Коронавирус яна бир йўл билан юқиши аниқланди

Олам

image

Хитойда пайдо бўлган янги COVID-19 (2019-nCoV) коронавируси ёпиқ жойда аэрозолнинг юқори концентрациялашуви ҳолатида ҳам юқиши мумкинлиги аниқланди. Бу ҳақда Хитой Соғлиқ сақлаш давлат қўмитаси хабарида айтилган, деб хабар бермоқда “Kyodo News”.

Қўмитанинг янги коронавирус бўйича бераётган навбатдаги маълумотларига кўра, ҳаво-томчили ва алоқа йўллари вирус юқишининг асосий йўллари ҳисобланади. Шунингдек, вирус “яқин” алоқа натижасида юқиши айтиб ўтилган.

Бундан ташқари, қўмита нисбатан ёпиқ жойда узоқ муддат қолиш натижасида вирус юқори концентрациялашган аэрозоль орқали ҳам юқишини айтиб ўтган.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 29 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия, Миср ва Эронда аниқланди.

Вирусдан бугунгача 2247 киши ҳалок бўлди, 76 738 киши у билан касалланди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.

Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой вирус

Баҳолаганлар

275

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг