Кремль Путиннинг даромади, автомобиллари ва “квартираси” ҳақида маълумот берди

Олам 13296
image

Россия Президенти Владимир Путиннинг 2020 йилдаги даромади 9 миллион 994 минг рублни ташкил этган. Бу ҳақда Кремль веб-сайтида эълон қилинган Президент Путиннинг даромадлари, харажатлари ва мол-мулки тўғрисидаги декларациясида маълумот берилган.

Хабарга кўра, Путиннинг 2020 йилги даромади 2019 йилдаги 9 миллион 726 минг рублга нисбатан 268 минг рублга кўпайиб, жами 9 миллион 994 минг рублни ташкил этган.

Президент Путиннинг 2017 йилдаги даромади рекордлигича қолмоқда. Ўша йили у 18,7 миллион рублдан ортиқ даромад қилган, аммо бу сумма 15 сотихлик ер участкасини сотишдан тушган маблағни ҳам ўз ичига олади.

Кремль тақдим қилган декларацияда Путинга тегишли, деб айтилган қуйидаги мулклар қайд этилган: майдони 77 квадрат метр бўлган квартира, майдони 18 квадрат метр бўлган гараж, иккита ноёб “Волга” ГАЗ М21, “Нива” ва трейлер “Скиф”. 

Қайд этилишича, Президент Путин майдони 153,7 квадрат метр бўлган квартира ҳамда майдони 18 квадрат метрга тенг гараждан фойдаланади. Ушбу объектларнинг барчаси Россияда жойлашган.

Таққослаш учун Россия Бош вазири Михаил Мишустин 2020 йилда 19 миллион 853 минг рубль ишлаб топган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 942
Рейтинг: 2.9
t
×