Коронавирус бўйича статистика ёлғонми? ССВ изоҳ берди

Жамият

image

Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш бўйича нотўғри статистика юритилмаган. Гап шундаки, фақат махсус лаборатор текширув тасдиқлаган беморгина Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий статистикасига киритилган. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев QALAMPIR.UZ уюштирган “Corona марафони” доирасида берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Ҳақиқатан ҳам оҳирги бир йил ичида интернет сайтлар, ижтимоий тармоқлар ҳамда блогерлар ўртасида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий статистикаси энг кўп баҳсга сабаб бўлди. Махсус лаборатор текширув тасдиқланган беморгина Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий статистикасига киритилади”, дейди Фурқат Санаев.

Вазирлик вакилининг таъкидлашича, ўлим ҳолатини қайд этишда ҳам халқаро талаблар инобатга олинган қонун-қоида бор. 

“Демак, бемор коронавирусга чалиниши, шу билан бирга унда сурункали касаллик ҳам бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда бемор вафот этса, ўлимга коронавирус сабаб бўлганини аниқлаш учун патологоанатомик текширув ўтказилади. Текширув натижаси ўлимга коронавирус сабаб бўлганини тасдиқласа, расмий статистикага киритилади. Кўп ҳолатларда бемор вирус билан оғрийди ва 10-12 кунда ундан фориғ бўлади, бироқ 17-18-кунда бемор ўзининг касаллиги билан вафот этади. Бундай вазиятларда юқоридаги каби текширув ўтказилади ва кўп ҳолатларда ўлимга коронавирус сабаб бўлмайди”, дейди у.

Фурқат Санаев шунингдек, Президент Матбуот хизмати ва ССВ Ахборот хизмати берган коронавирус статистикаси бўйича маълумотнинг икки хиллиги келтириб чиқарган баҳсларга ҳам тўхталиб ўтди.

“Тўғри шундай ҳолат юз берди. Фақат Президент Матбуот хизмати берган статистикада шифохонада ётган умумий беморларнинг сони акс этган. Унинг ичида коронавирусга гумон қилинганлардан ташқари пневмонияга гумон қилинган ва у билан оғриганлар ҳамда ўткир респиратор касаллигига чалинганлар ҳам бўлган. Лекин ССВ Матбуот хизмати берган статистикага фақат лаборатор текширувда тасдиқланган коронавирус билан оғриш ҳолатлари киритилган”, дейди Фурқат Санаев.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

475

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг