Корейс тузининг – фойдали ва зарарли томонлари
Бу қизиқ
−
24 Май 2019
12221Кўпчилик пазанда бекалар турли салат ва газаклар хуштаъм бўлиши учун корейс тузидан фойдаланишади. Корейс тузи таомга ўзгача маза киритиши рост. Аммо бизга бироз нотаниш бу маҳсулот, унинг таркиби ва хусусиятлари ҳақида нималарни биламиз
Биз корейс тузи, деб атайдиган рангсиз майда кристаллсимон кукун, аслида, хитой ошхонасига тааллуқли. Хитойликлар уни оддий туз билан бир қаторда деярли барча тоамларга қўшишади. Хитой таомлари айнан шу туз туфайли ўткир таъм ва ҳидга эга.
Умуман олганда, бу кукунни туз дейиш қийин. Таркибига кўра, у глутомат натрий номли аминокислоталар тўпламидан иборат. Ушбу модда таъм ва ҳидни ўткирлаштириш хусусиятига эга. Унинг табида барча мева- сабзавотлар, тоза ва сифатли гўшт, балиқ маҳсулотларида учрайди, аммо тез парчаланиб кетади. Худди шу модда туфайли янги узилган мева - сабзавотларнинг мазаси ва ифори ўзгача бўлади.
Ҳозирги кунда глутомат натрийни сунъий йўл билан етиштириш йўлга қўйилган. Бунда шакарқамиш ёки қанд лавлагидан фойдаланилади. Ва кукун ҳолидаги глутомат натрийни биз корейс тузи сифатида биламиз.
Сунъий йўл билан олинган глутомат натрий таъмни ўткирлаштириш ва маҳсулот таркибини сақлай олиш хусусиятлари билан озиқ-овқат саноатида аллақачон ўз ўрнини топган. Ундан маҳсулотларнинг салбий хусусиятини беркитиб, таъми ва ҳидини ўткирлаштириш, узоқ вақт сақлашда фойдаланилади. Глутомат натрий озуқавий қўшимча ва консервант ҳисобланади. Шу сабаб дудланган гўшт, колбаса, сосиска ва консерва маҳсулотлари ўзининг ёқимли таъми ва ҳидини йўқотмайди. Глутомат натрий Е621 кўринишида рақамланган бўлиб, маҳсулот таркиби кўрсатилган ёрлиқда озуқавий қўшимча сифатида рўйхатга киритилади.
Корейс тузи тилнинг таъм билиш рецепторларига бевосита таъсир кўрсатиб, таъм фарқлай олиш хусусиятини оширади. Аммо мунтазам қабул қилинганда ўрганиб қолиш ҳолатини келтириб чиқариши ҳам бор гап. Яъни, ҳар сафар организм шу моддани янада кўпроқ талаб қила бошлайди. Фаст-фуд ва яримтайёр маҳсулотлар кишини ўзига тортиши бежиз эмас. Узоқ вақт давомида корейс тузини истеъмол қилганлар учун оддий таомлар ёқимсиз ва бемаза туйила бошлаши ҳам шундан.
Бундан ташқари, корейс тузи давомли равишда истеъмол қилинганда асаб тизимига салбий таъсир кўрсатиши, ҳазм органларининг шиллиқ қаватини яллиғлантириши, ошқозон ярасига сабаб бўлиши, гормонал ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Натижада ортиқча вазн муаммоси, кўриш қобилиятининг пасайиши, қандли диабет юзага келиши эҳтимоли бор.
Афсуски, баъзи ишлаб чиқарувчилар арзон ва сифатсиз маҳсулотларни харидоргир қилиш мақсадида глутомат натрийдан меъёрдан ортиқ фойдаланишади. Уларни истеъмол қилиш юқорида санаб ўтилган салбий оқибатлар, бундан ташқари, ортиқча вазн ва аллергик касалликларга олиб келиши, сурункали хасталикларни авж олдириши мумкин.
Ёш болалар, ҳомиладор аёллар, кексалар, сурункали хасталиги бор кишилар корейс тузи ва юқорида саналган маҳсулотларни жуда ҳам кам истеъмол қилишлари керак.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15