Коррупция ҳақида хабар берганлар мукофотланади

Жамият 5704
image

Ўзбекистонда коррупция ҳолатлари ҳақида ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берганлар пул мукофоти билан тақдирланади. Бунинг учун Давлат бюджетидан 300-500 млн сўм ажратиш керак бўлади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси белгиланди. Лойиҳа Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокмаси порталига жойлаштирилди.

Унга кўра, Қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

а) коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида берилган хабар учун ‒ базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари;

б) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлса, базавий ҳисоблашнинг қуйидаги миқдорида:

•    ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун ‒ беш баравар;

•    унча оғир бўлмаган жиноят учун ‒ етти баравар;

•    оғир жиноят учун ‒ ўн баравар;

•    ўта оғир жиноят учун ‒ ўн беш баравар;

в) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлса, базавий ҳисоблашнинг қуйидаги миқдорида:

•    ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун ‒ ўн баравар;

•    унча оғир бўлмаган жиноят учун ‒ ўн беш баравар;

•    оғир жиноят учун ‒ йигирма баравар;

•    ўта оғир жиноят учун ‒ йигирма беш баравар;

г) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан кўп бўлса, қуйидаги фоиз ҳисобида ҳисобланади:

•    анча миқдор (БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача) учун ‒ ўн беш фоизи;

•    кўп ёки жуда кўп миқдор (БҲМнинг 300—500 бараваригача ҳамда 500 баравар ва ундан кўп) учун ‒ ўн фоизи.

Ҳужжатда айтилишича, Давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун ҳар йили қўшимча ўрта ҳисобда 300-500 млн сўм маблағлар талаб этилади.

Қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлган тақдирда пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

•    фуқаронинг ўзига нисбатан талаб қилган шахс ҳақида тегишли органларга берган хабари асосида бундай ҳуқуқбузарлик фош этилиши;

•    расмий идоралар вакилларининг ўзига нисбатан пора беришни таклиф этган ёки пора талаб қилган шахс ҳақида ёхуд ўзига маълум бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида берган хабари асосида ҳуқуқбузарлик фош этилиши;

•    коррупцияга оид жиноятни содир этганлиги учун қидирувда бўлган шахс тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берган хабар асосида қидирувдаги шахс ушланиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари бундан мустасно.

Лойиҳа Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган ва 3 сентябрга қадар муҳокамада бўлади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 122
Рейтинг: 3
Теглар
t
×