“Кондаги бахтсиз ҳодисалар “одатий ҳол”. Эрдўған мухолифат танқиди остида қолди
Олам
−
17 Октябрь 2022
4255Туркия Президенти яқинда содир бўлган портлашда 41 кончининг ҳалок бўлишини “тақдир” билан боғлагани ва бундай бахтсиз ҳодисалар “одатий ҳол” эканини айтгани учун танқид қилинди. Бу ҳақда BBС ёзмоқда.
Аҳолининг аксар қисми Туркия шимолидаги ҳалокатни “қатлиом” деб таърифлаётган бир пайтда, Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг “таъсирли гаплари” мухолиф партия бошқарувидаги Истанбулда норозиликларга сабаб бўлди.
Қора денгиздаги муассасада 14 октябрь куни содир бўлган портлашда ҳам 28 киши жароҳат олган. Бу ҳақда Эрдўған 15 октябрь куни Бартин вилоятига ташрифи чоғида айтган.
“Биз тақдир режасига ишонадиган одамлармиз. Бундай бахтсиз ҳодисалар ҳар доим бўлади, биз буни тўғри тушунишимиз керак”, деди у журналистларга.
Аммо бу изоҳ кўпчиликни ғазаблантирди. Мухолифат етакчиси Камол Қиличдорўғли “Биз қайси асрда яшаяпмиз? Нега кондаги авариялар фақат Туркияда содир бўлади?” каби саволлар билан истеҳзо қилди.
Туркия муҳандислар ва архитекторлар палаталари иттифоқи раҳбари Эмин Корамаз, портлашнинг бахтсиз ҳодиса сифатида баҳоланиши ҳақидаги фикрни рад этиб, “керакли эҳтиёт чоралари кўрилмагани, текширилмасдан, хавфсиз шароит яратмасдан, кончилар юздан ошиқ метрдаги чуқурликка жўнатилганини даъво қилган.
Портлашнинг аниқ сабаблари ҳозирча маълум эмас. Расмийларнинг билдиришича, Туркия прокуратураси портлаш сабабларини текширишга киришган, дастлабки хулосаларга кўра, портлаш кўмир конларида портловчи аралашма ҳосил қилган метанга реакция берувчи олов намлиги сабаб бўлган.
Макараси қишлоғида акасининг дафн маросимида Эрдўғанга дуч келиб, ўзини йиғидан тўхтатолмаган аёл шундай деди:
"Жаноб Президент, акам олдиндан шундай бўлишини биларди: 10-15 кун олдин газ сизиб чиқаётганини айтган эди. “Яқинда бизни портлатиб юборишади”, деган эди. Нега бу бепарволик?”
Agence France-Presse ахборот агентлиги хабарига кўра, бир лаҳзалик сукутдан сўнг, Туркия Президенти шундай деган:
“Катта йўқотиш учун афсусдаман, Аллоҳ сабр берсин”.
14 октябрь кунги портлаш пайтида шахтада 110 га яқин одам бўлган, уларнинг деярли ярми 300 м (984 фут) чуқурликда эди. Шахтада ишлаётганлардан 58 нафари қутқарилган.
Таъкидлаш керакки, Туркия 2014 йилда кўмир қазиб олишдаги энг ҳалокатли фалокатга гувоҳ бўлган, ўшанда ғарбий Сома шаҳридаги портлаш оқибатида 301 киши ҳалок бўлган эди.
Мусулмон Зиё
LiveБарчаси