Кредитларнинг ўсиши ўтган йилгидек бўлмайди – Марказий банк раиси
Интервью
−
20 Апрель 2020
7531Марказий банк асосий ставкасининг 1 фоизга туширилгани сабабли инфляциядан хавф-хатар камроқ баҳоланмоқда. Пандемия ортидан келган иқтисодий инқироз сабабли 30 триллион сўм маблағлар револьвер кредитларга йўналтирилади. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов davletovuz’ га берган интервьюсида айтиб айтиб ўтган.
“Айни кунларда ишлаб чиқаришларнинг бир қисми тўхтаб турибди. Бу шароитда биз инфляциянинг бир фоиз камайишини кутяпмиз. Шу нуқтаи-назардан ҳам фоиз ставкамизни камайтиришни амалга оширдик.
Фаол кредит сиёсатига тўхталсак, бу ҳам амалга ошади. Лекин ҳамма нарса имконият доирасида бўлади. Банклар 20 триллион кредитларни қайтариш муддатини узайтирилиши банкларда 20 триллион кредит бериш имконияти чекланди деганидир. Банкларни 30 триллион маблағи револьвер кредитга ажратиши, бу уларнинг кредит портфелидаги инвестицион лойиҳаларга берадиган кредитларининг ҳисобидан бўлади”, дейди Мамаризо Нурмуратов.
Раиснинг сўзларига кўра, келаётган инқироз туфайли 2-3 йилга мўлжалланган лойиҳалар маблағлари ишлаб турган лойиҳаларга йўналтирилади. Таъкидланишича, Марказий банк бу йил инфляция нуқтаи-назардан хатарларни кўрмаяпти.
“Кўплар тушунишадики, 30 триллионни Ҳукумат ёки Марказий банк банкларга беряпти. Йўқ. Биз банкнинг ички жамғармаларидаги йўналишларни ўзгартиряпмиз. 2-3 йилдан кейин самара берувчи инвест лойиҳаларга мўлжалланган маблағларни ҳозир биз онгли равишда револьвер, яъни ишлаб турган тадбиркорлик субъектларининг узлуксизлигини таъминлашга йўналтирамиз. Бу билан ўз-ўзидан таклифни ўтган йилгидан камайтирмасликка ҳаракат қиламиз. Бунда ҳам биз инфляцион таъсирни кўрмаяпмиз.
Ҳисоб-китобларимизга кўра, кредитларнинг ўсиши ўтган йилгидек бўлмайди. Бу ЯИМнинг номинал ўсиши доирасида кредитларни ўсишини кўряпмиз. Биз бунда инфляцияни монетар нуқтаи-назаридан ҳам ўсишини кўрмаяпмиз, хатарларини камроқ баҳоляпмиз. Инфляцион таргетлашда бу йил кутган инфляциямиздан бугунги кунга келиб бир фоиз кам бўлади деганимиз ҳам аслида шу. Бизнинг мақсад ҳам, ҳукуматнинг мақсади ҳам инфляцияни жиловлашдир. Биз таргетлашдаги йўналишдан чиқишни мўлжал қилмаяпмиз”, дейди Марказий банк раиси.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банкнинг асосий ставкаси 1 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 15 фоиз даражасида белгиланган эди.