Контрактни стипендиясиз шаклда тўлаш қандай бўлади?

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан олий таълим муассасалари талабаларига контракт пулини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш имконияти берилди. Бироқ бу жараёни қай тартибда амалга оширилиши масаласи очиқ қолди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров, Исломжон Зокиров, Бекзод Артиков шу масала юзасидан ҳаммуаллифликдаги мақоласини эълон қилди. Қуйида мақола матни тўлиқ келтирилади.

Бундан бир йилча аввал, ижтимоий тармоқлар орқали тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун контракт тўловларини тўлашда маълум қулайликлар яратиш мақсадида уларга ўз хоҳишларига кўра стипендиялардан (ёки унинг бир қисмидан) воз кечиш ҳисобига йиллик олинадиган стипендия миқдорига мос равишда камайтирилган тўлов-контракт пулини тўлаш ҳуқуқини бериш бўйича таклифлар жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган эди ва бу қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 17 июндаги №ПҚ-4359 сонли қарорида жумладан, тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча босқич талабаларига, ўз хоҳишларига кўра тўлов-контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш ҳуқуқи берилиши белгилаб қўйилди.

Бироқ, ҳозирги кунгача тўлов-контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш тартиби қандай бўлиши ҳақидаги якуний хулосалар эълон қилинганича йўқ.

Бошқача айтганда, тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун тўлов-контракт қийматини стипендиясиз шаклда тўлашда барча учун бир хил миқдор белгиланиб, ана шу миқдорнигина чегириб ташлаган ҳолда контракт тўланадими ёки ҳар бир талаба учун семестр якунига кўра унга тайинланган стипендия миқдоридан келиб чиқиб чегирмалар белгиланадими?

Бизнингча, агар тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун тўлов-контракт қийматини стипендиясиз шаклда тўлашда барча учун бир хил миқдор белгиланиб, ана шу миқдорнигина чегириб ташлаган ҳолда контракт тўлаш ҳуқуқи бериладиган бўлса, у ҳолда ушбу ҳуқуқдан фойдаланишни ҳоҳлаган талабалар учун семестр якунидаги ўзлаштириш кўрсаткичининг ҳеч қандай аҳамияти қолмайди.

Бошқача айтганда, бундай тартиб жорий этилса, тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар икки хил тоифага ажралиб қолади:

Биринчи тоифа талабалар бу - тўлов-контракт қийматини стипендияли шаклда тўлашни танлаган талабалар бўлиб, уларнинг фанлардан юқори баҳо олишга интилишлари мос равишда табақалаштирилган стипендия тайинланиши орқали рағбатлантирилиб борилади.

Иккинчи тоифа талабалар эса - тўлов-контракт қийматини стипендиясиз шаклда тўлашни танлаган талабалар бўлиб, улар учун фанлардан юқори баҳо олишни рағбатлантирувчи асосий омил қолмайди ва шунинг учун уларнинг аксарияти “уч” баҳо билан кифояланиб қўяверишлари мумкин.

Шунингдек, аъло баҳоларга ўқиётган талабалар икки хил қийин танлов қаршисида қоладилар: юқори баҳога интилмасдан тўлов-контракт қийматини стипендиясиз шаклда осонроқ тўлаш танлови ёки қийинчилик билан бўлсада тўлов-контракт қийматини стипендияли шаклда тўлашни танлаб, семестр давомида юқори баҳони қўлга киритиш танлови.

Умуман айтганда, агар олий таълим тизимида стипендия тўлаш сақланиб қоладиган бўлса, албатта, бу стипендиялар талабаларга уларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларига қараб белгиланиши зарур. Бундай тартиб стипендия маблағларининг самарали ишлатилишига ҳам олиб келади.

“Таълим тўғрисида”ги қонунда билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш принципи таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари сифатида белгиланган. Шунинг учун, олий таълим муассасаларидаги ҳозирда мавжуд табақалаштирилган стипендия тўлаш тизими талабаларнинг юқори даражада фанларни ўзлаштиришларида ва чуқур билим олишларида улар учун муҳим рағбатлантирувчи асосий омил бўлаётганлигини ҳам эътироф этиш зарур.

Агар барча тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун бир хил миқдор белгиланиб, ўша миқдордан келиб чиқиб тўлов-контракт пулини камроқ тўлаш тартиби жорий этиладиган бўлса, олий таълим муассасаларидаги 70-80 фоизни ташкил этувчи тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларнинг юқори билим ва баҳо олишини рағбатлантирувчи энг муҳим таъсир кучини қўлдан бой берилган бўлади.

Гарчи бу каби янгича тартиб талаба ва ўқитувчилар ўртасидаги тамагирлик ҳолатларини кўпайишига олиб келади деб ҳисоблайдиганлар бўлсада, бироқ, биринчидан, бундай ноқонуний ҳолатлар аввалдан бор. Иккинчидан, барча ўқитувчилар ва талабалар ҳам бу каби ноқонуний ишларга қўл урмайди. Учинчидан, бу каби ноқонуний ҳолатларга қарши мавжуд ижобий натижа берадиган тартиблардан воз кечиш эвазига эмас, балки назоратни кучайтириш ва жавобгарликни ошириш каби воситалар билан курашилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 17 июндаги №ПҚ-4359 сонли қарорининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳасида “тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча босқич талабалари стипендиялардан воз кечиш ҳисобига йиллик олинадиган стипендия миқдорига мос равишда камайтирилган тўлов-контракт пулини тўлаш ҳуқуқи эга бўлади”, деб ёзилган эди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча босқич талабаларига тўлов-контракт пулини, айнан, ҳар бир талабанинг йиллик олинадиган стипендия миқдорига мос равишда камайтирилган ҳолда тўлаш ҳуқуқи берилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.


Мақола муаллифи

Теглар

депутат контракт

Баҳолаганлар

92

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг