Коронавирусга чалинган беморларнинг 13 нафари оғир аҳволда – Отабеков
Жамият
−
11 Апрель 2020
6526Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг 13 нафари оғир аҳволда қоляпти. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.
“Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморлар сони 694 нафарни ташкил этди. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 104 беморнинг 28 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти, 8 нафарининг аҳволи оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасида даволанаётган 108 бемордан 5 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда”, деди Нурмат Отабеков.
Унинг таъкидлашича, беморларнинг барчаси тегишли тиббий муолажаларни оляпти. Вилоятларда даволанаётган беморлар учун Тошкент шаҳри билан тўғридан тўғри телемулоқот, телемаслаҳатлашув тизими ташкил этилган. Барча ҳудудлардаги беморлар назоратга олинган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар сони 694 нафарга етди. Бугунгача касалланганларнинг 42 нафари даволанган, 3 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси