Коронавирус билан туғилган гўдак дориларсиз тузалиб кетди

Олам 5865
image

COVID-19 коронавируси ўчоғи Хитойнинг Ухань шаҳрида 17 кунлик гўдак вирусни бутунлай енгди. Бунинг учун у ҳеч қандай дори қабул қилмади, деб хабар бермоқда “Publisher” нашри.

Чақалоқ Сяо Сяо туғилганидан кейин Ухань болалар шифохонасига ўтказилган. У ерда унга COVID-19 ташхис қўйилган. Унда респиратор инфекция ва юракнинг лат ейиши аниқланган. Аммо Сяода вирус аломатлари сезиларли бўлмаган. Шунинг учун шифокорлар чақалоқ организми касалликка қарши мустақил курашиши учун қўйиб беришган.

Болалар шифохонасининг неонатология бўлими шифокори Цзэн Линконг гўдакда нафас олиш билан боғлиқ қийинчилик ва йўтал бўлмаганини, шунинг учун унинг юрагини назоратга олишганини айтган.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 41 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия, Ливан, Миср, Эрон, Исроил, Ироқ, Баҳрайн, Афғонистон, Қувайт, Уммон, Бразилия, Хорватия, Швейцария, Австрия ва Жазоирда аниқланди.

Коронавирус қурбонлари сони 2771 нафарга, касалланганлар 80 997 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.

Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 98
Рейтинг: 3
Теглар
t
×