Коса тагидаги ним косалар. Президент нима демоқчи бўлганди?
Таҳлил
−
31 Декабрь 2022
3712521 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев анъанавий мурожаатномасини эълон қилди. Унда Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатига доир бир қатор масалалар ўрин олган эди. Унда белгиланган йўналишлар ҳақида батафсил Мурожаатноманинг ўзида ҳам танишиб чиқиш мумкин. Бугун биз мурожаатномада тилга олинган энг муҳим нуқталар, унда тилга олинган кескин фикрлар ҳақида ҳикоя қиламиз.
Янги Қорақалпоғистон
Мурожаатномада менинг диққатимни тортган энг биринчи ҳолат Қорақалпоғистон эди. Бу эътибор қаратилиши кутилган нуқта эди, назаримда. Чунки, Ўзбекистонда охирги 15 йилда бундай ҳодиса кузатилмаган эди ва бу янги маъмурият учун жиддий синов бўлди, дейиш мумкин. Мурожаатномада Қорақалпоғистондан бошқа бирор ҳудудни ажратиб гапирилмаганидан ҳам сезиш мумкинки, янги йилда ҳукумат республикага алоҳида эътибор қаратади. Зотан, 2017 йилдан Қорақалпоғистонда кўпгина лойиҳалар амалга оширилди. Мирзиёев шу тариқа ҳудуддаги айирмачилик ҳаракатларининг олдини олишга ҳаракат қилиши табиий.
Шу ўринда, яна бир эътиборни тортган ҳолат Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон воқеаларида хориждаги кучлар борлигига яна бир бор шаъма қилгани бўлди. Хусусан, халқаро муносабатларда ўзаро ишонч камайиб кетаётганига урғу берар экан, бу ҳолатни Қорақалпоғистондаги воқеалар мисолида Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаётганига эътибор қаратди. Аммо бу ерда қайси тарафдан ишончсизлик борлиги, қайси тарафдан хавф-хатар борлиги ҳақида аниқ гап айтилмади.
Энди тугаётган йилни кўздан ўтказиб, минтақада нималар юз берганини эсласак, балки “ишончсизлик” қаердан келаётганини фаҳмлашимиз ҳам мумкин. Январь ойида юз берган Қозоғистондаги воқеалар, февраль ойида Россиянинг бир неча бор Украинага уруш қилиш нияти йўқлигини айтатуриб, тўсатдан бостириб кириши, Беларусь ҳукмдорининг Ўзбекистон ҳақидаги гаплари, буларнинг барчаси “ишончсизлик” қаердан эканига ишора бераётгандек.
Ихчамлаштирилган бошқарув
Мурожаатноманинг энг кўп муҳокама қилинган нуқтаси, шубҳасиз, бир қатор вазирлик ва идораларнинг қисқартирилиши бўлди. Мавжуд 61та вазирлик ва идора икки кун ичида қайта тузилиб, 28 тага туширилди.
Ҳақиқатдан, ўтган йиллар мобайнида жуда кўп вазирлик ва қўмиталар тузилган эди. Ҳатто халқ, жамоатчилик орасида бу ўзига хос кулгуга ҳам сабаб бўлган. Бунинг сабаби сифатида Президент кўпайиб кетган соҳалардаги муаммоларни ҳал қилиш учун шунга мажбур бўлинганини кўрсатиб ўтди. Лекин қисқарган ташкилотларнинг ходимларининг келажаги ҳақида ҳозирча аниқ бир нарса дейиш қийин. Ҳатто айрим ташкилотлар ушбу қарордан бир оз эсанкираб қолганини ҳам кўриш мумкин.
Аслида, ихчам бошқарувга ўтиш, кераксиз штатларнинг кўплиги доим гапириб келинган. Лекин охирги йилда юз берган баъзи ўзгаришлар бу борада бошқачароқ хулосалар қилишга ундамоқда. Улардан энг каттаси Президент Администрацияси тизимида юз берган ўзгаришлардир. Бу йил Администрация деярли барча соҳани назорат қилмоқда ва шу фонда Вазирлар Маҳкамаси ваколатлари қисқармоқда. Администрацияда янги йўналишлар очилди, Адлия вазирлиги таркибида бўлган Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ПАга ўтказилди. Бу билан Ўзбекистонда кучли президентлик бошқарувига қараб борилаётгандек тасаввур пайдо бўлади.
