Коронавирус хавфи: Корея Президентининг истеъфоси талаб қилиняпти

Жамият 7539
image

Жанубий Кореяда 1 миллиондан ортиқ одам коронавирусга қарши самарали чоралар кўрмагани учун мамлакат Президенти Мун Чжэ Иннинг истеъфога чиқиши талаб қилинган петицияни имзолади. Маҳаллий вақт билан соат 13:00 да давлат раҳбари маъмурияти сайтида жойлаштирилган ҳужжатни 1,017 млн одам имзолаган. Кеча улар 500 мингни ташкил қилаётганди.

Петицияда Мун Чжэ Ин қаттиқ танқид қилинган. Мун Чжэ Ин коронавируснинг Жанубий Кореяга кирмаслиги учун керакли чоралар кўрмагани, кирганидан кейин эса уни тарқалишининг олдини олмагани айтилган.

Февраль бошида эълон қилинган петицияни имзолаганлар сўнгги 2 кунда кўпайиб кетиши, одамларнинг ҳукуматдан норозилиги ортиб кетганини кўрасатади, деб фикр билдирган маҳаллий эксперт.

Айни вақтда Жанубий Корея коронавирус авж олган иккинчи ҳудуд бўлиб турибди. Мамлакатда 1595 нафар одамда коронавирус аниқланган, 13 киши ҳалок бўлган.

Маълумот учун, Кореяда мамлакат Президенти маъмурияти сайтига жойлаштирилган мурожаат 200 мингдан кўп овоз тўпласа, ҳукумат унга муносабат билдиришга мажбур. Мун Чжэ Ин истеъфоси бўйича петиция 4 мартдан кечиктирмасдан кўриб чиқилиши керак.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 48 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия, Ливан, Миср, Эрон, Исроил, Ироқ, Баҳрайн, Афғонистон, Қувайт, Уммон, Бразилия, Хорватия, Швейцария, Австрия, Жазоир, Грузия, Греция, Швейцария, Шимолий Македония, Норвегия ва Руминияда аниқланди.

Коронавирусдан бугунгача 2804 киши ҳалок бўлди, 82 183 киши вирус билан касалланди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 187
Рейтинг: 3
t
×