Коронавирус организмга қай тарзда киради?
Жамият
−
19 Август 2020
12735Коронавирус инфекцияси тарқалиши бугунги кунда долзарблигича қолмоқда. Вируснинг юқиш йўллари кўп бўлиб, инфекция асосан бурун ва оғиз бўшлиғи орқали ўпкага тушади. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти доценти Aбдумўмин Хушбоқов коронавируснинг бурун орқали юқиши ҳақида маълумот берди.
“Коронавирус организмга бурун ва оғиз орқали киради. Биз бурун орқали нафас оламиз ва вирус асосан шу аъзодан организмга ўтади. Коронавирус бурун бўшлиғига киргандан кейин шиллиқ қаватда 7,35 – 7,45 ишқорий муҳит бор. Бу дегани бурун бўшлиғидаги шиллиқ қаватлар намлик ичида ишқорий муҳитни сақлайди”, деди Aбдумўмин Хушбоқов.
Доцентнинг сўзларига кўра, бурун шундай хусусиятга эгаки, у ҳимоя вазифасини бажаради. Бурун бўшлиғига тушган ҳаво айланма ҳаракатланиб, бурун ичидаги эгри йўллардан ўтгандан кейингина исиб, намланиб, тозаланган ҳолда ҳалқум ёрдамида нафас йўлига ўтиб кетади.
Вирус ишқорий муҳитга келиб тақалганидан кейин у ерда тўсқинликка учраб нобуд бўлади. Коронавирус инфекцияси жуда тез кўпаяди. Бурун бўшлиғи шиллиқ қавати инфекциянинг ҳаммасини бирданига зарарсизлантириш қобилиятига эга эмас.
“Организмнинг ташқи муҳитга таъсир кўрсатиш қобилияти ҳар доим ҳам бир хил бўлавермайди. Иммунитет паст бўлганда инфекция янада тезлик билан кўпаяди. Вирус бурун ва томоқда 2 кунгача сақланади. Ундан кейин маълум бир миқдорга етади ва ўпка томон ҳаракатланади, дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти доценти.
Маълумот учун, бутун дунёда ушбу вирусни юқтириб олганлар сони 22 млндан ошган бўлса, бу кўрсатгич Ўзбекистонда эса қарийб 37 мингга етди.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси