокисиз ҳар қандай бизнес фаолияти тугатилишини билдириб қўймоқчи.

"Яъни, Россия нафақат санкцияларни олиб ташлашни, балки саноат бозорини қайта тақсимлашни истайди. Ва БМТнинг ушбу таклифлари орқасига яширинган ҳолда, ўз ишида давом этади", дейди Подоляк.

Шу билан бирга, маслаҳатчи Украина Дунай портлари, Хорватия, Руминия орқали ишлай олишини ва Туркияга кемаларни кузатиб боришини, қолаверса, Қора денгизда ҳукмронлик учун ҳарбий-денгиз дронлари ёрдамида кураша олишини айтган.

"Энди эса Россия Федерацияси Қора денгиздаги Украинанинг ҳарбий ҳаракатларини тўхтатишни талаб қилмоқда. Чунки бу унинг нефтини ташишга ҳам таъсир қилиши мумкин. Шунингдек, даромадларига ҳам... Аслида йўқотишдан қўрқиб, нефть йўлакларини бузган ҳолда, Россия Федерацияси БМТга босим ўтказмоқда”, деб таъкидлаган Подоляк.

Унинг фикрича, Кремль Украинага қарши бошлаган уруш лакмус синови каби кимнинг кимлигини кўрсатади. Маслаҳатчининг фикрича, энди БМТ инқирозли вазиятларни ҳал қилиш мумкин бўлган халқаро платформа бўлиб хизмат қилмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Зеленский Гутерриш Подоляк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг