Коронавирус хавфи: Абхазия ўзбекистонликлар учун “эшиклари”ни ёпди
Олам
−
07 Февраль 2020
10564Абхазия жорий йилнинг 4 февралидан “Псоу” ва “Ингур” назоратдан ўтиш жойлари орқали бешта давлат фуқароларининг киришига вақтинча чеклов ўрнатди.
Чекловлар Тожикистон, Ўзбекистон, Жанубий Корея, Хитой ва Қирғизистон фуқароларига нисбатан жорий этилди. Таъкидлаш керакки, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда коронавирус юқтириш ҳолати қайд этилмади, шунинг учун бундай баёнотни кутилмаган ҳолат дейиш мумкин.
“Бизда Aрманистон ва Жанубий Aфрика мамлакатларидан келган муҳожирлар ҳам бор, аммо уларга чеклов қўймасликка қарор қилдик, чунки у ерда касаллик ўчоқлари топилмади”, дейди расмийлардан бири.
Қайд этилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жорий қилган фавқулодда ҳолат олиб ташланиши билан чекловлар бекор қилинади.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.
Вирусдан ҳалок бўлганлар сони 638 нафарга, у билан касалланганлар сони 31 481 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь