Коронавирус билан 3 йил. Яшашнинг қадрига етдик
Таҳлил
−
15 Март 2023
7002Бугун, 15 март. Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланганига 3 йил тўлди. Аксариятимиз аллақачон ушбу касалликни бошдан кечириб, ундан даволаниб, ҳаётни янгидан бошладик. Нафас олишнинг ўзи энг катта бахт эканини виждонан тан олдик, ҳис қилдик. Кўпларимиз яқинларимизни бой бердик. На мансаб, на шуҳрат ва на бойлик тождор душман олдида кучсиз эканини билдик. Ва яна 3 йилда ўзимизни янада озода сақлашга, гигиенага риоя қилишга, шифокорлар маслаҳатларига қулоқ тутишга, тўғри овқатланиш, зарарли одатларни тарк этиш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилишга, вирусларга тўла ҳаётда уларга енгилмай яшашни ўргандик.
Роппа-роса уч йил муқаддам айни шу куни Республика вирусология илмий-текшириш институти лабораториясида Ўзбекистонда коронавирус билан зарарланган илк бемор аниқланди.
Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова ўша кунларни шундай эслайди:
“15 март куни соат учда менга қўнғироқ қилишди, фуқаролардан бирида COVID-19 аниқланди, деб. Шундан сўнг эрталаб соат олтигача ухлолмадим, "энди нима бўлади, нима қиламиз", деган саволлар тинчлик бермаган. Эрталаб, соат олтида уйдан чиқиб кетаётганимда болаларим ухлаётганди, дам олиш куни эди. Хаёлимга ҳам келмаганки, шу кетганча ишхонада беш ярим ой қолиб кетаман, деб. 2020 йил апрелда набираларимдан бири 9 ёшга кирди, бора олмадим. Нега ишга келаётган куним тўйиб бағримга босмадим, эркаламадим, деб афсусланганман. Ишхонамиз қаттиқ қўриқланарди, ташқаридан ҳеч ким киритилмасди, 5 метр наридан яқинларимни кўраман, қўл силкийман, аниқ кўра олмайман, фақат телефонда гаплашамиз.
Бошида ташкилий масалада анча қийинчиликлар бўлди. Бир кун ичида вазирлик ёрдамида керакли аппаратлар олиб келинган. Уч соат ичида клиникада даволанаётган бошқа беморларни уйига жўнатганмиз.
Ўша куннинг ўзида яна бошқаларда ҳам вирус аниқлана бошлади, яъни соат 14:00 ларда Англиядан келган икки нафар фуқарода инфекция тасдиқланди. Кейин Туркиядан қайтган беморда, сўнг бошқасида, қарабсизки, хасталик аниқланганлар сони орта бошлади”.
Ўзбекистон ҳукумати, хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўша пайтда кўрилган чора-тадбирлар вазиятни ўз вақтида жиловлашга жуда катта ёрдам берди. Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди. Бунинг учун бюджетдан зарур маблағлар ажратилди.
Ўзбекистон ва COVID-19
Коронавирус инфекциясининг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида изчил чора-тадбирлар кўрилди. Аввало, Республика махсус комиссияси тузилиб, унга халқаро экспертлар жалб этилди. Улар штаб мутахассислари билан биргаликда мамлакатимизда ушбу соҳага ихтисослашган даволаш муассасаларидаги тиббиёт ходимларига ҳам консультатив ёрдам кўрсатди.
Давлат чегараларидаги 53 та санитария-карантин пунктига қўшимча врачлар, тепловизор ва контактсиз термометрлар, шахсий ҳимоя воситалари ажратилди. Ушбу пунктлардан ўтаётган ҳар бир фуқаронинг яшаш жойи бўйича маълумотлар олиниб, бирламчи тиббиёт муассасалари томонидан улар устидан 14 кунлик тиббий кузатув йўлга қўйилди.
Мамлакатга кириб келаётган минглаб фуқаролар тиббий кузатувга олиниб, касаллик аломатлари йўқлигига ишонч ҳосил қилингачгина назоратдан чиқарилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан туну кун ишловчи 1003 қисқа рақамли Call-марказ ишга туширилди. У орқали коронавирус инфекцияси билан боғлиқ саволларга мутахассислардан тиббий асосланган жавоблар ва тавсиялар бериб борилди.
