Конституция ўзгармаса, Эрдўған яна Президент бўлолмайдими?

Олам 5078
image

Туркияда ҳам мамлакатнинг охирги 40 йилда амалда бўлиб келаётган Конституциясини ўзгартириш масаласи кун тартибига чиққан. Ушбу мавзу ҳақида кеча, 1 сентябрь куни мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркия Олий судидаги нутқида гапирди

Эрдўғаннинг қайд этишича, Туркиядаги деярли барча Конституциялар – фавқулодда даврлар маҳсули. Бу узоқ вақтдан бери тилга олинаётган муаммо эканлини ифода этган Президент, жорий Конституциянинг ҳам 1980 йилдаги давлат тўнтаришидан кейин тайёрланиб, кучга кирганини эслатди.

“1982 йилги Конституцияда биздан олдинги ҳукуматлар ҳам, биз ҳам жуда кўп туб ўзгаришлар қилган бўлсак-да, бизда мавжуд бўлган материаллар тўнтариш даври маҳсули эканини рад этолмаймиз. Шу сабабдан биз бир неча бор сиёсий партияларни янги Конституция тайёрлашга чақирдик. Баъзан кучсиз бўлса-да, бу йўналишда Ассамблея доирасида қандайдир қадамлар ташланди. Бошқа сиёсий партиялар билан келиша олмаганимиз учун Ассамблеядаги ҳаракатларимиз ҳеч қандай натижа бермади. Шунга қарамай, биз ҳаракатимизни давом эттирдик. Президентлик бошқарув тизимига ўтганимиздан сўнг биз янги қадам ташладик”, дейди Президент Эрдўған.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ўтган йили унинг раҳбарлигидаги “Адолат ва тараққиёт” партияси сиёсий партияларни мамлакатнинг янги Конституциясини қабул қилишга чақирган ва музокаралар учун асос бўлган лойиҳани тайёрлаган. Бироқ, бу ҳаракат ва чақирувлар жавобсиз қолган, бошқа партиялардан Конституциянинг аниқ лойиҳаси олинмаган. 

“Биз ҳалигача мамлакатимизга инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигига асосланган янги фуқаролик, демократик ва эркин Конституцияни олиб кела олмадик. Лекин биз умидимизни йўқотмадик, йўқотмаяпмиз. Умид қиламизки, янги Конституция ишини сиёсат муҳити бундай қадам учун мос бўлганда яна бошлашимиз мумкин”, дейди Президент.

Туркияда мамлакат Конституциясини ўзгартириш бир неча йиллардан буён катта муҳокамалар ва тортишувларга сабаб бўлиб келмоқда. Янги Конституция ташаббускори, лойиҳа муаллифи Эрдўған ва унинг иқтидордаги “Адолат ва тараққиёт” партияси. Бошқа томондан мамлакат Конституциясини ўзгартириш Эрдўған айтганчалик давлат тўнтариши асоратларидан воз кечиш эмас, мамлакатнинг амалдаги раҳбарига яна бир бор сайланиш имкониятини яратиш сифатида баҳоланмоқда. 

Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакат бошқарувига 2003 йилда йилда келди. У “Адолат ва тараққиёт” партиясидан мамлакат Бош вазирлигига сайланди. Ўша вақтда давлатни Бош вазир бошқарар эди. 2014 йилга келиб, Эрдўған Президент лавозимини эгаллади. 2018 йилда Бош вазир лавозими тугатилди ва республика бошқаруви тўлиқ Президент қўлига ўтди. 

Туркиянинг амалдаги Конституциясига кўра, Президент 5 йил муддатгa энг кўпи билан икки марта сайланиши мумкин. Эрдўған эса 2014 йилда ва 2018 йилда (муддатидан аввал) ўтказилган президентлик сайловларида номзод бўлиб, ғалаба қозонган. Амалдаги Конституцияга кўра, унинг такроран сайланиш ҳуқуқи йўқ. Туркия навбатдаги президентлик сайлови эса 2023 йил 18 июнь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган. 

Мухолифат бўлмаган сиёсатчиларга кўра, Туркияда бошқарув шакли “президентлик бошқаруви”га ўтказилгани учун ҳам Эрдўғаннинг яна сайловда қатнашиш ҳуқуқи бор ва ушбу муддат унинг иккинчи муддати сифатида баҳоланиши лозим.

Фарангиз Салимова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 112
Рейтинг: 3
t
×