Коронавирус бўйича янги антирекорд қайд этилди 

Олам 12661
image

Сўнгги бир ҳафта ичида дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 3,6 миллионга ошди. Бу пандемия бошланганидан бери энг юқори кўрсаткичдир. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кеча, 10 ноябрь куни Женевада маълум қилган. 

Коронавирусдан вафот этганлар сони эса ўтган ҳафтада 54 мингдан ошган. Бу бир ҳафта олдинги кўрсаткичдан 9 мингтага кўпдир. 

"Сўнгги бир ҳафта ичида COVID-19 билан касалланганларнинг умумий сони ўтган ҳафтага нисбатан 8 фоизга ўсиб, 3,6 миллиондан ошди", дейилган ЖССТ ахборотномасида. 

Таъкидланишича, бир ҳафта ичида кузатилган янги ҳолатларнинг энг катта қисми Европа минтақасига тўғри келган. 

Сўнгги бир ҳафтада коронавирус юқтириб олганларнинг ярмидан кўпи (54 фоизи) ва вафот этганларнинг деярли ярми (47 фоизи) айнан Европада қайд этилган.

Етти кун ичида ўсиш бўйича бундан олдинги рекорд 26 октябрдан 1 ноябргача қайд этилган. Ўша ҳафтада 3,3 миллиондан ортиқ коронавирус билан боғлиқ ҳолат аниқланган. 

Аввалроқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Мелита Вуйнович яқин бир неча ой ичида дунёдаги коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳолат, айниқса Шимолий яримшарда кескинлашиши ҳақида айтганди.

Маълумот учун, дунёда коронавирусга чалинганлар 52 миллиондан ошган. 1,2 миллиондан кўп бемор вирус қурбони бўлган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 374
Рейтинг: 3
t
×