Лекин шунга қарамай, бу ихчам бошқарув шакли қанча давом этишини олдиндан айтиш қийин. Яна ҳаммаси аввалги ҳолига қайтиши ҳам мумкин.
Экология доим долзабр
Мурожаатномадан ўрин олган яна бир муҳим нуқта шуки, у барчамизни бирдек хавотирга солиши, ҳаракатга ундаши керак. Бу экологик муаммолар ва сувсизлик. Марказий Осиё сув муаммоси билан бугун тўқнаш келаётгани йўқ. Қарийб 50-60 йилдан буён қишлоқ хўжалиги тизимидаги сувдан фойдаланиш механизмлари эскириб кетгани, сувдан оқилона фойдаланиш йўлга қўйилмагани бизнинг фалокатимиз бўлиши мумкин.
Бир пайтлар, сув масаласида қўшни давлатлар билан жиққамуш бўлинган даврлар ҳам бўлган. Бундан ташқари, Афғонистон томонидан Амударёда қурилаётган канал лойиҳаси ҳам Мирзиёевни бу масалага алоҳида тўхталишга ундаган бўлиши мумкин. Шу жиҳатга алоҳида эътибор қилиш керак. Чунки Ўзбекистон ҳукумат ўзгарган Афғонистон билан яхши алоқаларни олиб боришга ҳаракат қилмоқда. Шу сабабли ҳам мурожаатномада бу ҳолат бўйича кескин фикр билдирилмади. Аксинча, бу масала халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этилишини таъкидлаган Президент, қўшниларнинг ҳам буни қўллаб-қувватлашига ишониниши билдирди.
Қиш – ўзбекнинг қоронғу туни
Қиш бошланиши билан энергетика тизими қай аҳволда эканини барча ҳис қилади. Бу йил аввалгиларданда муаммонинг катталиги сезилди. Ҳатто Энергетика вазири муаммо айнан тизимда эканини тан олди. Ҳатто Президент ҳам ўз мурожаатномасида муаммонинг бугун пайдо бўлмаганини яна бир бор қайд этди. У аввалги йиллардаги чиқишларида ҳам бу ҳақида бир неча марта гапирган. Бу борада диққат қилиш керак бўлган нуқта шуки, энергетика соҳасида эркин бозор механизмларига ўтиш охирги кунларда энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири бўлди. Мирзиёев ҳам бунинг зарурлигини яхши англашини айтиб ўтди. Бироқ аҳоли даромадларидан келиб чиқиб бу ишга шошмасдан, босқичма-босқич ўтиш зарурлигини таъкидлади. Демак, энергетика тизими бўйича эркин бозоргача ҳали бор.
ОАВда муҳокамаларга сабаб бўлган яна бир мессеж шу эдики, бу газ қазиб чиқаришга олдин берилган барча лицензияларнинг қайта кўриб чиқилиши ва самарасиз ишлаётган корхоналарнинг ёпилиши. Аммо ҳозирча нечта компанияга лицензия берилгани, кимлар бу иш билан шуғулланаётгани борасида аниқ маълумот йўқ. Ҳатто баъзи бир корхоналарга берилган эксклюзив ҳуқуқлар борасида вазирлик ходимлари бунинг яширин маълумотлар эканини ҳам таъкидлаган эди.
Президент томонидан айнан энегетика борасида бундай чиқиш қилинишига халқаро вазият ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. Чунки, Россиянинг Украинада олиб бораётган уруши сабаб дунё энергетик инқирозга ёқасига келиб қолди. Бундан ташқари, газ бўйича Россия билан нотенг шартномалар фонида, маҳаллий истеъмол учун газнинг етишмаслиги муаммоси келиб чиққани вазият ҳақида гапириб, халқни тинчлантириш ҳам керак эди.
Умуман юқорида кўриб чиқилган нуқталар доим ҳам долзарб бўлиб келган. Уларнинг юқори минбарда туриб янграши бошқаларга ўзига хос хабарнома сифатида кўрилиши ҳам мумкин. Ҳозирча аниқ хулосалар бериш бир оз қийин. Аниқ картина ҳосил бўлиши учун чуқурроқ таҳлилларга эҳтиёж бор.
Жаҳонгир Остонов
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15