“Коррупцияга йўл қўйганлар кечирилмайди“. Мирзиёев баъзи раҳбарларни қатъий огоҳлантирди
Жамият
−
15 Апрель 2022
11075Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, иқтисодий ва инвестиция комплекслари таркибига кирувчи идоралар, айниқса солиқ, банк, инфратузилмага жавоб берадиган идора раҳбарлар тадбиркорнинг ҳар бир лойиҳасини амалга оширишга шахсан масъул ва жавобгар бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 15 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сўз очди.
Давлат раҳбари бугунги селектор доирасида тадбиркорлик учун қўшимча 500 миллион доллар кредит маблағлари ажратилаётганини таъкидлади.
“Нима учун? Чунки, қанчалик қийин бўлмасин, ҳозирги мураккаб вазиятда халқимиз фаровонлигини, давлатимизнинг барқарор ривожланишини ўйлашимиз шарт. Ажратиладиган ҳар бир доллар, ҳар бир сўм бюджетданми, банкданми - бу ҳаммаси халқнинг пули. Маблағлар фақат ва фақат ўзини оқлайдиган, одамларнинг даромадини оширадиган ва иш ўринлари яратадиган лойиҳаларга йўналтирилиши керак”, дейди Мирзиёев.
Йиғилиш давомида Президент вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, иқтисодий ва инвестиция комплекслари таркибига кирувчи идоралар, айниқса солиқ, банк, инфратузилмага жавоб берадиган идора раҳбарларини қатъий огоҳлантирди.
“Ушбу раҳбарлар тадбиркорнинг ҳар бир лойиҳасини амалга оширишга шахсан масъул ва жавобгар бўлади. Бюрократия ва коррупцияга йўл қўйганлар кечирилмайди, айбдорлар сўзсиз жавобгарликка тортилади”, дейди Президент йиғилиш якунида.
LiveБарчаси