Карантиндаги Ўзбекистон
Ўзбекистон ҳудудида 2020 йил 24 март соат 00:01 дан бошлаб коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб (карантин) жорий этилди.
Хорижий давлатлардан 20 та чартер рейс орқали 6 минг, темир йўл ва чегара постлари орқали 10 минг нафар фуқаромиз олиб келингани ҳақида хабар берилди.
Уларнинг барчаси 160 та манзилга жойлаштирилиб, карантинга олинди. Тажрибали шифокорлардан иборат махсус штаб тузилиб, ҳар бир беморни даволашда 24 соатлик онлайн маслаҳат бериш йўлга қўйилди. Хитой ва Жанубий Кореядан вирусологлар таклиф қилинди. Россия, АҚШ, Германия, Япония, Туркия каби қатор давлатлар мутахассислари билан ҳам доимий телемедицина алоқалари ўрнатилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда “COVID-19 бўйича миллий қўлланма” яратилиши ўзбек шифокорлари учун касалликка қарши курашда дастуриламал бўлиб хизмат қилди.
Коронавируснинг “хонакилашиши”
Касалликнинг ривожланиш динамикасига қараб карантин чекловлари гоҳ юмшатилиб, гоҳ кучайтириб борилди. Шу муносабат билан моддий даромад манбаини йўқотган, ишсиз ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар белгиланди.
Июль ойида касалланиш ҳаддан ортиқ кучайиши сабаб шифохоналарга жуда оғир босим бўлди. Аммо вируснинг юқиш даражаси ҳаммада ҳар хил эди. Шу сабабдан ҳам айрим беморларни уй шароитида даволашга ўтказиш орқали тиббиёт муассасаларидаги юкламани анча енгиллаштириш мумкин эди.
Аммо беморларни уйда даволаш учун бирор йўриқномага эҳтиёж сезиларди. Шу сабабдан ҳам Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи асосида COVID-19нинг аломатсиз шакли билан касалланганларни уй шароитида даволаш ва эпидемиологик суриштирув ўтказиш тартиби белгиланди.
Республика махсус комиссияси йиғилишида уйида муолажа олаётган коронавирусга чалинган беморларни бепул дори-дармонлар билан таъминлаш юзасидан қарор қабул қилиниб, уларга етказиб бериладиган препаратлар рўйхати тасдиқланди. Шунингдек, юртимизда нодавлат тиббиёт ташкилотларига пуллик асосда COVID-19 инфекциясини аниқлаш ҳамда ўз шифохонасида даволашга расмий рухсат берилди.
Шу тарзда бутун Ўзбекистон тиббиёти “тождор офат”га қарши бир ёқадан бош чиқариб курашга кирди.
Қаҳрамонлик эътирофи
Президент Шавкат Мирзиёев “Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди.
Ушбу ҳужжат орқали пандемия даврида қасамёдига содиқ қолиб, миллат саломатлиги учун курашган тиббиёт ходимларининг бир гуруҳи юксак мукофотлар билан тақдирланди. Улар орасида вирусга қарши жангда қурбон бўлган фидойи шифокор ва ҳамширалар ҳам бор эди.
Коронавирус билан қарши олинган илк янги йил!
Ўзбекистонда пандемия бошлангандан бери коронавирусга қарши курашиш учун ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари умумий қиймати 85 049,3 минг АҚШ долларига тенг тиббиёт жиҳозлари билан таъминланди. Шунингдек, беморларни даволашга ихтисослашган махсус шифохона ва карантин мажмуалари ҳамда замонавий лабораторияларни бунёд этиш учун 965 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб, қисқа муддатда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда барча шароитларга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилиб, улар зарур дори-дармон, ҳимоя, энг замонавий диагностика ва даволаш воситалари билан таъминланди. Қайд этиш жоизки, пандемияга қарши курашиш учун 200 минг нафардан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, 150 нафар чет эллик юқори малакали мутахассис жалб қилинди.
