Коронавирус пандемияси 10 йил давом этиши тахмин қилинмоқда — Мирзиёев

Жамият 7676
image

Президент Шавкат Мирзиёев видеоселекторда Ўзбекистондаги эпидемиологик ҳолат мураккаблашганига тўхталиб, вакцинацияни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

“Мен жаҳоннинг етакчи олимлари тадқиқотлари билан қизиқдим: коронавирус пандемияси 10 йил давом этиши тахмин қилинмоқда. Биз энди бу вирус билан яшашни ўрганишимиз зарур”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, коронавирус тарқалиши яна кучайиб кетган.

“Афсуски, касаллик тарқалиши яна кучайиб кетди. Вазият мураккаб, бундай вазиятда эса асосий чора — вакцинацияни кучайтириш. 3 млн доза Moderna вакцинасини 4 августда эмас, эртароқ олиб келяпмиз. Ўзимизда “Спутник” вакцинасини ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз.

Энди фаол эмланиш зарур. Мени ҳайрон қолдираётгани зиёли одамлар ҳам вакцина олишдан қайтаришяпти. Халқимиз саломатлигини сақлаш учун барча чораларни кўрамиз”, дейди Президент.

Давлат раҳбари ҳукумат ҳар бир фуқаро ҳаёти учун курашишда ва бунинг учун зарур воситаларни йўналтиришда давом этишини таъкидлаб, фуқаролар ўз ҳаётлари ва саломатликлари учун масъул эканликларини яна бир бор эслатиб ўтган.

“Вакцина олганлар шифохонадан тўрт кунда чиқяпти, эмланмаганларга эса жуда оғир бўляпти. Ҳа, вакцина олгандан кейин касалланиш мумкин, лекин касаллик енгил формада кечяпти”, дея қайд этган давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX дастури орқали ажратилган Moderna вакцинасининг 3 миллион дозаси 29 июл куни махсус рейс билан Ўзбекистонга етказилиши кутилмоқда.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши бўйича антирекорд деярли ҳар куни янгиланмоқда. Жорий йил 27 июль ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 126627 нафарни ташкил этмоқда. Сўнгги суткада 843 кишида коронавирус аниқланган. Ўтган бир суткада 8 нафар бемор ушбу касалликдан вафот этган.


 

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 206
Рейтинг: 3
t
×