Корея Президенти халқдан узр сўради
Олам
−
11 Август 2022
13568Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль кеча, 10 август куни халқидан жорий ҳафтадаги кучли ёмғирлар етказган зарар учун узр сўради. Бу ҳақда “Yonhap” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Кореяда метеорологик кузатувлар натижасида 80 йил ичидаги энг кучли ёғингарчилик кузатилиб, у уч кун давом этган. Йўллар, Сеулдаги айрим метро станциялари ва унинг атрофидаги биноларни сув босган. Ноқулай об-ҳаво туфайли камида 16 киши ҳалок бўлган, 17 киши жароҳатланган, яна етти киши бедарак йўқолган.
Шу муносабат билан Сеул ва унинг атрофидаги ҳудудларда сув тошқини оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат йиғилиши ўтказилган. Йиғилишда Президент ўз фуқароларини ҳимоя қилиш бўйича “чексиз масъулияти”ни таъкидлаб, барча ҳукумат амалдорлари бу бурчни ёдда тутишларини исташини айтган. Мамлакат раҳбари аввалги тажрибасидан келиб чиқиб, бундай ҳолатларга энди жавоб беришнинг иложи бўлмаслигини қўшимча қилган.
“Жабрланганлар учун ибодат қиламан ва Ҳукумат номидан табиий офатдан жабр кўрган одамлардан узр сўрайман”, деган Президент.
Шунингдек, Юн Сок Ёль Ҳукуматни аҳоли тезда кундалик ҳаётга қайтиши учун ҳамма нарсани қилишга чақирган.
“Yonhap” маълумотларига кўра, Сеул ва унинг атрофида кучли ёмғирлар оқибатида жами 2676 та уй ҳамда биноларни сув босган. Хавфсизлик мақсадида пойтахтда 570 га яқин киши маҳаллий мактаблар ва спорт залларига кўчирилган, қолган 1253 киши эса вақтинча эвакуация қилинган.