Пандемияга қарши кураш ишлари учун 2021 йилги давлат бюджетидан 3 триллион сўмлик захира шакллантирилиб, ушбу маблағлар ҳисобидан эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилди.
COVID-19га қарши курашда Ўзбекистон тажрибаси
COVID-19 га қарши курашда тиббиёти ривожланган айрим давлатлар ҳам беморлар учун ўрин-жой етишмаслигидан бир муддат саросимада қолганини кўрдик. Ўзбекистон бу пайтда ўзига хос алоҳида муассаса қуришни бошлаб юборган эди. Зангиота туманидаги махсус шифохона лойиҳасининг умумий қиймати 504 миллиард сўм бўлиб, 33 гектарда 2 та замонавий комплекс қад кўтарди. Бунда юқумли касалликлар хусусияти ва энг сўнгги тиббиёт талаблари инобатга олинди. Муассаса 2 минг ўринга мўлжалланган бўлса-да, уни 4 минг ўрингача трансформация қилиш имконияти бор эди.
“Айтиш лозимки, пандемия давомида мазкур тиббиёт муассасалари халқимиз саломатлигини асраш, хусусан, COVID-19 га чалинган оғир аҳволдаги беморларни даволаш, уларга тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, бу орқали инфекциянинг аҳоли орасида кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик бўйича юртимиздаги асосий шифо масканларига айланди. Марказимиз тўлиқ қувватда ишга тушгач, қатор тиббиёт муассасалари ўз йўналиши бўйича одатий тартибда фаолиятини давом эттира бошлади”, дейди Зангиота туманидаги 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов.
Вакцинация!
Вирусга қарши курашда энг асосий омил, шубҳасиз, вакцинациядир. Пандемия авж олган даврларда Ўзбекистон аҳолиси учун вакцина етказиб берилиши катта муаммолардан бири бўлиб турган эди. Кейинчалик халқаро ташкилотлар кўмаги, ҳукуматимизнинг бу масалага жиддий эътибори натижасида юртимизга олиб келинадиган коронавирусга қарши вакциналар тури ва дозаси ортиб борди. Ҳатто Хитойда яратилган янги турдаги препарат синовларида муваффақиятли иштирок этгани учун Ўзбекистон ушбу воситанинг ҳаммуаллифига айланди.
Кейинчалик бир неча турдаги эмдорилар юртимизда ишлаб чиқарилишига ҳам эришилди.
Шу пайтгача мамлакатда COVID-19 га қарши AstraZeneca, ZF-UZ-VAC2001, Sputnik-V, Moderna, Pfizer-BioNTech, Sinovac, Sputnik Light, Johnson&Johnson вакциналаридан фойдаланилди.
Бугунгача Ўзбекистон фуқаролари 75 миллион доза вакцина билан эмланди. Айни пайтда биринчи дозани олиш кўрсаткичи эмланиши режалаштирилган қатламга нисбатан 100 фоизни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари, кўплаб фуқаролар 24 миллиондан ортиқ бустер доза қабул қилган.
Коронавирусли ҳаёт
COVID-19 вируси ҳали ҳам орамизда. Бундай инфекцияларга дунёмизни топшириб қўймаслик учун инсоният табиат билан муроса қилиб яшашга, ўз саломатлигига бефарқ бўлмасликка, илм-фандан фақат одамлар саломатлигини сақлашда фойдаланишга, тиббиётни тўғри йўналишда ривожлантиришга мажбур.
Коронавирусни “бетон тўсиқлар” билан тўхтатиб бўлмаслигини аччиқ сабоқлар орқали англадик. Шунга қарамай, Президентимизнинг тиббиёт соҳасидаги оқилона сиёсати, давлат томонидан фавқулодда вазиятларда эҳтиёт чоралари самарали ташкил этилгани, шифокорлар фидойилиги, вакцинация тадбирлари ўз вақтида йўлга қўйилгани, одамларнинг соғлом турмуш тарзига амал қилиши орқалигина бундай инфекцияларга ғов бўлиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилдик!
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15