Коронавирус хавфи мавжудлигида антибиотикларнинг ўрни қандай? Эксперт жавоб берди

Жамият 7425
image

Бугун аҳоли орасида коронавирусдан даволаниш ёки профилактика мақсадида антибиотик қабул қилиш ҳоллари учраб турибди. Маълумотларга қараганда, ҳозирда антибиотикларни нотўғри қўллаш натижасида дунёда йилига 700 минг киши вафот этади. Бу коронавирусдан вафот этаётганлардан кам кўрсаткич эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) маълум қилишича, антибиотиклардан фойдаланиш тартибга олинмаса, 2050 йилга бориб йилига 10 миллионга яқин одам вафот этиши мумкин.

“Энг аввал айтиш керак бўлган гап шу: антибиотиклар коронавирусни даволамайди. Чунки антибиотик — бактерияларга қарши восита, вирусга таъсир этмагани етмаганидек, унинг тарқалишига шароит яратиб беради”, дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова. 

Шунингдек, мутахассис антибиотикларни тартибсиз ва рецептсиз қўллашнинг зарари ҳақида ҳам маълумот берган.

“Антибиотикларни рецептсиз ва тартибсиз қабул қилиш организмда чиндан ҳам антибиотикка зарурат туғилганда у таъсир қилмай қолишига олиб келади. Бунинг сабаби организмда антибиотикка нисбатан чидамлилик пайдо бўлган бўлади”, дейди Ибрагимова.

ЖССТ томонидан антибиотикларга нисбатан чидамлилик ва мультичидамлилик атамалари қўлланилади. Чидамлилик фақат бир антибиотикка нисбатан пайдо бўлса, мультичидамлиликда беморга ҳеч қандай антибиотик таъсир қилмай қолади. Бунинг оқибатлари жуда ёмон.

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, коронавирус дастлаб, тарқала бошлаган пайтда одамлар уни шамоллаш деб ўйлаб, антибиотикларни шифокор ретцептисиз ҳам қабул қила бошлашди. Коронавирусга чалинганда антибиотик истеъмол қилинса, касалликка таъсир қилмайди. Чунки унинг сабабчиси бактерия эмас, вирус бўлади. Беморнинг аҳволи оғирлашиб, иммунитет кучсизланади.  

“Агар бемор шундай шароитда инъекцион ва инфузион воситалар билан уйда муолажа олса, оқибати ўлим билан якунланиш хавфи бор. Яна бир гап. Антибиотиклардан палапартиш фойдаланиш тананинг бошқа аъзолари фаолиятига ҳам салбий таъсир этади. Жумладан, инсонда жигар ва буйрак етишмовчилиги бўлса, ушбу воситадан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ўлим ҳолатигача олиб бориши мумкин. Энг ёмон таъсири эса анафилактик шок, яъни аллергик реакция бўлиб, бемор қисқа муддат ичида вафот этади. 

Шу боис, антибиотикларни фақат ва фақат шифокор тавсияси билангина олиш лозим. Акс ҳолда, касалликдан даволанаман, деб ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигига жиддий зарар етказиб қўйишингиз мумкин”, дейди Муҳаббат Ибрагимова.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 233
Рейтинг: 2.9
t
×