Коронавирус аслида биологик қурол эканлиги ростми?

Жамият 25023
image

Янги коронавирус илк бор Хитойда аниқлангани ва унинг дунёга тарқалиш маркази бўлгани учун вируснинг пайдо бўлиши ҳақида турли тахминлар пайдо бўлди. Баъзилар уни хитоликларнинг ўзи ихтиро қилган деса, бошқалар вирус тадқиқот учун яратилган ва лабораториядан тасодифан чиқиб кетган дейди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков брифингда фуқаролар саволларига жавоб бераётганда вирус Хитойнинг бактериологик қуроли экани ҳақидаги тахминларга ўз фикрини билдириб ўтди.

“Расмий версия қуйидагича: янги вирус тарқалишининг манбаси тахминан Ухандаги денгиз маҳсулотлари, шунингдек, ёввойи ва экзотик ҳайвонлар (бўри, тулки, илонлар, кўршапалак ва ҳоказо) гўшти савдоси билан шуғуллланадиган шаҳар бозори ҳисобланади.

Табиатда айнан кўршапалаклар коронавирус инфекциясининг асосий ташувчиси ҳисобланади.

Фикримча, коронавирус Хитой биологик қуроли эмас, чунки айнан Хитой ўз вақтида ушбу пандемиядан ўта жиддий азият чеккан”, деди Отабеков.

Эслатиб ўтамиз, Хитойда коронавирус 2019 йилнинг ноябрь ойи ўрталарида тарқала бошлаган. Декабрь охирида ҳукумат расман эпидемия бошланганини маълум қилган. Январь-март ойлари давомида вирус бутун дунёга тарқалиб кетди. Хитойда эпидемиологик вазият март ойи охирларида яхшиланди. Мамлакатда карантин чекловлари бекор қилинган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1270
Рейтинг: 2.9
t
×